Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Гўзаллик ва саломатлик асоси
2017-03-03 | Спорт
Ёш авлоднинг соғлом ва баркамол улғайишида спортнинг ўрни беқиёс. Шу боис мамлакатимизда аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида спортнинг оммавийлигини оширишга, уларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишига эътибор қаратилиб, зарур шароит ва имкониятлар яратилмоқда.
Биринчи Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг фаолияти бу борада муҳим аҳамият касб этаётир. Жамғарма маблағлари ҳисобидан ҳар йили юртимиз шаҳару қишлоқларида замонавий спорт иншоотлари қурилиб, оммавий спортни ривожлантириш ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.
Самарқанд вилоятида 2003-2016 йилларда 300 га яқин спорт иншооти, болалар мусиқа ва санъат мактаби қурилди, реконструкция қилинди. Ўтган йили жамғарма ҳисобидан 45 миллиард 400 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланиб, 47 спорт иншооти, 2 болалар мусиқа ва санъат мактаби бунёд этилди. Уларнинг аксарияти, яъни 44 таси қишлоқ жойларда қад ростлагани янада эътиборлидир.
– Қурилиш ишларининг сифати замон талабларида бўлиши, аввало, лойиҳа ташкилотлари ва уларнинг ходимлари малакасига боғлиқ, – дейди Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Самарқанд вилояти филиали директори Ҳ.Самандаров. – Шу мақсадда вилоятдаги лойиҳалаштириш институтларининг 14 таси болалар спорти объектлари лойиҳасини ишлаб чиқиш учун танлаб олинган. Улар томонидан яратилган лойиҳалар архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши муҳокамасидан ўтгач, қурилиш бўйича тендер танловларига рухсат берилмоқда. Иншоотларнинг сифатли қурилиши ва ўз вақтида фойдаланишга топширилишини таъминлашда жамоатчилик назоратининг йўлга қўйилгани ҳам яхши самара бермоқда. Ўтган йили барча қурилиш ишлари жамоатчилик вакиллари томонидан кузатилиб, объектлар белгиланган муддатларда фойдаланишга топширилди. Жорий йилда қурилиш ва реконструкция қилиниши белгиланган 54 спорт зали, 3 болалар мусиқа ва санъат мактаби, битта болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, битта ёпиқ сузиш ҳавзаси лойиҳасини тайёрлаш, қурилиш ташкилотини танлашда ҳам ушбу мезонлар асос қилиб олинди.
Янги бунёд этилаётган ҳамда мавжуд спорт иншоотларини зарур жиҳозлар билан таъминлаш мақсадида айни пайтда вилоятдаги “Стеклопластик”, “Зулфия”, “Отабек”, “Эл холдинг” корхоналарида халқаро стандартларга жавоб берадиган 75 турдаги спорт жиҳозлари ва ускуналари ишлаб чиқарилмоқда. “Амин Инвест Интернейшнл”, “8-март”, “Замон текстил экспорт” сингари корхоналарда эса сифатли ва арзон нархларда спорт либослари тайёрлаш йўлга қўйилган.
Вилоятда спорт иншоотларидан самарали фойдаланилаётгани туфайли бугунги кунда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган ёшларнинг 60 фоизи спорт билан шуғулланмоқда. Жумладан, умумтаълим мактабларида таълим олаётган 272 мингга яқин қизнинг 58 фоизи спорт билан машғул. Спорт залларининг кунлик фойдаланиш самарадорлиги 10,5 соатни ташкил этади.
Ҳафтанинг шанбаси спорт иншоотларида хотин-қизлар учун очиқ эшиклар куни, деб белгиланган. Шу куни мажмуаларда фақат хотин-қизлар спорт билан машғул бўлади. Айниқса, сув ҳавзаларидан фойдаланаётган қизлар сафи кенгайиб бормоқда.
Болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасини фарзандларимизнинг жисмоний ривожланиши ва саломатлиги яхшиланиб бораётганида ҳам кўриш мумкин. Маълумотларга кўра, 2004 йилда 10 ёшдаги ўғил болаларнинг ўртача бўйи 132 сантиметр бўлган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич 135,9 сантиметрга етган, қизларнинг бўйи эса 132 сантиметрдан 136 сантиметрга ўсган. Шу билан бирга, 2004 йилга нисбатан соғлом болалар 10 фоизга ошиб, 66 фоизни ташкил қилган ҳамда ҳар 100 минг болада ўткир респиратор вирусли инфекциялар билан касалланиш 31 фоизга, сколиоз касаллиги 24 фоизга камайган.
Болалар спортини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган бундай саъй-ҳаракатлар фарзандларимизнинг жисмонан ва маънан соғлом улғайишига хизмат қилиши баробарида, истеъдодли спортчиларни кашф этиш, уларнинг халқаро майдонларда юқори натижаларга эришиши йўлида кенг имкониятлар яратмоқда.
Манба: ЎзА