Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Туркия Президентининг мамлакатимизга расмий ташрифи

2022-03-29

29 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғаннинг мамлакатимизга расмий ташрифи бошланади.

Икки томонлама муносабатлардаги ушбу муҳим сиёсий воқеа муносабати билан Ўзбекистоннинг қардош Туркия билан стратегик шериклик даражасидаги муносабатларининг эътиборга молик бўлган айрим жиҳатларига «Дунё» АА мухбири назар ташлади.

Узоқ ўтмишимиздан маълумки, Ўзбекистон билан Туркияни тил ва тарих, маданият ва анъаналар муштараклигига асосланган яқин дўстлик ва қардошлик ришталари боғлаб туради.

Мамлакатимизнинг мустақил ривожланиши солномасига назар ташланса, Туркия Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган давлат сифатида тарихда қолганини кўриш мумкин. Бу, шубҳасиз, халқларимиз ўртасидаги яқин қардошликнинг ёрқин тасдиғи бўлган эди.

1996 йилда мамлакатларимиз ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланган.

Мамлакатларимиз ўртасида дипломатия алоқалари 1992 йил 4 март куни ўрнатилиб, ўша йилнинг апрель ойида Туркиянинг Тошкентда элчихонаси очилган. 1993 йил май ойидан бошлаб эса Анқарада Ўзбекистон элчихонаси, 1996 йил октябрь ойидан эътиборан Истанбулда бош консулхона, 2021 йил март ойидан Самарқандда Туркиянинг бош консулхонаси фаолият кўрсатиб келмоқда.

Шу пайтга қадар мамлакатимиздан Туркияга, ва аксинча, Туркияда мамлакатимизга кўплаб олий даражадаги ташрифлар бўлиб ўтди.

2017 йил октябрь ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга илк давлат ташрифи чоғида икки мамлакат ҳамкорлигини стратегик шериклик даражасига кўтарадиган Қўшма баёнот имзоланган эди. Ўзбекистон раҳбарининг 2020 йил 19-20 февраль кунлари Туркияга буюрган ташрифи доирасида эса Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг илк йиғилиши ўтказилиши асносида ўзаро алоқаларимиз яна бир юқори даражани касб этган эди.

Юқоридагилардан ташқари, «Бир макон – бир йўл» халқаро анжумани (2017 йил 14 май, Пекин шаҳри), Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фан ва технологиялар бўйича биринчи саммити (2017 йил 10 сентябрь, Остона шаҳри), Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг 5-саммити (2019 йил 15 июнь, Душанбе шаҳри) ва Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг 7- (2019 йил 15 октябрь, Боку шаҳри) ва 8-саммитлари (2021 йил 12 ноябрь, Истанбул шаҳри) доирасида ҳам икки давлат раҳбарларининг учрашувлари бўлиб ўтди.

Шу пайтга қадар мамлакатларимиз ташқи ишлар вазирликлари  ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг ўн давраси ўтказилди. Бундан ташқари, ташқи ишлар вазирлари раислигида Стратегияни режалаштириш гуруҳининг икки йиғилиши ҳам бўлиб ўтди.

Яна бир муҳим жиҳат. 2019 йил сентябрь ойида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига тўла ҳуқуқли аъзо бўлди. Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотга қўшилишини барча туркий мамлакатлар, аввало, Туркия Республикаси қизғин қўллаб-қувватлади. Шу тариқа мамлакатларимиз учун яна бир халқаро тузилма доирасида икки ва кўп томонлама ҳамкорлик учун янги имкониятлар пайдо бўлди.

Ўзбек-турк ҳамкорлигининг шартнома-ҳуқуқий асосини Ўзбекистон ва Туркия ўртасида доимий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида”ги Шартнома ҳамда савдо, иқтисодиёт, транспорт, туризм, маданият, шунингдек, терроризм ҳамда гиёҳвандликка қарши кураш бўйича 123 та ҳужжат ташкил этади. Улардан 12 таси давлатлараро, 56 таси ҳукуматлараро, 21 таси идоралараро ва 34 таси эса бошқа йўналишда ҳамкорликка доир ҳужжатлардир.

