Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Депутатлар қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар

2017-02-24 | Сиёсат

24 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. 

Депутатлар фуқаролар, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. 

Парламент қуйи палатаси мажлисининг кун тартибига киритилган масалалар сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, Қонунчилик палатаси қўмиталарининг мажлисларида вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари иштирокида дастлабки тарзда муҳокама қилинган эди. 

Депутатлар ўз ишларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрда қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонини ижро этиш мақсадида ҳамда 2017 йилга мўлжалланган Солиқ ва бюджет сиёсати концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилишдан бошладилар. 

Таъкидланганидек, бугунги кунда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларини ислоҳ қилиш жараёни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди ҳамда ягона комплекc ҳужжат – 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида ўтказилмоқда. Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш алоҳида йўналиш сифатида белгиланган. Ривожланган иқтисодиёт барча бошқа соҳаларни такомиллаштиришнинг муҳим омили сифатида кўриб чиқилмоқда. Иқтисодиётни ривожлантириш учун мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш зарур эканлиги қайд этиб ўтилди, бунга эса молиявий ва солиққа доир масалаларни самарали ҳал этиш орқали эришилади. 

Шу сабабли қонун лойиҳасида тўловга оид тартиб-интизомни, солиққа оид маслаҳатлар бериш соҳасида кўрсатиладиган хизматлар сифатини, хорижий инвестицияларга эга бўлган корхоналарнинг ҳуқуқлари ва улар фаолиятининг кафолатларини таъминлаш назарда тутилмоқда. Қонун лойиҳасини тайёрлаш чоғида амалда мавжуд бўлган муаммолар таҳлил этилди, Австрия, Германия, Италия каби давлатларнинг ҳамда МДҲдаги бир қатор мамлакатларнинг тажрибаси ўрганилиб, бу пировардида ҳужжатнинг сифатини яхшилаш имконини берди. 

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорлик соҳасини жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратишга, солиққа оид маслаҳатлар бериш масалаларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади. 

«Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирларнинг қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Қайд этиб ўтилганидек, ушбу қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида мавжуд бўлган нормаларнинг амалиётга татбиқ этилишини таъминлайди. 

Қонун лойиҳасида Жиноят, Жиноят-процессуал, Фуқаролик- процессуал, Жиноят-ижроия кодексларига ва «Судлар тўғрисида»ги ҳамда «Прокуратура тўғрисида»ги қонунларга «Хабеас корпус» институтини қўллаш соҳасини янада кенгайтиришга, тергов устидан суд назоратини кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. 

Кўриб чиқилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва либераллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда назорат қилувчи органлар фаолиятининг самарадорлиги ва, энг муҳими, аҳолининг одил судловга бўлган ишончи ортишига хизмат қилади. Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, жамиятда қонунийликни мустаҳкамлаш борасида айнан ана шу мезон асосий ҳисобланади. 

– Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишни таъминлаш мамлакатимиз Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади, – дейди Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Шуҳрат Мамажонов. – Киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ жиноий жазолар тизимига «мажбурий жамоат ишлари»нинг киритилиши муносабати билан қамоқ тариқасидаги жиноий жазо бекор қилинади. Жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни ушлаб туриш, қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллаш, дастлабки тергов, шунингдек, фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддатлари қисқартирилмоқда. 

Мазкур ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокама қилиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари сўзга чиқдилар ва қонун лойиҳалари биринчи ўқишда қабул қилинди. 

Сўнгра депутатлар «Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига кредиторлар ва қарздорларнинг суд орқали ҳимоя қилинишга бўлган ҳуқуқини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар. Бундан буён банкротлик тўғрисидаги ишда келишмовчиликларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан суднинг апелляция инстанцияси чиқарган қарорлар қайта кўриб чиқилиши лозим, яъни юқори турувчи инстанцияларга судларнинг қарори устидан шикоят қилиниши мумкин. 

Умуман олганда, бугунги кунда парламент қуйи палатасидаги қонун ижодкорлиги фаолияти жараёни назорат-таҳлил тадбирларининг, депутатлар томонидан ишларнинг ҳақиқий аҳволи ва аҳоли эҳтиёжларини жойларга чиқиб шахсан ўрганиш натижаларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилаётгани, бу эса Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида айниқса долзарб эканлиги таъкидланди. 

Мажлис давомида депутатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқдилар. 

 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати

Манба: ЎзА

Поделиться