Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Маъмурий ислоҳотлар: Янгича тамойиллар ва истиқбол

2017-03-23 | Жамият

Экспертлар мамлакатимизда мустақиллик йилларида давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш жараёнида иккита асосий вазифа уддаланганини қайд этишади. 

Аввало, иқтисодиётда маъмурий-буйруқбозлик ва тақсимот тизимидан бозор муносабатларига ўтилган бўлса, иккинчидан, давлат органларининг янги шароитларда самарали фаолият юритишига эришилди. Маъмурий ислоҳотлар давлат бошқаруви тизими органлари тузилмасини унификациялаштирди. Давлат хизмати ушбу тизимнинг асосий унсурига айланди.

Ягона ёндашув зарур

Таҳлиллар шуни кўрсатаяптики, давлат хизмати фаолиятини тартибга соладиган ҳужжатлар бугунги куннинг талаб ва вазифаларига жавоб бермаяпти, соҳадаги барча масалани қамраб олмасдан, ягона ҳуқуқий стандартлар ҳамда маъмурий-бошқарув амалиётини ўрнатишга халақит қилмоқда. Хусусан, замонавий технологиялардан фойдаланиш даражасининг пастлиги, ягона кадрлар сиёсатининг йўқлиги, давлат хизматчиларининг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояси улар томонидан бажарилаётган вазифаларга мос эмаслиги давлат хизматчилари иш фаолиятига салбий таъсир кўрсатаяпти. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, ташкилотлар, фуқаролар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги муносабатларнинг бюрократлашувига, давлат тузилмалари фаолияти ёпиқлигига шарт-шароит яратаётир. 

Бундан ташқари, ҳуқуқий асослар “Электрон ҳукумат” тизимининг жадал равнақидан, давлат хизматлари ва маъмурий тартиб-таомилларининг тараққиётидан ортда қолмоқда. Амалдаги қонун ҳужжатларида давлат ҳокимияти органлари -ходимларини белгилашда бир қатор тушунчалар қўлланилади. Лекин кўламига кўра, бири-биридан тубдан фарқ қилади. Ҳукуматнинг 1997 йил 3 июлдаги қарорида кўрсатилган Давлат хизматчиларининг лавозимлари рўйхатига вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар, ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда прокуратура идоралари ходимларининг қатор лавозимлари киритилган. Ваҳолонки, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги қарори билан тасдиқланган Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларида давлат хизматчиси деганда, фақатгина ҳокимликлар, вазирлик ва идоралар ходимлари тушунилади. Қонунчиликда айни пайтда “маъмурий-бошқарув ходимлари” деган тушунча ҳам қўлланилмоқда. У юқорида қайд этилган рўйхатга киритилмаган қатор ташкилотларни ҳам ўз ичига олади. Номенклатурада хўжалик бошқаруви органлари лавозимлари борлиги унинг асосий фарқи ҳисобланади. 

Шу билан бирга, қонунчилигимизда сайланадиган мансабдор шахслар фаолияти тартибга солинган. Масалан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг мақоми ҳамда ваколатлари белгилаб қўйилган. Бир қатор ҳужжатлар, жумладан, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги, “Прокуратура тўғрисида”ги, “Судлар тўғрисида”ги, “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги, “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги қонунлар айрим давлат органларининг мақомини белгилаб беради. Кўплаб идоралар ўз мақоми, мақсад ва вазифалари белгиланган тегишли низомлар асосида иш олиб бормоқда. 

Кўриниб турибдики, давр давлат хизматлари сифатини ошириш, давлат хизматчилари фаолиятининг очиқлиги ва қонунийлигини таъминлаш бўйича вазифаларни ҳал қилишни кун тартибига олиб чиқмоқда. Бу вазифалар давлат хизматчиси ҳуқуқ ва ваколатларини аниқ белгилаб беришни тақозо этаяпти.

Шу боис Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида давлат хизмати институтини ислоҳ этиш, давлат хизматчиларининг моддий ва ижтимоий таъминоти, уларнинг касбий тайёргарлигини тубдан такомиллаштириш, бу соҳага янгича фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, ватанпарвар кадрларни жалб этиш бўйича самарали тизим яратиш зарурлигини таъкидлаган эди. 

Давлатимиз раҳбари яқин кунларда “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш вазифасини қўйди. Бу вазифа 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида алоҳида бандда кўрсатиб ўтилган.

 

Муваффақиятлар кадрлар салоҳиятига боғлиқ

Ҳозирги кунда юқори турувчи лавозимларга тайинлаш ва кўрсатиш, кадрлар захирасини шакллантириш, хизматчиларни аттестациядан ўтказиш тизими борасида ягона ёндашув йўқ, мазкур жараён жамоатчилик бехабар бўлган ички ҳужжатлар билан тартибга солинади. 