Туркия Ўзбекистоннинг Россия, Хитой ва Қозоғистондан кейин тўртинчи ўринда турадиган йирик савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. 2021 йили икки мамлакатнинг товар айланмаси 3,4 миллиард долларни ташкил этди. Мамлакатимизда Туркия инвестициялари иштирокида 1912 корхона фаолият юритмоқда, шундан 772 таси қўшма корхона бўлса, 1140 таси 100 фоизлик турк капитали иштирокида барпо этилган корхоналардир.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ўзбек-турк ҳукуматлараро комиссиясининг 6-йиғилиши 2021 йил 28 июнда Тошкент шаҳрида (ҳамраислар – Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Туркия вице-президенти Фуат Октай) ўтказилди.

Худди шунингдек, мамлакатларимиз ўртасида парламентлараро ҳамкорлик, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ҳам тобора равнақ топмоқда.

Дарҳақиқат, олий даражадаги учрашув ва музокараларда мунтазам равишда мамлакатларимиз ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилгани натижалари икки мамлакат ишбилармон доиралари учун қулай шароитларни яратиш, инвестиция муҳитини яхшилаш, қўшма кооперация лойиҳалари ва бошқа дастурларни амалга ошириш каби кўплаб йўналишларда ўз аксини топмоқда.

Шу ўринда маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ҳақида ҳам алоҳида тўхталиш мақсадга мувофиқдир.

Туркия Ўзбекистоннинг тарихий ва замонавий бой маданий меросига катта ҳурматни намоён этади. Масалан, турк санъаткорлари Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида мунтазам иштирок этишади. 2021 йил 29 октябрда Истанбулда Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков Отатурк маданият марказининг янги биноси ва Бейўғли маданият йўлининг очилиш маросимида, 12 ноябрь куни эса Кинематография агентлиги директори Ф.Абдуҳолиқов билан бирга “Қўрқут ота Турк дунёси фильмлари фестивали”да қатнашди.

Бундан ташқари, «Хива - туркий дунёнинг маданият пойтахти» халқаро дастури доирасида 2021 йил 3 март куни Анқара шаҳрининг Кечиўрен туманидаги «Жўка водийси» ҳудудида Муҳаммад ал-Хоразмий ҳайкали, 11 августда эса  Невшеҳир вилоятининг Ўртаҳисор туманида “Хива бобо” (“Hibe Dede”) ёдгорлиги мажмуаси очилди.

Худди шунингдек, Тошкентда 1997 йилда «Ахисха» турк миллий маданий маркази, 2003 йилда эса “Ўзбекистон – Туркия” дўстлик жамияти ташкил этилган.

1993 йилдан Ўзбекистонда Туркия халқаро ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг (ТИКА) ваколатхонаси фаолият олиб бормоқда. ТИКА республикамизда соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги тизимларини ислоҳ этиш, кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган 60,15 миллион АҚШ долларидан ортиқ  қийматга эга бўлган лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этмоқда. Шунингдек, ТИКА иштирокида Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтида суяк илиги трансплантацияси Маркази ҳамда Тошкент Педиатрия тиббиёт институти ҳузурида чақалоқларни даволашга ихтисослашган “Неонтология палатаси” барпо этилган.

Тошкент Давлат шарқшунослик университетида “Лингвистика (турк тили)” ва “Туризм” мутахассисликлари бўйича қўшма таълим дастурлари ташкил этилган бўлиб, Туркиядан 4 нафар волонтёр ўқитувчи жалб қилинган. Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси дипломатлари туркшунос талабалар учун туркум маърузалар ўқишлари анъанага айланиб қолган.

Дарҳақиқат, олий таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик тобора ривожланиб бормоқда. 2019 йили Бухоро давлат тиббиёт институтида Туркиянинг Соғлиқ билимлари университети билан ҳамкорликда қўшма факультет, 2020 йили эса Тошкент шаҳрида Туркиянинг Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг филиали ташкил этилгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Юқорида баён этилганлар далил ва фикр-мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда ишонч билан қайд этиш мумкинки, Туркия етакчисининг мамлакатимизга ушбу расмий ташрифи ҳам ўзаро алоқалар равнақига салмоқли туртки бағишлаши асносида икки қардош халқларнинг ўзаро манфаатли ва бардавом ҳамкорлиги солномасида янги саҳифа очади.

Манба: “Дунё” ахборот агентлиги

Поделиться