Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Марказий Осиё - барқарор ва изчил ривож топаётган минтақа

2022-07-21

2022 йил 21 июль куни Чўлпон-Ота (Қирғизистон) шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 4-саммити бўлиб ўтади.

Олий даражадаги анжуманда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Токаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирок этади.

Маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган эди.

Давлат раҳбарларининг биринчи саммити 2018 йил март ойида Қозоғистон пойтахтида, иккинчиси 2019 йилнинг ноябрида Ўзбекистонда, учинчиси 2021 йил август ойида Туркманистонда ўтказилди.

Минтақа давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари механизми Марказий Осиё давлатларининг умумий долзарб масалаларини ишонч асосида ва конструктив муҳокама қилиш, уларни ўзаро келишилган ҳолда ҳал этиш учун самарали платформа сифатида намоён бўлмоқда.

Тарихан қисқа вақт ичида Марказий Осиё жадал ривожланаётган савдо-сармоявий ва транспорт-коммуникация салоҳиятига эга ўзаро манфаатли ҳамкорлик майдонига айланди, десак муболаға бўлмайди.

Марказий Осиё мамлакатларида саноат кооперацияси лойиҳалари амалга оширилмоқда, қўшма сармоявий компаниялар ва жамғармалар ташкил этилмоқда, транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда, трансчегаравий савдо ва ҳудудлараро алоқалар ривожланмоқда. Маданий-гуманитар ҳамкорлик, халқ дипломатияси ва парламентлараро алоқалар сезиларли даражада мустаҳкамланди.

Бугунги кунда, ҳеч шубҳасиз, юқори даражадаги консолидацияга эришилди. Бу Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ва фаровон минтақага айлантириш жараёнини шакллантириш учун зарур шарт-шароит яратмоқда.

Айни пайтда давлат раҳбарларининг тизимли мулоқоти ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари самарасида Марказий Осиё жаҳон ҳамжамияти томонидан барқарор ва ишончли шерик, изчил ривож топаётган макон сифатида қабул қилинмоқда.

Албатта, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатларининг бирлашувига муҳим ҳисса қўшмоқда. Давлатимиз раҳбари 2016 йил Марказий Осиёни мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналиши деб эълон қилди ҳамда кўп томонлама мулоқотни минтақавий муаммоларни конструктив ҳал қилиш ва умумий фаровонлик маконини яратиш учун муҳим шарт сифатида илгари сурди. Бундай нуқтаи назар қардош халқларнинг туб манфаатларига жавоб беради ва Марказий Осиёнинг барча давлатлари томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда.

Марказий Осиё давлатларининг халқаро майдондаги мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари нафақат минтақанинг халқаро мавқеини сезиларли даражада мустаҳкамламоқда, балки унинг манфаатларини самарали илгари суриш ва ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.

Маслаҳат учрашувларида давлат раҳбарлари томонидан илгари сурилган ташаббуслар ўзаро қўллаб-қувватланиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Улар Марказий Осиёда тўлақонли эркин савдо режимига ўтиш, саноат кооперацияси, инновациялар ва рақамли технологияларни ривожлантириш орқали узун қиймат занжирларини яратиш,  минтақа мамлакатларининг транспорт-коммуникация соҳасидаги алоқаларини мустаҳкамлаш, мавжуд транспорт йўлакларининг самарали фаолиятини таъминлаш ва янги транспорт йўлакларини шакллантириш, умумий энергетика маконини яратиш, иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларини экология талабларига жавоб беришини жадаллаштириш асосида иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделини амалиётга тадбиқ этишга қаратилган.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви минтақа мамлакатлари ва халқлари ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишонч муносабатларини янада мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшади, кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлади, минтақавий муносабатларни чуқурлаштириш ва янада кенгайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Манба: “Дунё” ахборот агентлиги

Поделиться