Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шавкат Мирзиёев: аҳолининг эҳтиёжи, талабидан келиб чиқиб бундай уйларни Тошкент шаҳрининг 10 туманида 10 тадан қуришни режалаштирмоқдамиз
2017-02-03 | Сиёсат
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 3 февраль куни Сергели туманида бунёд этилаётган замонавий кўп қаватли уй-жойлар билан танишди.
Юртимиздаги тинчлик ва осойишталик, халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли мамлакатимиз ҳар томонлама ривожланмоқда. Барча шаҳару қишлоқларимизда кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, аҳолининг ҳаёт сифати йилдан-йилга юксалиб бормоқда.
Мустақиллигимиз меъмори Ислом Каримов ташаббуси билан аксарият шаҳарларимиз бош режа асосида қайта қурилди. Тошкент, Нукус, Урганч, Бухоро, Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд, Қарши, Термиз ва бошқа шаҳарларнинг бугунги жамоли бунинг яққол тасдиғидир.
Сергели туманида 2016-2017 йиллар режасига асосан 4284 хонадондан иборат 102 замонавий кўп қаватли уй-жой қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур йирик лойиҳа оилаларнинг турар жойга бўлган эҳтиёжини қондириш имконини яратади. Эътиборлиси, уйлар оилаларга имтиёзли ипотека кредити орқали берилади.
Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида ушбу уй-жойнинг 66 тасини фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Шунингдек, таълим муассасалари, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари ҳам барпо этилади.
Асосий мақсадимиз одамларга қулайлик яратиш, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, деди Президентимиз. Мазкур уй-жойлар тақсимотида адолат мезонига қатъий риоя этилиши керак. Шунда халқимизнинг кайфияти яхши, ҳаётдан рози бўлади. Эртанги кунга ишончи ортади. Аҳолининг эҳтиёжи, талабидан келиб чиқиб бундай уйларни Тошкент шаҳрининг 10 туманида 10 тадан қуришни режалаштирмоқдамиз.
Президентимиз мутасадди раҳбарлар ва мутахассисларга мазкур иншоотларни бугунги кун талабларига тўла жавоб берадиган пухта лойиҳалар асосида қуриш, уларни энг замонавий инфратузилмалар билан таъминлаш бўйича зарур тавсиялар берди.
Манба: ЎзА