“Имом Абу Мансур Мотуридий ва Мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуидаги халқаро анжуман
2020-03-03
Жорий йилнинг 3-5 март кунлари Самарқандда “Имом Абу Мансур Мотуридий ва Мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуидаги халқаро анжуман ўтказилади.
Бу йил буюк ватандошимиз, ҳадис ва фиқҳ илмининг равнақига улкан ҳисса қўшган йирик аллома Абу Мансур Мотуридий таваллудига 1150 йил тўлади.
Тарихий манбаларда Марказий Осиёда калом илмининг ривожланишида Абу Мансур Мотуридийнинг ўрни ниҳоятда катта бўлгани қайд этилади. Чунки, аллома яшаган даврда, яъни IX асрнинг охири ва X асрнинг биринчи ярмида ислом динида турли гуруҳ ва фирқалар сони кўпайиб кетган. Натижада имон-эътиқод масалаларида кўплаб ихтилофлар келиб чиққан. Ана шундай вазиятда Имом Мотуридий диннинг асл моҳиятини очиб бериш, соф исломий ақидани сақлаб қолиш борасида беқиёс ишларни амалга оширган. Ҳанафий мазҳаби асосчиси Абу Ҳанафанинг таълимотига суянган ҳолда ўзига хос калом мактабини яратган. Бу мактаб томонидан илгари сурилган ғоялар ислом динининг моҳиятини тўғрилик, эзгулик, инсонийлик деб биладиган мўмин-мусулмонларнинг қарашлари ва интилишлари билан ҳамоҳанг эди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра 2000 йилда юртимизда Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1130 йиллиги кенг нишонланиб, Самарқанд шаҳридаги Чокардиза қабристонида аллома мақбараси бунёд этилди. Унинг илмий меросини чуқур тадқиқ этиш борасида саъй-ҳаракатлар бошланди.
Кейинги йилларда юртимизда муқаддас ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ алломалар ҳаёти ва фаолиятини, улардан мерос қолган асарларни ўрганишга қаратилган алоҳида эътибор туфайли Имом Мотуридий ва унинг Мотуридия таълимоти ҳам кенг тадқиқ этилмоқда.
Бу ишларнинг амалий ифодаси ўлароқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Мисрнинг ал-Аҳзар мажмуаси ҳамкорлигида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва Мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуида халқаро конференция ташкил этилмоқда.
Мазкур нуфузли анжуманга тайёргарлик кўриш ва юқори савияда ўтказиш бўйича Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан ҳам зарур чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Унга кўра, Самарқанд шаҳридаги Имом Абу Мансур Мотуридий мақбараси ва мазкур мажмуа атрофида таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Анжуманнинг асосий мажлиси ўтказиладиган Самарқанд шаҳридаги “Форумлар мажмуаси” ҳамда шўъба йиғилишлари ташкил этиладиган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ҳадис илми мактаби ҳам конференцияга тайёрланмоқда.
Бундан ташқари, дунёнинг турли мамлакатлари ва халқаро ташкилотлардан келадиган меҳмонларга юқори сифатли хизмат кўрсатиш учун меҳмонхоналар, транспорт воситалари танланди. Меҳмонларга ҳамроҳлик қилиш учун гид-таржимонлар сараланмоқда.
– Мазкур конференция Мотуридия таълимотининг туб мазмун-моҳиятини очиб бериш, Имом Мотуридий меросини чуқур ўрганиш ва унинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини халқаро миқёсда тарғиб этиш каби ишлар қамровини янада кенгайтириш мақсадида ташкил этилаётгани билан аҳамиятлидир, – дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов. – Анжуманда дунёдаги йирик исломшунос олимлар, халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот марказлари вакиллари, бизнинг марказимиз билан илмий ҳамкорликни йўлга қўйган чет элдаги муассасалар ходимлари иштирок этиш истагини билдирган. Улар билан биргаликда Мотуридия таълимотининг асоси ва унинг бугунги кун учун аҳамияти, аллома асарларини ўрганишнинг ҳолати ва олдимизда турган вазифалар ҳақида фикрлашиб олишни режалаштирганмиз. Бу йил аллома таваллудига 1150 йил тўлиши туфайли ушбу конференция билан чекланмай, Самарқанддаги олий ўқув юртларида, марказимиз ва Ҳадис илмий мактабида ҳам бир қатор тадбирлар, учрашувлар ўтказмоқчимиз. Хусусан, Имом Абу Мансур Мотуридийнинг турли йилларда нашр этилган ва қўлёзма нусхалари тақдимотларини ўтказиш кўзда тутилган. Яқинда Туркияда хизмат сафарида бўлган марказимиз ходимларидан бири Имом Мотуридийнинг турк олимлари томонидан турк тилига таржима қилинган 18 томлик “Таъвилотул Қуръон” асарини олиб келди.
Манба: ЎзА