Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Бутунжаҳон Ер куни

2016-04-22

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси томонидан 22 апрель — Бутунжаҳон Ер куни сифатида эълон қилинган бўлиб, мазкур сана дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўзига хос тарзда нишонлаб келинмоқда.

Сир эмас, ҳозирги кунда сайёрамиз аҳолисининг сони ошиб бориши баробарида, атроф-муҳит ва табиий бойликларга антропоген таъсирнинг ортиши, ўрмонларнинг кесилиши, экинзорларга нотўғри ишлов бериш каби омиллар она-табиатга жиддий зарар келтираяпти. Чўлланиш жараёни тезлашиб, ҳар йили 25 миллион гектар ер саҳрога айланаётир.

Ўзбекистонда 4,28 млн. гектар суғориладиган экин майдонлари мавжуд бўлиб, унинг 2,5 млн. гектарга яқини турли даражада шўрланган. Ўз-ўзидан аёнки, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, мелиорация ишларини янада яхшилаш, аграр соҳага инновацион технологияларни кенг татбиқ этиш долзарб аҳамият касб этмоқда.    

Албатта, юртимизда шу мақсадда қатор чора-тадбирлар олиб борилаяпти. Бу борада яратилган ҳуқуқий пойдевор, хусусан, Конституциямиз ва унинг асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси ҳамда бошқа тегишли қонунлар ер ва ер ресурсларини муҳофаза қилиш самарадорлигини оширишда дастуриламал бўлаётир.

Истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ  мамлакатимизда бозор муносабатларини шакллантириш ҳамда ривожлантиришга йўналтирилган ислоҳотлар натижасида ер участкаларига нисбатан хусусий мулк ҳуқуқи жорий этила бошланди. Бунда асосий эътибор фуқароларнинг ерга нисбатан хусусий мулк ҳуқуқини белгиловчи қонунчилик тизимини такомиллаштиришга қаратилди. 

Қайд этганимиздек, ерга бўлган муносабат, аввало, Асосий Қонунимизда ўз ифодасини топган бўлса, Ер кодексининг 79-моддасида ер муҳофазаси қоидалари янада -мустаҳкамланган.  Унга кўра, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва ер участкалари мулкдорлари томонидан ер муҳофазаси қоидаларига оғишмай риоя этилиши назорат қилинади. Бундан ташқари, Кодекснинг 84-моддасида ер назоратини амалга оширишда жамоат ташкилотлари давлат органларига кўмаклашиши белгилаб қўйилган.  Шунингдек, “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонунда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг экологик назорат соҳасидаги ваколатлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқароларнинг экологик назорат соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари кўрсатилган. Бу ердан фойдаланиш ҳамда уни муҳофаза қилиш соҳасига ҳам тааллуқлидир. Айни пайтда мазкур қонун ҳужжатларидаги қоида ва нормаларни рўёбга чиқариш ишлари изчил бажарилмоқда. 

Мамлакатимизда ўтган асрнинг 90-йилларида жон бошига ўртача 0,20 гектар суғориладиган ер тўғри келган бўлиб, бу кўрсаткич 2010 йилда 0,15 гектарни ташкил этди. Таҳлилларга қараганда, 2030 йилга бориб, аҳоли сони ўсиши ҳисобига жон бошига 0,12 гектар суғориладиган ер майдони тўғри келиши кутилмоқда. Бу, ўз навбатида, аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ердан оқилона фойдаланиш ҳамда уни муҳофаза қилиш ишларини янада жадаллаштириш вазифаларини кун тартибига қўяди. 

Юртимиз қишлоқ хўжалигида мулкчилик шакли ўзгариб, ер ўзининг ҳақиқий эгаси — деҳқон ва фермерларга берилгани ҳам экин майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича аниқ мақсадли саъй-ҳаракатларга замин яратмоқда. 

2013 — 2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш Давлат дастури доирасида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича  амалиётга жорий этилаётган комплекс чора-тадбирлар экин майдонларининг унумдорлик даражасини сезиларли равишда ошираяпти. Ўтган даврда 1 миллион 700 минг гектар суғориладиган ернинг мелиоратив ҳолати барқарорлашгани, сизот сувлари энг оғир даражада, яъни 2 метргача юзада жойлашган ерлар қарийб 500 минг гектар камайгани, кучли ва ўртача шўрланган ерлар эса 100 минг гектар ёки 12 фоиз қисқаргани, мелиорация тадбирлари ўтказилган экин майдонларида пахта ҳосилдорлиги гектарига ўртача 2-3 центнер, бошоқли дон экинлари эса 3-4 центнер кўпайгани бунинг яққол далилидир. 

Президентимиз мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида ер ҳамда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш жорий йил ва яқин истиқболга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг принципиал муҳим йўналиши эканини алоҳида таъкидлади. Дарҳақиқат, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришнинг самарадорлигини, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ризқ-рўзимиз манбаи — ер унумдорлиги билан узвий боғлиқ. Бошқача айтганда, ердан тўғри ҳамда оқилона фойдаланиш, саховатли заминимизга зиён етказмай, уни салбий таъсирлардан муҳофаза қилиш доимий эътибор ва назоратни, изчил ёндашувни тақозо этади. 

Поделиться