Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

«Амир Темур» ордени таъсис этилган кун

2016-04-26

Истиқлолга эришганимиздан сўнг кўплаб улуғ аждодларимиз сингари Амир Темурнинг ҳам муборак номи, бой мероси тикланди.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1996 йили Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги кенг нишонланди. Мазкур сана муносабати билан ўша йил мамлакатимизда Амир Темур йили, деб эълон қилинди. Таъсис этилган Амир Темур ордени юртимизда Соҳибқирон сиймосига кўрсатилаётган чуқур ҳурмат ва эътиборнинг ифодасидир. 

Амир Темур тарихимиздаги энг буюк, энг ёрқин сиймолардан бири сифатида халқимизнинг миллий ифтихори рамзига айланган. Унинг ҳаёти ва фаолияти мардлик, жасурлик ва фидойилик намунаси сифатида ибрат, авлодларга қолдирган бой мероси халқимизнинг сиёсий, ижтимоий ва маънавий ҳаётида муҳим дастуриламал бўлиб келмоқда. Соҳибқирон раҳнамолигида бунёд этилган бетакрор обидалар, осори-атиқалар буюк бобомизга хос куч-қудрат, яратувчанлик ва боқийлик тимсоли бўлиб келаётир.


Орден марказида Соҳибқироннинг от устидаги улуғвор қиёфаси акс эттирилган, тасвир остида бобомиз ҳаётда қатъий амал қилган шиор – “Куч – адолатда” сўзлари битилган. Бобокалонимизнинг ҳаётий эътиқоди теран акс этган бу ҳикмат бугунги кунда давлатимиз раҳбари юритаётган сиёсатнинг ҳам туб мазмун-моҳиятини ифодалайди. 

Амир Темур ордени билан давлатчилигимизни мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари, меъморликни, илм-фан, адабиёт ва санъатни, шу жумладан, ҳарбий маҳоратни ривожлантиришга, давлатлараро ҳамкорликни, тинчликни ҳамда халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга алоҳида ҳисса қўшган юртдошларимиз, шунингдек, мамлакатимиз фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланади. 

Фуқаролар билан бир қаторда, айрим ҳолларда корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, ижодий жамоалар ва ҳарбий бўлинмалар, мамлакатимизнинг маъмурий-ҳудудий бирликлари ҳам ушбу орден билан мукофотланиши мумкин. 

1996 йил 28 августда бобокалонимизнинг 660 йиллик юбилейи муносабати билан Президентимиз фармонига биноан Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарлари, 2014 йил 22 августда Термиз шаҳри Амир Темур ордени билан мукофотланди. 

Мустақиллик йилларида қутлуғ тўйлари нишонланган бу шаҳарлар янада чирой очди. Меъморий обидалар, муқаддас қадамжолар ободонлаштирилиб, файзли зиёратгоҳларга айлантирилди. Янги, замонавий уй-жойлар, таълим, маданият муассасалари, йўлу кўприклар бунёд этилди, боғ-роғлар яратилди. Бундай эзгу ишлар кўлами янада кенгайиб бораётир. 
  
2004 йилнинг 13 июль куни юртимиз тарихида илк бор ўзбек ўғлони – Рустам Қосимжонов шахмат бўйича жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритди. Шахматчимизнинг бу юксак ғалабаси муносиб баҳоланди – Президентимиз фармонига биноан Рустам Қосимжонов Амир Темур ордени билан тақдирланди. Бу Соҳибқирондан мерос юксак ақл-заковат бугунги авлодлар томирида яшаётгани, истиқлол яратган имкониятлардан куч-қувват олиб, ўзини намоён этаётганининг гўзал ифодасидир.

Бу йил мамлакатимизда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 680 йиллиги кенг нишонланмоқда. Зеро, асрлар ўтса-да, улуғ саркарданинг Ватан, халқ олдидаги улкан хизматлари ўз аҳамиятини йўқотмайди. Унинг улуғвор, покиза сиймоси барчамизни янгидан-янги зафарларга, улкан ютуқларга ундовчи куч-қудрат манбаи, буюклик, ҳурлик ва мангулик тимсоли бўлиб қолаверади. 

Манба: ЎзА

Поделиться