Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Миллий боғи ва Алишер Навоий ҳайкали барпо этилган кун

2016-09-28

Ўзбекистон Миллий боғи ва Алишер Навоий ҳайкали барпо этилганига чорак аср тўлди

«...Мен ишонаманки, Навоий ҳайкали, Навоий боғи шаҳримизнинг, диёримизнинг энг гўзал ва асосий зиёратгоҳи бўлиб қолади. 

Бу ер йиллар, асрлар давомида катта халқ тантаналари, қарияларимизга, ёш авлодимизга, халқимизга малҳам, руҳий мадад берадиган севимли ва мароқли бир оромгоҳга айланади, деган катта умидим бор. 

Бу боғ ижод аҳли учун илҳом ва камолот масканига айланиб кетса, ажаб эмас...».
 

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов бундан йигирма беш йил аввал – 1991 йил 28 сентябрда Ўзбекистон Миллий боғининг ҳамда буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллиги муносабати билан мазкур боғда барпо этилган ҳайкалнинг тантанали очилиш маросимида айтган бу сўзларни бугун халқимиз, айниқса, зиёлиларимиз катта ҳаяжон ва миннатдорлик билан эслайди. 

Алишер Навоий йили деб эълон қилинган 1991 йил юртимиз, элимиз тарихида қутлуғ келганди. Шу йили халқимизнинг асрий орзу-умидлари ушалди – Ўзбекистонимиз давлат мустақиллигини қўлга киритди. 

1991 йили бутун республикамиз бўйлаб бу қутлуғ тўйга катта тайёргарлик кўрилди: қурувчилар тўрт-беш ойда тўрт-беш йиллик улкан ишни адо этди – Алишер Навоий номидаги Миллий боғ ва буюк шоирнинг муаззам ҳайкали қад ростлади; юбилей муносабати билан эсдалик тангалар зарб қилиниб, муомалага чиқарилди... 

Хўш, ана шундай ғоят мураккаб, оғир ва қалтис бир паллада Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов шунча сиёсий-иқтисодий масалаларга ечим топиш билан бир қаторда нега айнан Алишер Навоий номини абадийлаштиришга киришди? Биринчи Президентимиз ҳар соатда, ҳар дақиқада бир муаммо юз бераётган пайтда халқимизни нега айнан Навоий руҳини шод қилишга чорлади? Президентимизнинг бир неча бор Алишер Навоий ҳайкали ясалаётган устахонага ташриф буюриб, бу борада тавсиялар беришидан, Миллий боғни барпо қилишу Навоий ҳайкалини ўрнатиш, ҳатто монумент устига миллий меъморлик услубида гумбаз ёпиш ва унда буюк шоирнинг ҳикматини мангу муҳрлашга қадар эътибор беришидан мурод-мақсад нима эди? 

Бугун – орадан чорак аср ўтиб, фақат буюк инсонлар ҳаётида, айнан Халоскор қаҳрамонлар фаолиятида намоён бўладиган бундай мураккаб саволларга бир қадар жавоб топгандекмиз: миллат руҳини кўтармасдан, ғурурини тикламасдан, халқ онги-дунёқарашини ўзгартирмасдан туриб, ҳаётни ўзгартириб бўлмасди. 

– Ўша 1991 йил 28 сентябрь ҳаётимдаги энг бахтли кунлардан бири эди, – деб эслайди Ўзбекистон халқ рассоми Б.Жалолов. – Ўшанда ҳали тонг отмай Миллий боққа одамлар дарёдек оқиб кела бошлади. Чунки бу тўй миллат байрами, қадриятларимизни яна бир бор улуғлайдиган қутлуғ айём эди. Навоий ғазаллари билан айтиладиган қўшиқлар ижро этилганда, одамлар сел бўлиб тинглагани ҳозир ҳам кўз олдимда. Ўзбек урф-одатига кўра, халққа ош тортилди. Сўнг сайл бошланди. Алишер Навоий ҳайкали очилганда улуғ бобокалонимизнинг нуроний чеҳрасига боқиб, кўзига ёш олганлар қанча бўлди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг нутқини ҳаяжон билан тинглаганимиз... Биласизми, ўша куни халқимизнинг катта йўлга чиқиб олиши, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш учун жуда залворли қадам қўйилган. Шулар қаторида шахсан мен ижодимда асл миллий йўлни ўзим учун белгилаб олганман. 

...Миллий боғ бағрида ҳассасига таяниб, сизга ўйчан боқиб турган Алишер Навоий ҳайкали томон бораркансиз, мажнунтоллар буюк шоирга салом бериб тургандек туюлади. Яшиллик кўнгилни тўлиқтиради. Савлатли дарахтлар мутафаккир атрофини иҳота қилиб тургандек. Монументни ишлашда саккиз қирра элементидан кўп фойдаланилгани ҳам диққатни тортади. Бу – миллий жипслик рамзи. Сўнг гумбазга бошдан дўппи тушгудай қараймиз, ўқиймиз: 

 
Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлинг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш.


