Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Гидрометаллургия заводи қурилишига тамал тоши қўйилди
2017-03-28 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Навоий давлат кончилик институтига ташриф буюрди. Бу ерда Ауминзо-Амантой олтин конлари негизида Навоий кон-металлургия комбинатининг 5-гидрометаллургия заводи қурилишининг бошланишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Мамлакатимизнинг барча саноат тармоқларида бўлгани каби Навоий кон-металлургия комбинатида ҳам модернизация ишлари олиб борилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан 2017-2026 йилларда комбинатда 27 лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. 5-гидрометаллургия заводи уларнинг энг муҳимларидан биридир. Умумий қиймати 396 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу лойиҳа йилига 5 миллион тонна рудани қайта ишлаш, 5 минг 300 га яқин иш ўрни яратиш имконини беради.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев янги гидрометаллургия заводи улкан иқтисодий-ижтимоий аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари Ауминзо-Амантой олтин конларида ўзлаштиришни бошлаш учун рамзий тугмани босди. Тадбирни видеоконференция орқали Томди туманида, 5-гидрометаллургия заводи бунёд этиладиган ҳудудда кузатиб турган комбинат мутахассислари конни портлатди.
Меҳнат фахрийси Баҳодир Бўронов, Навоий давлат кончилик институти талабаси Гулчирой Жўрақулова ва бошқалар шундай йирик саноат корхонасининг ташаббускори бўлгани ҳамда унинг қурилишини бошлаб бергани учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
Давлатимиз раҳбари шу ерда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Навоий бўлимини ташкил этиш борасидаги лойиҳалар билан танишди.
Президентимизнинг 2017 йил 17 февралдаги “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида фаолият бошлайдиган академиянинг минтақавий бўлими Навоий ҳудудини технологик ва ижтимоий ривожлантиришга қаратилган фундаментал, амалий ва инновация илмий-тадқиқотларини олиб боришга ихтисослашган бўлиб, унинг таркибида 5 илмий лаборатория иш олиб боради.
Жорий йилнинг III чорагида иш бошлайдиган илмий марказ фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантиришга, Навоий давлат кончилик институтида юқори малакали кадрлар тайёрлашга улкан ҳисса қўшади.
Саноат ривожи учун илм, инновация сув ва ҳаводек керак, деди Президентимиз. Бу ерда Фанлар академиясининг бўлимини ташкил этишни ҳаётнинг ўзи тақозо этди. Бундан мақсад илмга асосланиб маҳсулотларнинг таннархини камайтириш ва рақобатбардошлигини оширишдир. Шу боис тадқиқотларни замон талаблари асосида ташкил этиш, лаборатория ишларини такомиллаштириш зарур. Барча изланишлар истиқболга йўналтирилган бўлиши лозим.
Шавкат Мирзиёев яқин йилларда Навоий кон-металлургия комбинатида амалга ошириладиган лойиҳаларни кўздан кечирди.
2017-2026 йилларда Навоий кон-металлургия комбинатида 27 лойиҳа амалга оширилади. Қиймати 3 миллиард 63 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳалар натижасида комбинатнинг ишлаб чиқариш қуввати 30 фоизга ортади. Қўшимча 31 мингга яқин иш ўрни яратилади.
Пистали конини ўзлаштириш ва 6-гидрометаллургия заводини қуриш, 2-гидрометаллургия заводи қувватини кенгайтириш, Мурунтов конини ўзлаштиришнинг 5-навбати, техноген чиқиндиларни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши ва бошқа лойиҳалар ҳам намойиш этилди.
Манба: ЎзА