Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган ХIII халқаро турнир

2017-05-26

Термизда кураш бўйича Президент соврини учун халқаро турнир бўлиб ўтади. Шу йилнинг 26-29 май кунлари Термиз шаҳрида кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган ХIII халқаро турнир бўлиб ўтади. 

Мустақиллигимиз асосчиси, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан халқаро спорт тури мақомини олган кураш дунё бўйлаб кенг ривожланмоқда. 

Бугун дунёнинг 130 га яқин давлатида кураш кенг оммалашмоқда. Кураш бўйича жаҳон ва қитъа чемпионатлари, халқаро турнирлар юксак савияда ташкил этилаётир. Бу мусобақаларда дунёнинг барча қитъасидан полвонлар ўзбекона камтарлик ва мардонаворлик билан таъзим қилиб, гиламга чиқмоқда, давра айланиб, кураш тушмоқда. 

Кураш халқаро ассоциацияси, Осиё, Европа, Панамерика, Африка ва Океания кураш конфедерациялари томонидан курашнинг жаҳондаги нуфузини янада ошириш, уни келажакда ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритиш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда. 

2007-2008 йилларда Макао ва Вьетнамда ўтган II ва III ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларида, 2009 йили Таиландда жанговар яккакурашлар бўйича I Осиё ўйинларида, 2013 йили Жанубий Кореяда ёпиқ иншоотларда ва жанговар яккакурашлар бўйича IV Осиё ўйинларида, 2014 йили Таиландда ва 2016 йили Вьетнамда ташкил этилган Осиё соҳил ўйинларида кураш бўйича мусобақалар бўлиб ўтди. 

2015 йилнинг сентябрь ойида Осиё олимпия кенгашининг Ашхобод шаҳрида ўтказилган навбатдаги Бош ассамблеясида кураш 2018 йили Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ўтказиладиган XVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига расман киритилди. 

Термиз шаҳри мезбонлик қиладиган кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган анъанавий ХIII халқаро турнирнинг нуфузи ҳам жаҳонаро кенг эътироф этилмоқда. Қатор давлатлар полвонлари мазкур турнирда қатнашишга катта қизиқиш билдирмоқда. Кураш халқаро ассоциациясидан маълум қилишича, 1993 йилдан буён ҳар икки йилда ўтказилаётган турнирда ўтган давр мобайнида дунёнинг энг номдор полвонлари куч синашган. 

Жорий йилги мусобақада 50 давлатдан 150 дан зиёд спортчи ва меҳмон иштирок этиши кутилаётгани ҳам турнирнинг нуфузи ортиб бораётганидан далолатдир. Турнир 73, 90 килограмм ва мутлақ вазн тоифасида бўлиб ўтади. Турнирнинг мукофот жамғармаси 56 минг доллар бўлиб, мутлақ вазнда ғолиб бўлган полвон Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини – 25 000 долларга сазовор бўлади. Иккинчи ўрин соҳиби 10 000 доллар, иккита учинчи ўрин соҳиблари 5000 доллардан пул мукофоти билан тақдирланади. Қолган вазн тоифасидаги ғолиб ва совриндорларга ҳам йирик пул мукофотлари таъсис этилган. 

 
Байрам Айтмуродов, ЎзА

Поделиться