Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

2017-02-22 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Мамлакатни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири суд тизимини изчил демократлаштириш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга қатъий риоя этилишини таъминлаш ҳисобланади. 

Ўтган йиллар давомида судни ҳокимиятнинг мустақил ва алоҳида тармоғи сифатида ташкил этиш, уни ўтмишдаги жазолаш органидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилувчи ҳамда ишончли ҳимоя қилувчи давлатнинг чинакам мустақил институтига айлантириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. 

Шу билан бирга, судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлаш тартибини янада такомиллаштириш зарур. Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси аниқ ҳуқуқий мақомга эга эмас, ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади ва чекланган ваколатларга эга. 

Бундан ташқари, суд ҳокимиятининг икки олий органи –Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судининг мавжудлиги суд тизимини бошқариш вазифаларининг такрорланишига, ягона суд амалиёти таъминланмаслигига олиб келмоқда. 

Ҳарбий суд судьяларининг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига киритилганлиги, адлия органлари томонидан умумий юрисдикция судлари фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш тартиби суд ҳокимиятининг мустақиллиги тамойилига мувофиқ келмаяпти.

Судлар тизимининг амалдаги тузилмаси ва штат бирлиги хизмат вазифаларини оқилона тақсимлаш имконини бермаяпти, бу эса уларни замон талабларини инобатга олган ҳолда такомиллаштириш ва мақбуллаштиришни талаб этади. 

Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларининг ишончли суд ҳимоясини таъминлаш, маъмурий суд иш юритувини амалга ошириш бўйича конституциявий нормани, шунингдек аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш зарурати маъмурий судлар тизимини ташкил этишни тақозо этмоқда. 

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва нуфузини ошириш, судлар тузилмасини ҳамда судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида: 

1. Судьялар ҳамжамиятининг органи ҳисобланадиган ва Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши (кейинги ўринларда – Кенгаш) ташкил этилсин. 

2. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси тугатилиб, унинг 21 нафар бўшаётган ижро аппарати штат бирлиги Кенгашга ўтказилсин. 

3. Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари этиб белгилансин: 

судьялик лавозимларига номзодларни танлов асосида танлаш, малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан судьяларни тайинлаш, шунингдек раҳбар судьялик лавозимларига кўрсатиш учун тавсия бериш йўли билан судьялар корпусини шакллантириш; 

судьялар дахлсизлиги бузилишининг ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш; 

судьяларни касбий тайёрлаш, малакасини оширишни ташкил этиш, уларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш, шунингдек судьяларни рағбатлантириш бўйича ташаббус кўрсатиш; 

оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик олиб бориш, аҳоли билан мулоқотни йўлга қўйиш, судьялар томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши масалалари бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш; 

суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва ягона суд амалиётини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ва уни амалга ошириш сифатини яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлаш; 

судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш, шунингдек уларни жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортишга хулоса бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш. 

4. Белгилансинки: 

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Олий судининг раислари, раис ўринбосарлари, судьялари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан сайланади; 

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари ва раис ўринбосарлари Кенгашнинг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади; 

ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, туман (шаҳар), туманлараро судлари судьялари Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Кенгаш томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади. 

5. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Олий суд ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот марказини бошқарув ходимлари чекланган сони 21 нафар бўлган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш бўйича тадқиқот маркази сифатида ўзгартириш ҳақидаги таклифи маъқуллансин. 

6. Кенгаш таркибини шакллантиришнинг қуйидаги тартиби белгилансин, унга кўра: 

Кенгаш раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан тайинланади; 

ўн бир нафар аъзо Кенгаш раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Кенгаш аъзоси лавозимидаги даврида судьялик мақоми сақланган ҳолда судьялар орасидан тасдиқланади; 

тўққиз нафар аъзо Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан тасдиқланади. 

7. Доимий асосда ишловчи Кенгаш аъзоларига судьялар учун белгиланган кафолатлар, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ва имтиёзлар татбиқ этилсин. 

8. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди ва Мудофаа вазирлигининг 2017 йил 1 июндан: 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судини бирлаштириш, фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий судини ташкил этиш; 

оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларини, туман (шаҳар) маъмурий судларини ташкил этиш; 

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, округ ва ҳудудий ҳарбий судларнинг 159 та штат бирлигини қисқартириш ва Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг қўриқлаш взводини тугатиш; 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ҳарбий ҳайъати, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, округ ва ҳудудий ҳарбий судлар штат бирликларини судьялар ва ҳарбий судлар ходимларидаги ҳарбий хизматчилар ҳуқуқий мақоми, шу жумладан ҳарбий хизматчилар учун белгиланган ҳуқуқ, имтиёз ва афзалликлар сақланмаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди тизимига ўтказиш; 

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Ҳарбий ҳайъатини тугатиб, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатини ташкил этиш; 

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судларини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари этиб ўзгартириш; 

ишларни биринчи инстанцияда кўриб чиқишга ваколатли бўлган 71 та туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларини ташкил этиш; 

амалдаги суд мажлиси котиби лавозимини тугатиб, белгиланган умумий штат бирлиги доирасида судларнинг тузилмаларига судья катта ёрдамчиси, ёрдамчиси лавозимларини киритиш, уларга тегишли равишда Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг 10–12 ва 8 разрядларини белгилаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин. 

Белгилаб қўйилсинки, хўжалик судларининг амалдаги судьялари ваколат муддати тугагунига қадар Олий суд ва тегишли Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судларининг судьялари сифатида ўз фаолиятини амалга оширишни давом эттирадилар. 

9. Янгидан ташкил этилаётган судларни тўлдириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган бошқарув ходимларининг қўшимча 560 та штат бирлиги, шу жумладан 318 та судьялик штат бирлиги ажратилсин. 

Бошқарув ходимлари сонининг чекланган штати қуйидаги миқдорларда белгилансин: 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди учун 168 та бирлик, шундан судьялар – 67 та бирлик; 

фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари учун 313 та бирлик, шундан судьялар – 108 та бирлик, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари учун 654 та бирлик, шундан судьялар – 252 та бирлик; 

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари учун 128 та бирлик, шундан судьялар – 58 та бирлик, туман (шаҳар) маъмурий судлари учун 408 та бирлик, шундан судьялар – 204 та бирлик; 

жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари учун 326 та бирлик, шундан судьялар – 115 та бирлик, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари учун 898 та бирлик, шундан судьялар – 321 та бирлик; 

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, ҳудудий ҳарбий судлар учун 28 та бирлик, шундан судьялар – 10 та бирлик; 

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари учун 117 та бирлик, шундан судьялар – 59 та бирлик, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари учун 433 та бирлик, шундан судьялар – 181 та бирлик. 

10. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузурида Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти (кейинги ўринларда – Олий суд ҳузуридаги Департамент): 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш бўлинмаларининг 51 та бошқарув ходими штат бирлигини ўтказиш; 

Ўзбекистон Республикаси ҳарбий судлари судьялари ҳарбий хизматчи мақомини йўқотганлиги муносабати билан давлат бюджети маблағлари тежалиши ҳисобига 17 та бошқарув ходими штат бирлигини киритиш йўли билан ташкил этилсин. 

Олий суд ҳузуридаги Департаментнинг чекланган сони 68 та бирлик, шу жумладан марказий аппаратда – 12 та бирлик, ҳудудий бўлимларда – 56 та бирлик миқдорида белгилансин. 

11. Олий суд ҳузуридаги Департаментнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин: 

судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш бўйича ишни ташкил этиш, шунингдек уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш; 

суд биноларини қуриш ва таъмирлаш учун ажратилган маблағларнинг самарали сарфланишини таъминлаш, судлар фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирларни кўриш; 

судьялар ва суд аппарати ходимларининг меҳнат шароитларини, моддий ва ижтимоий таъминотини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш. 

