Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни

2017-06-05

Чексиз коинот узра ўзи ўқи ва Қуёш теграсида айланаётган Ер сайёрасини шоир “Салмоғи Қуванинг анорича бор”, дея таърифу тавсиф этган бўлса, уни фазодан туриб кўриш, кузатиш имконига эга бўлган фазогирлар юпқа шишасимон мовий шарга ўхшашини айтади. Ҳар икки қиёслаш ҳолатида ҳам Ер меҳрга, ҳимояга муҳтож эканини ҳис этамиз.

Халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ҳамда глобал экологик инқирознинг олдини олишга қаратиш ва бу борада аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш мақсадида, 1972  йили 5 июнда Стокгольм шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг экологик масалаларга бағишланган конференциясида Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Шундан буён ҳар йили дунёнинг қатор давлатларида 5 июнь — Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни сифатида нишонланади ва ушбу сана муносабати билан турли тадбирлар, кўрик-танловлар, боғ яратиш, ободонлаштириш акцияларини ўтказиб келинади.

БМТ Бош ассамблеясининг 2009 йил 1 майидаги 63-сессиясида қабул қилинган резолюцияда Ер ва унинг экотизими инсониятнинг уйи эканлиги, сайёрамиздаги барча мамлакатлар ва уларда яшаётган аҳоли ҳамда жонзотларнинг Ер билан боғлиқ манфаатлари муштараклиги, ҳозирги ва келгуси авлодларнинг иқтисодий, ижтимоий ҳамда экологик эҳтиёжлари орасидаги адолатли мутаносибликка эришиш мақсадида она замин уйғунлигини сақлаб қолиш лозимлиги белгилаб қўйилган. Чунки техника ва технологият, саноат юқори даражада ривожланган ХХI асрга келиб, бутун жаҳонда глобаллашув жараёни шундай шиддат билан кечаяптики, экология муаммоси бир минтақа ёки бир мамлакатгина эмас, балки барча қитъаларга ўзининг таъсирини кўрсатмоқда.

Дунё бўйича йилига қарийб олти миллион гектар ер чўлланишга учраётгани, олтмиш мингга яқин ўсимлик, етти мингдан ортиқ ҳайвон турлари йўқолиб кетиш арафасида тургани ҳам мавзу долзарблигидан далолат беради. Маълумотларга қараганда, Ер юзидаги 7200 миллион гектар ўрмондан ҳозирда 4100 миллион гектари қолган, холос. Ҳар йили атмосферага ўрта ҳисобда 50 миллион тонна углеводород, 260 миллион тонна олтингугурт оксиди, 2 миллион тоннадан ортиқ чанг ва кулсимон моддалар чиқарилади. Оқибатда эса озон қатламида туйнуклар ҳосил бўлиб, улар йил сайин катталашиб бораяпти.

Албатта, кишилик жамияти тараққиётининг барча босқичларида сайёрамиз табиий бойликлари, ҳайвонот ва набобат олами инсон ҳаётий фаолияти учун зарур эҳтиёж манбаи бўлиб келган. Аммо табиий ресурслардан ҳаддан зиёд фойдаланиш, атроф-муҳитга антропоген таъсирларнинг ортиши, инсон ва табиат ўртасидаги мувозанатнинг бузилиши экотизимга таҳдидларни юзага келтириши билан бирга, инсоният ҳаётига ҳам жиддий хавф туғдира бошлади. Буни сайёрамизда инсон томонидан ҳосил қилинган чиқинди миқдори табиий пайдо бўладиган миқдорга нисбатан  2 минг баробар кўплиги, айни чоғда 1 миллиард аҳоли санитария меъёрларига тўғри келмайдиган ичимлик сувида фойдаланаётгани, бугун ҳайдаладиган ерларнинг 40 фоиздан ортиғи ирригация ва мелиорация ишларида хатоликларга йўл қўйилгани сабабли деградацияга учраб, зироатчилик, қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш учун мутлақ яроқсиз ҳолга келтирилганидан ҳам англаш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, халқимиз азал-азалдан табиатга, бутун борлиққа, ундаги ҳайвонот ва наботот оламига алоҳида эътибор қаратиб, табиий неъматларидан оқилона фойдаланишга ҳаракат қилиб келган. “Дарё бўйида яшасанг ҳам сувни исроф қилса”, деган пурмаъно сўзлар бежиз айтилмаган.  Дарахт экиш ва боғ яратиш ҳам ўзбекнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган қадим қадриятларидан саналади.

Эзгу қадриятларимизга ҳамоҳанг тарзда истиқлол йилларида мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлашга, табиий ресурсларга нисбатан оқилона муносабатда бўлишга эътибор қаратиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 50 ва 55-моддаларида “Фуқаролар атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар”, “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир”, дея белгилаб қўйилган. Шунингдек, халқаро меъёрларга жавоб берадиган соҳага оид йигирмадан ортиқ қонун ва 150 га яқин қонуности  ҳуқуқий-норматив ҳужжатлари ҳаётга татбиқ этилди. “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги, “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлар ана шулар жумласидандир.

Бугунги кунда миллий экологик қонунчиликни ривожлантириш баробарида, Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш дастури, Тараққиёт дастури ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз атроф-муҳит муҳофазаси бўйича йигирмадан ортиқ конвенция ва халқаро шартномаларга қўшилгани бунинг тасдиғидир.

Мафтункор диёримизда ўсимликларнинг 4 ярим мингга яқин тури ўсади. Биологик ва ландшафт ранг-баранглиги ҳам асосий миллий бойликларимиздан саналади. Умуртқали ҳайвонларнинг фаунаси 105 турдаги сут эмизувчилар, 441 турдаги қушлар, 60 турдаги судралиб юрувчилар, уч турдаги ҳам сувда, ҳам қуруқликда яшайдиган жониворлар ва 76 турдаги балиқларни ташкил этса, умуртқасизлар фаунаси ўн беш минг турга етган.

Бетакрор табиатимиз ва ундаги биохилма-хилликни тўлиқ муҳофаза этиш, уларни қайта тиклаш ва кўпайтириш ишлари муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда амалга оширилмоқда. Ҳозир республика аҳамиятига молик 31 та муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, жумладан, 8 та давлат қўриқхоналари, 2 та миллий боғ, 1 та экомарказ, 1 та биосфера резервати, 13 та давлат буюртмахоналари, 5 та табиат ёдгорлиги фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, 83 та маҳаллий аҳамиятга эга бўлган муҳофаза этиладиган табиий худудлар мавжуд. Бу ҳудудларда миллий ҳамда халқаро “Қизил китоб”ларга киритилган 400 турдаги ўсимлик ва 181 турдаги ҳайвонот дунёси давлат муҳофазасига олинган.

Поделиться