Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Таълим муассасаларида «Экологик маданият ойлиги» ўтказилади
2017-03-20 | Экология
«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ташаббуси билан таълим муассасаларида жорий йилнинг 20 мартидан 20 апрелигача «Экологик маданият ойлиги» ўтказилади.
Шу муносабат билан Ёшлар ижод саройида ҳамкор ташкилот вакиллари, ҳаракат фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда она табиатни асраш, атроф-муҳит софлигини сақлаш, тозалик, озодалик, поклик халқимизга хос қадрият эканлиги таъкидланди.
Ёшларда экологик маданиятни, табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш кўникмасини шакллантириш, уларнинг экологик билимларини янада бойитиш муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилаётган лойиҳа ҳам айни шу мақсадларни ўзида мужассам этган.
Ойлик доирасида таълим муассасалари ҳудудини ободонлаштириш ва тозалаш мақсадида «Ёшлар ҳашари», «Экологик лаборатория», «Экологик экскурсия», «Ҳар бир ёшга бир ниҳол!» каби ўнга яқин лойиҳа амалга оширилади.
«Эко-ташаббус» лойиҳаси ёшларнинг экологик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган бўлса, «Яшил чорлов» акцияси ҳаракатнинг бошланғич ташкилотлари ўртасида ўзаро беллашув тарзида ўтказилиши билан фарқланади.
«Аждодлар хотираси муқаддас!» лойиҳаси доирасида муқаддас қадамжо, зиёратгоҳ ва қабристонлар ободонлаштирилди. Кўчатлар экилиб, дарахтлар оқланди.
Ойлик доирасида ўқув-семинарлар, маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ташкил этиш кўзда тутилган.
Манба: ЎзА