12. Қуйидагилар: 

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тузилмаси, штат жадвали, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши аъзолари ва ижро аппарати ходимларининг Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатига ҳақ тўлаш разрядлари 1–3-иловаларга мувофиқ; 

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тузилмаси 4-иловага мувофиқ; 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти марказий аппаратининг тузилмаси, унинг ҳудудий бўлимларининг намунавий тузилмаси 5–6-иловаларга мувофиқ; 

Ўзбекистон Республикаси ҳарбий судлари тизимининг ташкилий-штат тузилмаси, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг тузилмаси 7–8-иловаларга мувофиқ; 

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, шунингдек туман (шаҳар) маъмурий судларининг намунавий тузилмалари 9–10-иловаларга мувофиқ; 

фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, шунингдек фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судларининг намунавий тузилмалари 11–12-иловаларга мувофиқ; 

жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, шунингдек жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларининг намунавий тузилмалари 13–14-иловаларга мувофиқ; 

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларининг намунавий тузилмалари, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларининг юрисдикция ҳудудлари 15–17-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин. 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига зарур ҳолларда бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида тегишли судларнинг тузилмаларига Кенгаш билан келишилган ҳолда ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилсин. 

13. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги уч ой муддатда: 

ҳарбий судлар тузилмалари қайта кўриб чиқилиши муносабати билан қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳарбий судларининг барча шахсий таркибини ҳақиқий ҳарбий хизматдан бўшатиш масаласи бўйича қарор қабул қилсин; 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ҳарбий ҳайъати, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, округ ва ҳудудий ҳарбий судлар томонидан фойдаланилаётган бинолар, хизмат турар жойлари, транспорт воситалари, мебеллар, компьютер техникалари ва бошқа мулкларни Ўзбекистон Республикаси Олий судига белгиланган тартибда ўтказилишини таъминласин. 

14. Ўзбекистон Республикаси Олий суди: 

Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш бўйича тадқиқот маркази ҳақидаги низом, унинг тузилмаси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарорлари лойиҳалари ишлаб чиқилиши ва киритилишини; 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда илғор хорижий тажрибани чуқур ўрганиш асосида суд ва бошқа юридик кадрларни касбий тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини оширишнинг ягона тизимини яратиш бўйича таклиф киритилишини; 

Кенгаш билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Олий судини, янгидан ташкил этилаётган судларни юқори малакали кадрлар билан, биринчи навбатда, мазкур Фармонга мувофиқ лавозими қисқартирилаётган судьялар ва суд ходимлари ҳисобидан тўлдирилишини; 

янгидан ташкил этилаётган судлар, шунингдек Олий суд ҳузуридаги Департамент ва унинг ҳудудий бўлимлари жойлаштирилишини, мебель, компьютер техникаси ва алоқа воситалари билан жиҳозланишини; 

Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар, шу жумладан маъмурий судлар ташкил этилиши муносабати билан фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлар, янгидан ташкил этилаётган иқтисодий судлар ваколатларини қайта кўриб чиқиш, шунингдек судларнинг апелляция ва кассация инстанциялари қуйи турувчи суднинг қарорини ўзгартирган ёки бекор қилган тақдирда ишни янгидан кўриб чиқишга юбормасдан туриб, якуний қарор чиқариш бўйича ваколатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилишини ва киритилишини таъминласин. 

15. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан биргаликда бир ой муддатда янгидан ташкил этилаётган судларнинг жойлаштирилишини таъминласин. 

16. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги: 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Адлия вазирлиги ва Мудофаа вазирлиги билан биргаликда тегишли судларнинг харажатлар сметаси ва штат жадвалларининг тасдиқланиши ва рўйхатдан ўтказилишини, шунингдек ҳарбий судларни таъминлаш учун ажратиладиган пул маблағларининг қисқаришини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг харажатлар сметасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини таъминласин; 

Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармасининг кузатув кенгаши билан биргаликда янгидан ташкил этилаётган судлар, шунингдек Олий суд ҳузуридаги Департамент ва унинг ҳудудий бўлимлари жойлаштирилиши, мебель, компьютер техникаси ва алоқа воситалари билан жиҳозланиши ҳамда хизмат кўрсатувчи ходимларини таъминлаш учун зарур бўлган молиявий маблағларнинг Жамғарма ҳисобидан ажратилишини таъминласин; 

ушбу Фармонни амалга ошириш билан боғлиқ сарф-харажатлар 2017 йилда ажратилсин, 2018 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида молиялаштириш учун зарур бўлган бюджет маблағлари ажратилишини назарда тутсин. 

17. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан биргаликда уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий судини ушбу Фармон вазифалари ва талабларига мос келадиган маъмурий бинога жойлаштириш бўйича таклифлар киритсин. 

18. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Олий суд билан биргаликда уч ой муддатда судлар фаолиятида замонавий технологиялардан фойдаланиш ҳолатини танқидий ўргансин ҳамда суд тизими фаолияти самарадорлигини ва аҳолининг одил судловга эришиш даражасини оширишга қаратилган ахборот тизимлари ва ресурсларини янада такомиллаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар Дастурини тасдиқлаш ҳақидаги тегишли ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин. 

19. Мазкур Фармонда назарда тутилган чора-тадбирларнинг самарали, сифатли ва ўз вақтида бажарилишини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ–4947-сонли “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони билан ташкил этилган Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича Комиссия зиммасига юклансин. 


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                             Ш.Мирзиёев 


Тошкент шаҳри, 2017 йил 21 февраль 

 

* * *
 
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон 
Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан 
такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш 
чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига
 
ШАРҲ
 

Суд тизимининг босқичма-босқич демократлаштирилиши, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий тамойилга қатъий риоя этилиши мамлакатда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлар орасида марказий ўринни эгаллайди. 

Жумладан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, уларнинг одил судловга эришиш даражасини, суд иш юритувининг самарадорлиги ва сифатини ошириш, номзодларни танлаш ва судьялик лавозимига тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишлари сифатида мустаҳкамланди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши қайд этилган вазифаларни амалга оширишдаги муҳим қадам бўлиб, мазкур соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди. 

Фармонга мувофиқ, номзодларни танлаш ва судьялик лавозимига тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, судьяларнинг мазкур жараёндаги иштирокини кенгайтириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш учун масъул бўлган органнинг мақоми ҳамда ваколатларини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди. 

Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамияти органи сифатида суд ҳокимиятининг мустақиллиги ҳақидаги конституциявий принципга риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади. Судьялар олий кенгаши унинг таркибида Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдимномасига биноан Сенат томонидан тасдиқланадиган Кенгаш раиси ва кўпчиликни ташкил этувчи судьялар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги малакали мутахассислар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган 20 нафар аъзодан иборат бўлади. Судьялар олий кенгашининг 13 нафар аъзоси доимий, 8 нафар аъзоси эса жамоатчилик асосида ўз фаолиятини амалга оширади. 

Судьялар олий кенгашига судьялик лавозимларига малакали мутахассислар орасидан очиқ ва шаффоф танлов асосида судьялар корпусини шакллантириш, судьялар дахлсизлиги бузилишини ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш, номзодлар ва судьяларнинг касбий тайёргарлигини ташкил этиш, аҳоли билан мулоқотни йўлга қўйиш вазифалари юклатилган. 

Судьялар олий кенгашига Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди судьялари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раисларидан ташқари барча судьяларни Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда лавозимларга тайинлаш ва лавозимлардан озод этиш бўйича ваколатлар ўтказилмоқда. 

Суд амалиётини тизимли таҳлил қилиб бориш, уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш бўйича тадқиқот маркази сифатида ўзгартирилмоқда. 

Фармондаги яна бир аҳамиятли жиҳат – Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судининг фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилиши бўлди. Ушбу ислоҳот суд тизимини бошқаришдаги бир-бирини такрорловчи функцияларни бартараф этишга ҳамда ягона суд амалиётини шакллантиришга олиб келади. 

Суд ҳокимияти икки олий органининг параллел фаолият юритиши қонун ҳужжатлари талабларини бир хилда қўлланишини таъминлай олмади, бир-бирига ўхшаш масалалар юзасидан турлича қарорлар қабул қилинишига олиб келди. 

Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган янги суд тизимининг шакллантирилиши алоҳида аҳамият касб этади. 

Илк маротаба давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан фуқароларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқининг конституциявий кафолатларини амалга оширишни таъминлашга хизмат қиладиган Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, туман (шаҳар) маъмурий судлари ташкил этилди. 

Ҳозирги кунга қадар давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятларни кўриб чиқиш Фуқаролик ва Хўжалик процессуал кодексларига мувофиқ фуқаролик ишлари бўйича судлар ва хўжалик судлари томонидан, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ жиноят ишлари бўйича судлар томонидан амалга оширилаётган эди. 

Эндиликда ушбу тоифадаги ишлар янги ташкил этилаётган маъмурий судлар томонидан кўрилади. Шу билан бирга, маъмурий ишларни кўриб чиқишнинг процессуал тартибини белгилаш, давлат органлари фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга оширишнинг замонавий тартиб-таомилларини жорий этишга қаратилган “Маъмурий суд иши юритуви тўғрисида”ги ва “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунлар лойиҳалари ишлаб чиқилади. 

Замонавий талаблардан келиб чиқиб, шунингдек тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Фармон билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари тегишли иқтисодий судлар этиб ўзгартирилди. Бунда, мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти ва тадбиркорлик субъектларининг ортиб боришини ҳисобга олган ҳолда туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилмоқда. 

Туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларини ташкил этиш зарурати хўжалик судларининг фақат вилоят даражасида фаолият кўрсатганлиги билан боғлиқдир. Айрим туманлар суд биносидан узоқ масофада жойлашганлиги сабабли тадбиркорлар даъво аризасини берган пайтдан низо судда кўриб чиқилгунига қадар вилоят марказига бир неча маротаба қатнашга мажбур бўлаётган эди. Бу эса уларнинг моддий харажат ва ортиқча вақт сарфлашларига сабаб бўлаётган эди. 

Умуман олганда, ташкил этиладиган маъмурий ва иқтисодий судлар жойлашуви узоқ ҳудудларда истиқомат қиладиган фуқароларнинг, шу жумладан тадбиркорларнинг суд ҳимоясига эришиш даражасини оширади. 

Суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципига риоя қилиш, судларни моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш масалаларини мустақил ҳал этиш мақсадида Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ташкил этилди ва унга судларни моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш, судлар фаолияти учун зарур шароитларни яратиш, меҳнат шароитларини яхшилаш, судьялар ва суд аппарати ходимларини моддий ва ижтимоий таъминлашни ташкил этиш вазифаси юклатилди. 

Ҳарбий судларнинг штат бирликлари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди тизимига ўтказилиши муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ваҳоланки, ҳарбий судьяларнинг Мудофаа вазирлиги штатига киритилганлиги ушбу вазирлик ижро ҳокимияти органи ҳисобланиши туфайли суд ҳокимияти мустақиллигининг, унинг фаолиятини ташкил этишнинг асосий тамойилларига мувофиқ келмайди. 

Фармонда судлар фаолияти самарадорлигини ошириш ва суд кадрлари захирасини тайёрлаш учун судлар тузилмасига судья ёрдамчиси, судья катта ёрдамчиси лавозимларини киритиш назарда тутилди. 

Судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, суд тизими самарадорлиги ва фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ҳукумат томонидан ушбу йўналишдаги амалий чора-тадбирлар Дастури тасдиқланиши зарурлиги белгиланди. 

Таъкидлаш жоизки, Фармонда назарда тутилган талабларни амалга ошириш бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Хўжалик процессуал, Фуқаролик процессуал кодексларига, “Судлар тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни талаб этади. 

Умуман олганда, Фармонда одил судлов соҳасидаги замонавий талаблар ва халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг суд тизимини такомиллаштириш ва мақбуллаштириш бўйича тарихий ўзгаришлар назарда тутилган.

Манба: ЎзА

Поделиться