Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳамиша ардоғимиздасиз
2017-03-04 | Жамият
Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан пойтахтимиз туманларида “Аёл борки, олам мунаввар” мавзуида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
«Зарафшон» концерт залида ташкил этилган тадбирга Учтепа туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаол аёллар, фахрий онахонлар, иқтидорли қизлар таклиф этилди.
Учтепа тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Орипова ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида хотин-қизларнинг ҳаёт сифатини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, қизларнинг замонавий касб-ҳунарларни эгаллаб, ҳаётдан муносиб ўрин олиши учун барча шароит яратилганини таъкидлади.
Тадбирда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни изчиллик билан амалга ошириш, хусусан, аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш, ўсмир қизларни ихтисослашган тиббий кўрикдан ўтказиш, хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани қайд этилди.
– Осмони тинч, юрти осуда, ўтаётган ҳар куни байрам, фарзандлари бахтиёр элнинг аёли эканимдан фахрланаман, – дейди Учтепа туманидаги «Истироҳат» маҳалла фуқаролар йиғини раисининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Дилбар Абдуллаева. – Юртимизда хотин-қизларга ҳурмат, эъзоз ва эътибор кўрсатиш юксак даражага кўтарилган. Маҳалламизда аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни иш билан таъминлаш, қизларимизнинг иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариш учун кўплаб саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Ишлаб чиқариш, илм-фан, тадбиркорлик, ҳунармандлик, спорт, санъат соҳаларида катта ютуқларни қўлга киритаётган бир гуруҳ фаол аёлларга эсдалик совғалари топширилди.
Таниқли хонандалар ижросидаги қўшиқлар қалбларга шодлик улашди.
Манба: ЎзА