2018-11-14
Жорий йилнинг 14-16 ноябрь кунлари пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида “Транспорт ва логистика – TransUzbekistan 2018” ўн бешинчи халқаро кўргазмаси ташкил этилади.
Ўзбекистон, Хитой, Латвия, Литва, Туркия, Россия, Озарбайжон, Беларусь, Эрон, Қозоғистон, Туркманистон каби мамлакатларнинг 40 дан ортиқ компанияси иштирок этиши кутилаётган ушбу анъанавий кўргазмада транспорт-логистика хизматлари, ҳаракатдаги поездлар ва темир йўл инфратузилмаси, авто эҳтиёт қисмлар, тижорат транспорти, йўл инфратузилмаси, трафик ва хавфсизлик ҳамда тегишли хизматлар тақдим этилади.
– Транспорт ва логистика бозори профессионаллари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашда ушбу кўргазманинг алоҳида ўрни бор, – деди “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси маркетинг менежери Баҳром Тўйчиев. – Чунки унда иштирокчилар учун бизнес алоқаларни ўрнатишда катта майдон яратилади. Улар бу ерда нафақат ўз имкониятларини тақдим этади, балки барча иштирокчилар фаолияти билан яқиндан танишишга муваффақ бўлади. Бу эса ҳар бир компаниянинг келгуси режаларини белгилашда аҳамиятлидир.
Эслатиб ўтамиз, кўргазма “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси томонидан ва Ўзбекистон халқаро экспедиторлар (UIFA), Халқаро автомобилда юк ташувчилар (AIRCUZ) ҳамда Божхона брокерлари уюшмалари кўмагида ўтказилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
Транспорт ва логистика – TransUzbekistan 2018
Манба: ЎзА