Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги

2021-02-09

Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади. Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади.
 

Сўнгги йилларда Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
 
Жумладан, шоир туғилган қутлуғ 9 февраль санасини ҳар йили адабиёт ва маърифат байрами сифатида юксак даражада нишонлаш анъанаси қарор топди. Улуғ сўз санъаткорининг асарлари мунтазам нашр этилиб, навоийшунослик соҳасида кўплаб тадқиқотлар олиб борилмоқда, республика ва халқаро миқёсда илмий анжуманлар ўтказилмоқда.
 
Шу билан бирга, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилгани, мамлакатимиз ҳамда бир қатор хорижий давлатларда ҳайкаллари ўрнатилгани, асарлар тўплами тўлиқ нашрдан чиқарилгани, пойтахтимиз марказидаги улуғ бобомизнинг муаззам меъморий ёдгорлигига мутаносиб равишда Адиблар хиёбони барпо этилгани маданий ҳаётимиздаги улкан воқеаларга айланди.
 
Жонажон Ватанимиз «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» деган бош тамойил асосида тараққиётнинг бутунлай янги босқичига қадам қўйиб, янги Уйғониш даври — Учинчи Ренессанс пойдеворини яратаётган бугунги кунда Алишер Навоийнинг безавол адабий мероси мисолида ўзбек адабиёти ва маданиятини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
 
Алишер Навоий асарларида теран ифода топган миллий ва умуминсоний ғояларнинг жаҳон тамаддунида тутган ўрнини ҳамда ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, улар қалбида юксак ахлоқий фазилатларни тарбиялашдаги беқиёс аҳамиятини назарда тутиб, шунингдек, улуғ шоир ва мутафаккирнинг адабий-илмий меросини мамлакатимизда ва халқаро миқёсда янада чуқур тадқиқ қилиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида: “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. 

Қарорга мувофиқ, 2021 йилда буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги кенг нишонланади.

Қарорга кўра:

— А.Навоийнинг ижодий меросини чуқур ўрганиш ва оммалаштиришга улкан ҳисса қўшган мамлакатимиз ва хорижий давлатлар фуқароларини ҳамда илмий-ижодий муассасаларини тақдирлаш мақсадида Алишер Навоий ордени таъсис этилади;

— хорижий давлатларда сақланаётган А.Навоий қаламига мансуб ва у яшаган даврга оид қўлёзмаларнинг факсимиле нусхаларини мамлакатимизга олиб келиш чоралари кўрилади;

— 2020-2021 йиллар давомида А.Навоийнинг қўлёзмалари асосида шоир асарларининг мукаммал илмий нашри яратилади;

— А.Навоий ҳаёти ва ижодий меросини тадқиқ этиш бўйича илмий тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ илмий лойиҳалар танлови эълон қилинади;

— 2021 йил охирига қадар Ўзбекистон Миллий кутубхонасида А.Навоий асарлари ҳамда навоийшунослик фани бўйича амалга оширилган илмий тадқиқотларнинг электрон платформаси яратилади;

— Алишер Навоий асарларини узлуксиз ўқитиш концепцияси ишлаб чиқилади ҳамда 2021/2022 ўқув йилидан барча таълим муассасаларида шу асосда ўқитиш йўлга қўйилади;

— 2021 йилда Тошкент шаҳрида Алишер Навоий номидаги ижод мактаби ташкил этилади;

— 2021 йил ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида Навоий шаҳрида “Алишер Навоий ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилади;

— “Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Манба: ЎзА

Поделиться