Инсониятни бир-бирига дўст-ҳамроҳ бўлишга чорлаган Алишер Навоий ҳам, шоирнинг шунча байту ғазали орасидан айнан шу ҳикматни танлаб, ўзбек, рус, инглиз ва араб тилларида нақшиннигор эттирган Ислом Каримов ҳам бир умр ягона буюк умумбашарий ғоя-мақсад – тинчлик учун курашди. Шу улуғ йўлда ўзларини аямади, қачон ва қаерда халқимиз учун бирор хавф пайдо бўлса, кўксиларини қалқон қилди. 

– Кўп ўйлайман: нима учун Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мустақиллик асосини, миллий ғоя ўзагини айнан Алишер Навоий меросига боғлади? Назаримда, уларнинг орзу-умидлари муштарак бўлган, – дейди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов. – Бу икки тарихий шахс инсоний ғоялар ижодкори, илм-фан, маданият ва ижод ҳомийси, халқпарвар, мамлакат равнақи учун курашчи сифатида инсоният тарихидан мангу жой олишга муносиб. Алишер Навоий бир умр ўзбек тилининг дунёда ўз ўрнини топиши йўлида курашган. Ислом Каримов ҳам Ўзбекистон раҳбари бўлгач, дастлабки қилган буюк ишларидан бири – ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш бўлди. Қарангки, Юртбошимизнинг сўнгги улуғ ислоҳотларидан бири ҳам миллат руҳи – она тилимиз ва адабиётимизни тараққий эттиришга хизмат қиладиган алоҳида университет ташкил этишга оид бўлди. Бугун биз айнан Алишер Навоий орзу қилган, Ислом Каримовнинг улуғ кураши ҳосиласи бўлган осойишта ҳаёт, обод турмуш, юксак маънавият ва тараққиётдан баҳрамандмиз. Бу кунларнинг янада зиёда бўлишига, бу буюк ишларнинг муносиб давом этишига ҳисса қўшиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. 

Ҳа, мустақиллик силсиласида Алишер Навоий ижоди маънавият, дид ва эътиқод фалсафаси сифатида қадр ва эъзоз топмоқда: Алишер Навоийнинг 20 жилдлик мукаммал, 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашр этилди, улар таълимнинг барча бўғинида ўрганилмоқда. Юртимиз вилоятларидан бирига, мамлакатимизнинг асосий кутубхонасига, театрлар, олий таълим муассасаси, қатор маҳаллалар, кўчалару хиёбонларга улуғ бобомизнинг номи берилган. Адабиётга, ижодкор маънавий меросига бундай юксак ҳурмат-эътиборни дунёнинг бошқа мамлакатларида учратиш қийин. 

Айни вақтда кўплаб хориж мамлакатларида шоир асарлари турли тилларда нашр этилмоқда, бадиий ва илмий меросини ўрганишга бағишланган халқаро конференциялар ўтказилмоқда. Токио, Москва, Боку каби шаҳарларда Навоий бобомизнинг муаззам ҳайкаллари қад ростлаб турибди. Меркурий планетасидаги кратерлардан бири ҳам буюк мутафаккир номи билан аталади. Буларнинг барчаси улуғ шоир асарлари нафақат ўзбек халқининг, балки бутун инсониятнинг маънавий мероси эканидан далолатдир. 

...Миллий боғ ва у ердаги Алишер Навоий ҳайкали ҳамиша зиёратчилар билан гавжум. 

– Ҳар сафар Тошкентга келсам, Навоий бобони зиёрат қилмай кетмайман, бугун ҳам, мана, неварам Иродахонга шоир бобосини бир кўрсатай, деб олиб келдим, – дейди Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги «Зарабоғ» қишлоқ врачлик пункти ҳамшираси Гуландом Саидова. – Шу боққа келсам, қандайдир бир руҳий қувват оламан, кўнглим таскин топади. Ҳар гал шундай анвойи гуллару кўркам дарахтларни парвариш қилиб, саранжом-саришталикни сақлаётганларга раҳмат айтаман. 

Тонгги зиёратдан ортга қайтарканмиз, борлиғимизда бир руҳий тозаришни ҳис қилгандай бўламиз. Беихтиёр ўша тарихий кун – 1991 йил 28 сентябрда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов айтган буюк даъват онг-қалбимизда жаранг сочгандай бўлади: «...бутун халқимизни доим бирдамликка, бир-бирига ҳамнафас ва ҳамдард бўлишга чақирган улуғ бобокалонимиз сиймоси олдида, келинглар, бир-биримизга сўз берайлик: озодлик ва Истиқлол йўлида, бу эзгу ниятларни ҳаётимизга амалий татбиқ этишда бир жон, бир тан бўлайлик! Ҳеч қачон танлаган йўлимиздан қайтмайлик! Агар халқимиз жипслашса, хоҳиш-иродамиз бир бўлса, бизларни ҳеч қандай куч енголмайди!..». 

Манба: ЎзА

Поделиться