Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Наримон Умаровнинг Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашуви
2015-02-21 | Сиёсат
Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров 20 февраль куни Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашди.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14-Тошкент шаҳар округ сайлов комиссияси раиси Ж.Иноғомов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили П.Пармонова йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Дастурда демократия тамойилларига таянган ҳолда аҳоли турли ижтимоий гуруҳ ва қатламларининг турмуш сифати ва даражасини янада оширишга хизмат қиладиган иқтисодиётнинг ижтимоий йўналтирилишига ҳисса қўшиш илгари сурилган. Иқтисодиёт фан ва техниканинг энг замонавий ютуқларига, илғор инновацион тафаккурни тарбиялайдиган таълим тизимига таяниши зарурлигига эътибор қаратилган. Шу билан бирга, жамиятда қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш, иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш орқали соҳага инновацияларни жорий қилиш, кадрларни мақсадли тайёрлаш, илм-фанни ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтларининг ролини янада ошириш каби қатор устувор вазифалар илгари сурилган.
Учрашувда Сергели тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Д.Раҳимжонова, партиянинг Миробод тумани кенгаши раиси Т.Матибоев ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, сайловчиларни 29 март куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Манба: ЎзА