Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

“Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган кун

2016-10-21

Халқнинг, миллатнинг мавжудлиги, аввало, унинг ўз тилига эгалиги билан белгиланади. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1989 йил 21 октябрда “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тилининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланди. 

Мазкур сана муносабати билан мамлакатимизнинг барча таълим муассасаларида она тилимизни ривожлантириш, унинг бетакрор жозибаси ва гўзаллигини намойиш этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Таълим даргоҳларида ушбу сана муносабати билан “Она тили ва адабиёти” ойлиги ташкил этилмоқда. 

Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 243-умумтаълим мактабида ҳам бошланғич синф ўқувчилари учун “Ўзбек тилини ўрганамиз”, “Ким ифодали, тез ва равон ўқийди?”, “Энг чиройли ҳуснихат эгаси” каби мавзуларда беллашув ва тадбирлар, юқори синф ўқувчилари учун “Тил – дил калити”, “Аждодлари буюк юрт фарзандиман”, “Она тили ва адабиёти билимдонлари беллашуви”, “Тил борки, миллат бор” каби мавзуларда адабий кечалар, давра суҳбатлари, “Асар қаҳрамонлари менинг тасаввуримда” мавзуида расмлар танлови ўтказилаётир. 

– Бугунги глобаллашув даврида тилимиз софлигини сақлаш, сўзлашувда турли хорижий ибораларни ўринли-ўринсиз ишлатавермаслик талаб этилади, – дейди мазкур мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Нилуфар Комилова. – Боланинг бошқа фанларни пухта ўзлаштириши унинг ўз она тилини нечоғли яхши билишидан бошланади. Бинобарин, бошланғич синф ўқитувчисининг тилни ўргатишдаги масъулияти ниҳоятда катта. 

Дарс жараёнида иншолар танлови ўтказилиб, ғолиблар муносиб рағбатлантирилмоқда. Шеърият кечалари, учрашувлар, билимлар беллашувларида зукко ўғил-қизлар куч синашиб, ўз билимини, она тилимизга меҳр-муҳаббатини намойиш этмоқда. Фан ойлиги давомида гўзал шаҳримиз бўйлаб саёҳат, муқаддас қадамжоларга экскурсиялар уюштирилмоқда. Ташкил этилаётган тадбирларга таниқли олим, ёзувчи ва шоирларнинг жалб этилаётгани ўқувчилар саводхонлигини янада оширишга хизмат қилмоқда. 

 
Манба: ЎзА

Поделиться