Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Маданий меросни асраш ва унинг туризм ривожига ҳиссаси” I Халқаро илмий-амалий симпозиуми
2019-12-04
4-5 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Маданий меросни асраш ва унинг туризм ривожига ҳиссаси” мавзусида I Халқаро илмий-амалий симпозиуми бўлиб ўтади. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 828-сонли “Самарқанд вилоятининг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар” қарори ижросини таъминлаш доирасида ўтказилмоқда.
Симпозиумда иштирок этиш учун Ўзбекистоннинг вазирлик, идора ва ҳокимликлари, илмий доиралари, илмий-тадқиқот ва ўқув муассасалари, халқаро ташкилотларининг 100 га яқин вакиллари, соҳа мутахассислари ва экспертлари таклиф этилган.
Тадбирни ўтказишдан мақсад – Ўзбекистоннинг, хусусан Самарқанднинг археологик ва маданий меросини асраш ва оммалаштириш; туристик объектлар реконструкция ва реставрацияси бўйича хорижий мутахассислар билан узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, реставрацион ишларни такомиллаштириш ҳамда меъморий меросни асрашга доир стратегик таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш, маданий туризмнинг янги шаклларини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилиш ва б.
Симпозиум икки кун давомида ўтказилади. Тадбир дастуридан халқаро илмий-амалий конференция ўрин олган бўлиб, унда маданий меросни асраш ва унинг туризмни ривожлантиришга қўшувчи ҳиссасига оид долзарб масалалар кўриб чиқилади, хорижий экспертлар иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади.
Тадбир доирасида маҳаллий мутахассислар билан бир қаторда Буюк Британия, Италия, Греция, Франция, Германия, Ҳиндистон, Япония, Хитой экспертлари, шунингдек, ЮНЕСКО ва Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги вакиллари сўзга чиқади. Симпозиум давомида унинг иштирокчилари учун Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор масканлари бўйлаб экскурсия уюштирилади.
Форум доирасида ноёб архитектура ёдгорликларини асрашга масъул вазирлик ва идоралар вакиллари ўртасида конструктив мулоқот йўлга қўйилади. Тадбир якунига кўра, симпозиумдаги маърузалар ва тезислар тўплами нашр этилади. “Маданий меросни асраш ва унинг туризм ривожига ҳиссаси” мавзусида I Халқаро илмий-амалий симпозиуми ташкилотчилари – Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш институти.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги