Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Муаммолар жойларда ечимини топмоқда
2017-03-06 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари жойларда аҳоли билан мулоқот қилиб, уларнинг турмуш тарзи ва муаммолари билан танишмоқда.
Парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантиришга қаратилган бундай очиқ мулоқотлар шаҳару туманларда ҳақиқий аҳволни ўрганиш ҳамда тегишли раҳбарлар ҳисоботини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиш тартибини жорий этишда долзарб аҳамиятга эга.
Жумладан, Самарқанд вилоятининг Пайариқ тумандаги “Халқабод” МФЙ қарашли “Эшимоқсоқ” қишлоғида яшовчи фуқаро А.Раҳматуллаевнинг етти ёшли фарзанди С.Сулаймоновнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси йўқли сабабли мактабдан ҳайдалиши мумкинлигини айтиб, депутатдан амалий ёрдам сўраб мурожаат этди. Шунда депутат Азамат Пардаев ушбу ҳолат юзасидан туман ФХДЁ мудираси З.Йўлдошовага мурожаат этиб, фуқаро А.Раҳматуллаевнинг етти ёшли фарзанди С.Сулаймоновга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини олиб берди.
“Эшимоқсоқ” қишлоғида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда 15 нафар бўш иш ўринлари яратиш мақсадида ташкил этилган нон ва ширин пишириқлар маҳсулоти ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Зилола” унитар корхонаси раҳбари ҳамон электр тармоқларига улаш учун рухсат берилмаганлиги юзасидан ёрдам сўраб депутат Азамат Пардаевга мурожаат қилди. Ушбу ҳолат ўрганилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди ва “Зилола” унитар корхонасига электр тармоқларига уланиш учун рухсат олиб берилди.
Депутат томонидан Челак газ таъминот унитар корхонаси фаолияти ўрганилганда корхона бошлиғи Т.Бойматовнинг мурожаатига кўра, корхонага тўлов терминал аппаратлари етишмаётганлиги аниқланди. Шунда депутат аҳоли учун хизмат кўрсатиш даражасини яхшилаш, қулай имкониятлар яратиш мақсадида туман Халқ банки бошлиғи Бахтиёр Носиров ва туман Агробанк бошлиғи Отабек Абдураҳмоновлар билан учрашди. Натижада 3 та тўлов терминал аппаратлари Челак газ таъминот унитар корхонаси ва 1 та тўлов терминал аппарати туман электр тармоқлари корхонасига ўрнатилишига келишиб олинди.
Тоҳир Бойматов,
Челак газ таъминот унитар корхонаси бошлиғи:
– Пластик карта орқали аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасида тўлов терминал аппаратлари етишмаслиги бизни қийнаб келарди. Депутатларнинг ташаббуси билан мазкур муаммо ҳал этилди. Энди корхонамиз аҳоли учун қулай шарт-шароитда тўловларни пластик карта орқали қабул қилиш имкониятига эга бўлди.
Депутатлар тумандаги бошқа маҳалларга ҳам ташриф буюриб, аҳоли билан мулоқотларни давом эттирмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси