Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқ билан бевосита мулоқот инсон манфаатларини таъминлашнинг муҳим омили
2017-03-07 | Сиёсат
Жорий йилнинг 6 март куни халқ депутатлари Амударё тумани Кенгашининг сессиясида Қорақалпоғистондан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари иштирокида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, соғлиқни сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиш якунлари кўриб чиқилди.
Таъкидлаш лозим, парламент аъзоларининг ҳудудларни ўрганиш амалиёти тизимли йўлга қўйилган бўлиб, жорий йилда иккинчи маротаба ташкил этилган бундай мулоқотлар доирасида улар томонидан жойлардаги ҳақиқий аҳвол ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг аҳоли ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги фаолияти ўрганилмоқда.
Депутат ва сенаторларнинг Амударё туманига ҳозирги ташрифида бошқа вазифалар қаторида, соғлиқни сақлаш соҳаси чуқур таҳлил этилди. Чунончи, тиббиёт муассасаларининг бирламчи бўғини — қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ва дори-дармон воситалари билан таъминлашни янада яхшилаш масалалари бугунги кунда долзарб аҳамият касб этмоқда.
Ўрганишлар давомида туман соғлиқни сақлаш тизимидаги мавжуд ҳолатни яхшилаш юзасидан “Саломатлик” лойиҳаси доирасида бир қатор ишлар амалга оширилгани қайд этилди. Аммо ечимини кутаётган айрим масалалар депутатларнинг диққат марказида бўлди. Хусусан, 3 та ҚВП биносида тез ёрдам шаҳобчасини ташкил этиш ва уларни санитар автомашиналар билан таъминлаш лозим. Айрим қишлоқ врачлик пунктлари таъмирталаб, лабораторияларда эса замонавий анализатор етишмайди. Сессияда аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатилиши даражаси ва сифатини, қишлоқ врачлик пунктлари фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан зарур тавсиялар берилди.
Очиқ ва танқидий мулоқот руҳида ўтказилган сессияда эришилаётган натижалар билан бирга аҳолининг ижтимоий ҳаётини яхшилаш борасида ечимини кутаётган муаммолар мавжудлигига эътибор қаратилди.
Сессияда аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш сифати юзасидан тумандаги ижроия ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.
Сессияда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
****
Шу куни халқ депутатлари Шовот туман Кенгашининг сессияси ҳам бўлиб ўтди. Маҳаллий Кенгаш депутатлари туманни ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этиш, аҳолининг ҳаёт фаровонлигини таъминлаш юзасидан туман аҳолиси билан бевосита мулоқотлар чоғида кўтарилган масалаларни батафсил муҳокама қилдилар.
Таъкидланганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари аҳоли хонадонларида бўлиб, фуқаролар билан бевосита мулоқот қилдилар, уларнинг турмуш тарзи, яшаш шароити билан яқиндан танишишди. Мулоқотлар давомида аниқланган камчиликларни имкон қадар жойида ҳал этишга ҳаракат қилинди.
Парламент вакилларининг бу галги ташрифида соғлиқни сақлаш соҳасига алоҳида эътибор берилди. Айниқса, қишлоқ врачлик пунктлари фаолияти ҳамда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва дори-дармон воситалари билан таъминлашни янада яхшилаш масалалари чуқур таҳлил қилинди. Ўрганишлар давомида фуқаролар тиббий хизмат кўрсатиш борасида мавжуд қишлоқ врачлик пунктлари ишини тубдан қайта кўриш, уларни малакали тиббий ходимлар ва зарур дори-дармонлар билан таъминлаш юзасидан ўз фикрларини билдирдилар. Ўрганиш натижаларига кўра, туман тиббиёт бирлашмасида 24 та олий маълумотли шифокорлар етишмаслиги аниқланган. Тез ёрдам хизмати фаолияти ҳам талаб даражасида эмас. Сессияда ушбу ҳолатлар ечимига доир бир қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Шу билан бирга, ўрганиш натижалари туманда бошқа соҳалар жумладан, аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларга савдо ва маиший, коммунал хизмат кўрсатиш борасида ҳали ўз ечимини кутаётган бир қатор камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Туманда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан уларга қонун билан берилган ваколатлардан самарали ва тўлиқ фойдаланилмаётганлиги, хусусан ҳудуддаги корхона, муассаса ва ташкилот раҳбарларининг ҳисоботлари тизимли равишда эшитилмаётганлиги, қабул қилинган қарорларни бажармаган ёки лозим даражада бажармагани учун мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тақдимномалар киритиш амалиёти йўлга қўйилмаганлиги қайд этилди.
Сессияда мутасаддилар ижро ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг, шунингдек, хизмат кўрсатиш идоралари томонидан инсон манфаатлари устуворлиги йўлида амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида ахборот бердилар ва кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси