Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Қадриятларини улуғлаган юрт буюкдир

2017-03-20 | Туризм

Табиат уйғониши, яшариши ва янгиланишини ўзида мужассам этадиган Наврўз байрами одамларга ўзгача кайфият ва сурур бағишлайди. Буни шу кунларда юртимизга келган сайёҳлар ҳам эътироф этмоқда. 

Ямада Масамицу (Япония): 

– Мен ва ҳамроҳларим Ўзбекистон, жумладан, дунёга машҳур Бухоро ҳақида, унинг шонли тарихи, бой маданияти ҳақида турли китоблар, матбуот нашрлари орқали анча маълумотга эга эдик. Аммо бу ерга келгач, кўрган ва билганларимиз ўқиган ва эшитганларимиздан ўн чандон ортиқ эканига гувоҳ бўлдик. Ер юзида қадимий шаҳарлар кўп. Аммо Бухоро каби ўзига хос, миллий ва асл қиёфасини сақлаб келаётган кўҳна марказлар саноқли. 

Сафаримиз Наврўз арафасига тўғри келганидан хурсандмиз. Бизда ҳам баҳор бошланиши шу даврга тўғри келади. Сакура гулладими, билингки, кўклам. Лекин бизда баҳор Ўзбекистондагидек нишонланмайди. Халқингиз қадимий байрамини кутиб олишга қизғин тайёргарлик кўргани ҳар қандай одамни мафтун этади. Ҳаммаёқ обод, саранжом-саришта. Айниқса, кўчаларда байрамона кийинган болакайларнинг шоду хуррамлигини кўриб, ҳавасинг келади. Бутун дунё Ўзбекистондай бўлса эди, деб юборасан беихтиёр. Одамлар бир-бирини, танишми-нотанишми Наврўз билан қутламоқда. Бунга ҳавас қилмай бўладими? Ахир, яхши ниятнинг ўзи эзгулик, олий қадрият. 

Ўзбекистон билан Япония халқлари ўртасида ўхшаш жиҳатлар кўп экан. Бу нарса меъморий обидалардаги сержилолик, фалсафий мазмундорлик, аёллар либосидаги этнографик яқинлик, одамларингиздаги хушфеълликда намоён бўлиб турибди. Балки шунинг учун ҳам бир-биримизни англашимиз осон, деб ўйлайман. 

Ли Видхаус (Буюк Британия): 

– Ўзбекистонда бўлган танишларим дўстларига бу мамлакатда лоақал бир бор бўлса-да, бўлишни тавсия қилишарди. Боисини бу ерга келгач, тушундим. Тошкентнинг озодалиги ва кўркамлигига ҳавас қилдим. Қадимий шаҳарлар, хусусан, Бухорода меъморий обидалар сеҳрига мафтун бўлдим. Эзгулик, меҳр-оқибат айёми бўлган Наврўз байрами Ўзбекистондаги барча миллатлар учун бирдай қадрли, умумхалқ байрами сифатида нишонланиши ҳам ғоят ибратли қадрият. Ўз қадриятларини улуғлайдиган бу юртнинг келажаги буюкдир. 

Бу юртда тинчлик-осойишталик ҳукмрон. Одамлар кўча-кўйда ўзини бехавотир сезади. Бугун дунёда бундай ҳолатни ҳамма жойда ҳам кўравермайсиз. Кеч оқшомда ҳам бамайлихотир сайр қиласиз. Сайёҳлик ривожи учун ҳам бу муҳим жиҳат. Хуллас, таассуротларим бир олам. Ўз юртимга қайтгач, булар ҳақида танишларимга сўзлаб бераман. 

Карлос Сильва (Бразилия): 

– Мен Ўзбекистонда уч йил аввал ҳам бўлгандим. Масофа узоқлигига қарамай яна келдим. Албатта, бунинг боиси бор. Биринчидан, қадимий шаҳарларингиз, жумладан, Бухорони соғиндим. Бу ердаги бетакрор обидалар мени ва рафиқамни мафтун қилган эди-да. Бухорода ўзингизни худди сеҳрли шаҳарга, эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис этасиз. Бу ажойиб туйғуни дунёнинг бошқа бирор жойидан топишингиз мушкул. 

Юртингизга келишимнинг яна бир боиси, Ўзбекистонда менинг яқин дўстларим бор. Жанубий америкалик кекса кишининг бу ерда қандай яқини бўлиши мумкин, дейсизми? Аввалги сафаримни Самарқанддан бошлаган ва у ерда бир киши билан танишиб қолган эдим. Гурунг асносида у менга Ўзбекистон ҳақида кўп нарсаларни гапириб берганди. Бу инсоннинг суҳбати ўзим меҳмони бўлган юрт тарихи, унинг бугунги тараққиёти ҳақидаги қарашларимни бойитди. Ватанпарвар, хушфеъл бу инсон дўстимга айланди. У мени Самарқандга таклиф қилди. Наврўз байрамида қатнашаман. Бу ҳаётимда унутилмас воқеа бўлишига ишонаман. Наврўз байрамингиз муборак бўлсин! 

 
Эркин Ёдгоров, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться