Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Олис қишлоқларда истиқлол шукуҳи
2017-08-21
Сурхондарё вилоятида мустақиллигимизнинг 26 йиллик байрами олдидан “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида ташкил этилаётган маданий-маърифий тадбирлар олис тоғли қишлоқларда ҳам юксак савияда ўтказилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 27 июндаги "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида ташкил этилаётган тадбирларда таниқли шоир-ёзувчилар, олимлар, санъаткор ва спортчилардан иборат тарғибот гуруҳлари мустақиллик йилларида халқимиз эришаётган улкан ютуқ ва марраларни атрофлича таҳлил қилиб, бунинг замирида, аввало, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик мужассам эканини ҳаётий мисоллар орқали содда тилда тушунтириб бермоқда.
Бойсун туманидаги Мачай қишлоғида ташкил этилган шундай тадбирда истиқлол йилларида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар юртимиз ободлиги, халқимизнинг тинч-фаровон турмушини таъминлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси ва раҳнамолигида барпо этилган Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон янги темир йўли вилоятнинг ерости ва ерусти бойликларини ўзлаштириш, замонавий саноатни тубдан ривожлантириш, энг муҳими, ҳудуд аҳолисининг бандлигини таъминлаш ва шу орқали турмуш даражасини янада юксалтириш имкониятларини янада кенгайтирди. Темир йўл ўтиши муносабати билан янги замонавий уй-жойлар, инфратузилма иншоотлари барпо этилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракати ҳудуд тараққиётини, аҳоли фаровонлигини таъминлайдиган етакчи кучга айланди. Собиқ тузум даврида бармоқ билан санарли ишлаб чиқариш корхонаси бўлган вилоятда бугун 1000 дан ортиқ замонавий саноат корхонаси фаолият юритмоқда. Уларнинг 60 га яқини хорижий инвестиция иштирокида ташкил этилган корхоналардир. Бугунги кунда вилоятда ишлаб чиқарилаётган пахта ва ипак толасидан тайёрланаётган рақобатбардош ип-калава, қурилиш материаллари, озиқ-овқат ва бошқа тайёр маҳсулотлар, хизматлар хорижга экспорт қилинмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 62,9, хизматлар улуши 61,6 фоизни ташкил этди. Фан, таълим, тиббиёт ва бошқа ижтимоий соҳалар изчил ривожланмоқда. Миллий қадриятларимиз қайта тикланиб, улуғ аждодларимиз мангу қўним топган муқаддас қадамжолар ободонлаштирилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
– Вилоятнинг олис қишлоқларида ҳам одамлар, айниқса, ёшлар мустақилликнинг буюк қудратини ўз ҳаёти мисолида кўриб-билиб, чуқур англаган ҳолда, энг улуғ, энг азиз байрамни кўтаринки руҳда нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрмоқда, – дейди Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри актёри Бозорбек Холмўминов. – Осмонўпар тоғлар бағрида жойлашган олис қишлоқларда бўлганимизда ёшу кекса чорак асрда хушманзара бу гўшада юз берган янгиланишлар ҳақида ғурур-ифтихор билан сўзлаб берди. Тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатининг самаралари, йўл ва кўприклар қурилгани, замонавий таълим ва тиббиёт муассасалари, маданият ва спорт иншоотлари, турли хизмат кўрсатиш шохобчалари қад ростлагани тоғликларнинг ҳам турмуш тарзини, дунёқарашини ўзгартириб юборгани тўғрисида ўзи ва фарзандлари ҳаёти мисолида фахр билан ҳикоя қилишлари бизни ҳам тўлқинлантириб юборди. Олис тоғ қўйнида ҳеч кимдан кам бўлмаган шароитларда камол топаётган йигит-қизларнинг орзу-интилишлари, эл-юрт равнақи йўлидаги мақсад-муддаолари тоғ чўққиларидек буюк экани, рости, бизни ҳам ҳайратга солди. Ёшлари мана шундай ғайрат-шижоатли юртнинг келажаги ҳам албатта буюк бўлади.
Бундай тадбирлар вилоятнинг қўшни давлатлар билан чегарадош Термиз туманидаги Гулбаҳор, Шеробод туманидаги Зарабоғ, Узун туманидаги Хонжиза каби тоғли қишлоқларида ҳам бўлиб ўтди. Таниқли санъаткорлар ва ёшлар иштирокидаги концерт дастурлари тадбирларнинг байрамона кайфиятда ўтишига хизмат қилди.
Манба: ЎзА