Айни пайтда баъзи идораларда, мисол учун, Давлат солиқ қўмитасида ишга қабул қилиш тартиби аниқ бўлиб, уларда бу таомил танлов асосида амалга оширилиши белгиланган. Бундай ёндашув холисона қарор қабул қилиш, малакали ходимни танлаб олиш, кадрлар захираси учун маълумотлар базасини яратиш имконини берибгина қолмасдан, фуқароларнинг ишга жойлашишда тенг ҳуқуқлилигини таъминлашга хизмат қилади. Бизнинг фикримизча, бундай ёндашув давлат хизматига қабул қилиш бўйича ягона стандартнинг асосий унсурларидан бири бўлиши ва қонуний асосга эга бўлмоғи лозим.

Бугун вазирлик ва идораларга тақсимлашда номзодларни тайинлаш ва ваколатли органлар билан келишиш жараёнини янада батафсил тартибга солиш, унинг очиқлигини таъминлаш зарурати туғилмоқда. 

Шуни қайд этиш керакки, ходимларни аттестациядан ўтказиш уларни баҳолашнинг асосий воситаси ҳисобланади. Бу таомил касбий ва бошқарув кўникмаларини такомиллаштиришдаги муаммоларни ҳамда мансаб пиллапоясидан юқори лавозимларга кўтарилиши учун салоҳиятини аниқлаш имконини беради. Амалиёт малакани баҳолаш тизимига аниқ кўрсаткичларни жорий қилиш заруратини кўрсатаяпти. Булар давлат хизматларини кўрсатиш ҳамда амалий натижаларга эришиш билан узвий боғлиқ бўлиши лозим. Бунда аҳоли сўровлари асосида натижаларни баҳолаш керак.

Бинобарин, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, бундан кейин жойлардаги раҳбарлар фаолиятига, биринчи навбатда, улар бошқараётган ҳудуддаги аҳолидан тушаётган мурожаатлар сони, уларнинг халқ ичида юриши, мавжуд муаммоларнинг амалий ечимига қараб баҳо берилади. Қисқача айтганда, раҳбарларга халқнинг ўзи баҳо беради.

Амалдаги давлат хизмати тизимида ротация механизми, яъни мансабдор шахснинг давлат органлари горизонтал йўналишида ишга кўчирилиши етарли даражада тартибга солинмаган. Бундан ташқари, давлат органлари ходимлари учун Ягона тариф сеткаси бўлишига қарамасдан, жуда кўплаб идоравий фарқлар ва истиснолар мавжуд. Бу эса, алалоқибат, мансабдор шахсларнинг ойлик маоши ҳажмига сезиларли даражада таъсир кўрсатади. Бунда ҳам ягона ёндашув ва стандартлар асосида иш олиб бориш мақсадга мувофиқ.

 

Амалий лойиҳалар концепцияси

Бугун янгича ҳамда мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, илғор бошқарув усулларини пухта ўзлаштирган, ҳалол, ўз Ватани ва халқига содиқ кадрларни тайёрлаш бўйича самарали тизим яратмасдан сифат ўзгаришларига эришиб бўлмаслиги аниқ.

Шу сабабли давлат хизматини модернизация қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг 3 январь куни “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Унда давлат органларининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари томонидан ўз мансаб ёки хизмат мажбуриятларининг бажарилиши самарадорлиги мезонларини, стандартларини ва унинг сифатини баҳолаш тизимларини жорий этиш, давлат органлари ходимларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, хизматни ўташнинг шаффоф тартибини ўрнатиш, шахсий ва касбий сифатлар, очиқлик, беғаразлик, адолатлилик ва холислик принциплари асосида танлов бўйича саралаш ҳамда хизматда кўтарилиш тизимини жорий этиш, давлат органларининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимларининг самарали ижтимоий ҳимоя қилинишини, моддий таъминот олишини ва рағбатлантирилишини таъминлаш давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар сифатида белгилаб берилган. Шу йилнинг 9 январида эса Президентимизнинг “Давлат бошқаруви ҳудудий органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва ходимларини моддий рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти девони фаолиятини янада такомиллаштириш, самарадорлигини ошириш ва тузилмасини мақбуллаштириш, шунингдек, унинг таркибий тузилмалари вазифалари ҳамда функцияларидаги такрорланишларни бартараф этиш, уларни ажратиш ва аниқлаштириш мақсадида жорий йил 1 март куни давлатимиз раҳбари “Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонга имзо чекди. 7 март куни эса ҳукуматнинг “Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари ходимларининг лавозим маошларига узоқ муддат ишлаганлиги учун ҳар ойлик устама тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди. 

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш йўналишида 17 та қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш кўзда тутилган. Биргина жорий йилнинг ўзида Давлат дастури доирасида Ўзбекистон Республикасида маъмурий ислоҳотлар концепцияси ҳамда ушбу ислоҳотларни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастури, “Давлат бошқаруви асослари тўғрисида”ги, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги, “Давлат ва хусусий шериклик тўғрисида”ги, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунлар лойиҳалари ишлаб чиқилиши белгиланган. 

Буларнинг барчаси давлат хизматчилари иш фаолияти самарадорлигини ошириш, Президентимиз томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни амалда қарор топтиришга хизмат қилади. 

Мирзоҳид ҚАРШИЕВ,

Иқтисодий тадқиқотлар маркази лойиҳаси мутахассиси.

Манба: «Халқ сўзи»

Поделиться