Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон-Британия кенгашининг 25-йиғилиши
2021-02-03
Жорий йилнинг 3-4 февраль кунлари видеоконференция шаклида Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон-Британия кенгашининг 25-йиғилиши бўлиб ўтади. Кенгаш икки мамлакат ҳукумат ва ишбилармон доираларини бирлаштирувчи ноёб платформа ҳисобланади.
Тадбир Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Халқаро савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Буюк Британиянинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси томонидан ташкил этилмоқда.
Видеоконференцияда 40 дан ортиқ маърузачилар, жумладан, икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарлари, шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси ва бошқа халқаро молия институтлари ҳамда тараққиёт бўйича ҳамкорлар раҳбарияти вакиллари иштирок этади.
Ялпи мажлис билан бир вақтда Буюк Британия ва Ўзбекистон вакиллари иштирокида бир қатор онлайн музокаралар ҳам бўлиб ўтади. Унинг доирасида икки томонлама инвестиция ва савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади.
Учрашувда Буюк Британия делегациясига Буюк Британия савдо сиёсати вазири Грег Хэндс, Ўзбекистон делегациясига – инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Л.Кудратов бошчилик қилади. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ҳам иштирокчиларга қутлов сўзи йўллаши кутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, 2019 йилнинг декабрида Ўзбекистон Республикаси ҳамда Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги ўртасида Шериклик ва ҳамкорлик битимининг имзоланиши икки мамлакат савдо-иқтисодий алоқаларининг ривожланиши учун кучли туртки бўлди. Бўлажак UBTIC учрашуви битим кучга кирганидан буён ушбу шаклда ўтказилаётган биринчи тадбир ҳисобланади.
Сўнгги йилларда Британия ва Ўзбекистон компаниялари UBTIC фаолиятининг экология жиҳатидан тоза энергетика, молиявий хизматлар, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳалари каби ижтимоий - иқтисодий ривожланишнинг тўртта асосий йўналиши бўйича ҳамкорликни изчил оширмоқда.
Онлайн конференция иштирокчилари ўзаро алоқа қилиш учун маълумотлар алмашиш ва “B2B” форматида бизнес-учрашувлар ташкил этиш мумкин бўлган махсус платформадан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар. Конференцияда қатнашиш бепул.
Иштирок этиш истагида бўлганлар қуйидаги ҳавола орқали рўйхатдан ўтишлари таклиф этилади:
https://mailchi.mp/eurasianinvestor/ubtic-registration-2021
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги