Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Регистонда яна дунё тароналари янграйди

2019-08-26

Самарқанд бу йил яна нуфузли санъат анжуманига мезбонлик қилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 февралдаги қарорига кўра, жорий йилнинг 26-30 август кунлари қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳарда ўн иккинчи бор “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ўтказилади.

Дунё халқлари ўртасида ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, мусиқа санъати анъаналарини асраш ва ривожлантириш, маданиятлараро мулоқотни кучайтиришга хизмат қилаётган ушбу фестиваль нуфузи йил сайин ошиб, жаҳон миқёсидаги йирик маданий тадбирга айланмоқда. Шунинг учун ҳам “Шарқ тароналари” ЮНЕСКО шафелигида ўтказилиб, дунё халқларини санъат воситасида яқинлаштириш, дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, миллий мусиқа анъаналарини асраб-авайлашга ёрдам бермоқда.
 
“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали дирекцияси ижрочи директори Фарҳод Жўраевнинг таъкидлашича, давлатимиз раҳбарининг ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига кўра, бу йилги фестивалга ҳар қачонгидан ҳам юқори савияда тайёргарлик кўрилмоқда. Аввало, фестивални ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом бир қатор янгилик ва ўзгаришлар киритилиб, янгидан қабул қилинди. Низомга кўра, “Энг яхши ижро учун” халқаро кўрик-танлов, “Шарқ халқлари анъанавий мусиқа санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги илмий-назарий конференция, Самарқанд шаҳри ва унинг атрофидаги туман, шаҳарларда иштирокчиларнинг концерт дастурлари, вилоят бўйлаб саёҳатлар, ижодий учрашувлар ва бошқа тадбирлар ўтказилади. Бу йил танлов иштирокчиларининг чиқишлари икки йўналиш – профессионал тарздаги халқ мусиқа ва қўшиқлари ҳамда анъанавий йўлда ижод қилинган замонавий мусиқа ёки қўшиқ йўналишларида баҳоланади.
 
Иштирокчиларнинг чиқишларини етти кишидан кам бўлмаган халқаро ҳайъат баҳолаб боради. Халқаро ҳайъатга хорижий ва маҳаллий мусиқашунос олимлар, таниқли санъаткорлар, композиторлар ва бастакорлар, хорижий давлатлардаги халқаро санъат фестиваллари ташкилотлари вакиллари таклиф этилади. Ёрқин анъанавий хусусиятлар, мазмундорлик, юксак ижро маҳорати ва саҳна маданияти баҳолашнинг асосий мезони ҳисобланади.
 
Фестиваль Гран-при соҳибига 10 минг АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти берилади. Иккита 1-ўрин, иккита 2-ўрин ва учта 3-ўринни эгаллаган иштирокчилар ҳам 5 мингдан 2 минг долларгача пул мукофотини қўлга киритади. Шунингдек, бу йил “Энг ёш иштирокчи”, “Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи”, “Энг яхши чолғу мусиқаси ижрочиси” каби номинацияларда ҳам ғолиблар махсус диплом ҳамда 500 АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.
 
– Президентимиз ташаббуси билан 2018 йил сентябрь ойида Шаҳрисабзда халқаро мақом санъати анжумани, жорий йил апрель ойида эса Термиз шаҳрида халқаро бахшичилик санъати фестивали юксак савияда ўтказилди ва бу тадбирларни ҳар икки йилда мунтазам ўтказишга қарор қилинди, – деди Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Р.Қобилов. – Мазкур тадбирларни шу пайтгача юртимизда ташкил этилган маданият, санъат анжуманларидан мутлақо фарқли тарзда, халқаро фестиваллар талаблари даражасида, шу билан бирга, халқимизнинг бой миллий анъана ва қадриятлари, маданиятини намоён этган ҳолда ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди. Иккала халқаро фестивалда ҳам юртимиздаги ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос қадриятлари, маданияти, миллий ҳунармандчилик анъаналарини кўрсатишлари учун кенг имкониятлар яратилди. Самарқанд вилояти вакиллари ҳам тадбирларда фаол иштирок этди ва бу биз учун “Шарқ тароналари” ўн иккинчи халқаро мусиқа фестивали олдидан катта мактаб бўлди. Шаҳрисабз ва Термиздаги фестиваллар жараёнлари, кўргазмалар, бадиий жамоаларнинг чиқишларини кузатиб, ўзимизга тегишли хулосалар чиқардик.
 
“Шарқ тароналари” фестивалининг такрорланмас, ўзига хос жиҳатларидан бири Регистон майдонида амфитеатр яратилиши ва иштирокчиларга шу ердаги саҳнада ўз дастурларини намойиш этиш имкониятининг берилишидир. Буни фестиваль қатнашчиларининг ҳар бири ўзгача ҳайрат ва ҳавас билан эътироф этганини кўп эшитганмиз. Айни пайтда Регистонда саҳна ўрнатилиб, томошабинлар учун жой ҳозирланмоқда. 15 июлдан бу ерда фестивалнинг очилиши маросими дастурини тайёрлашга киришилади. Мажмуа ва унинг атрофида ободонлаштириш, Тиллакори мадрасасининг гумбазини реставрация қилиш ишлари давом этмоқда.
 
Бу йил Регистон майдони атрофида республикамиз вилоятлари, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикаси вакилларига ҳам ўз санъати, маданияти ва анъаналарини кўрсатишлари учун жой ажратилади. Улар бу жойларда кичик саҳналар ўрнатишади, миллий чолғу асбоблари, ҳунармандлик буюмлари кўргазмасини ташкил этади.
 
Ҳар доимгидек, бу йил ҳам фестивалга ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар, бадиий жамоалар танловда қатнашиш билан бирга вилоятнинг туман ва шаҳарларидаги истироҳат боғлари, амфитеатрларда ўз концерт дастурларини намойиш этади. Асосий саҳнадаги танлов жараёнларини эса вилоят телерадиокомпанияси орқали, шунингдек, Самарқанд шаҳри кўчаларида ўрнатилган катта мониторларда тўғридан-тўғри намойиш этиш режалаштирилмоқда.
 
Умуман, айни пайтда фестивалга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ ташкилий ишлар белгиланиб, ҳар бир йўналиш бўйича масъуллар белгиланган. Меҳмонларни кутиб олиш ва меҳмонхоналарга жойлаштириш, уларга таржимон, гид-экскурсовод ажратиш, саёҳатлар ташкил этиш, транспорт хизмати кўрсатиш ва бошқа хизматлар билан боғлиқ ҳар бир масалага жиддий эътибор қаратилган ҳолда тайёргарлик кўрилмоқда. “Шарқ тароналари” ўн иккинчи халқаро мусиқа фестивалининг ҳар қачонгидан ўзгача, юқори савияда ва кўтаринки руҳда ўтиши учун барча имконият ва салоҳият сафарбар этилмоқда.
 

 

Ғ.ҲАСАНОВ

Манба: ЎзА

Поделиться