Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Акмал Саидовнинг Наманган вилояти сайловчилари билан учрашуви
2015-02-19 | Сиёсат
Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Акмал Саидов Наманган вилояти сайловчилари билан учрашди.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган округ сайлов комиссиясининг раиси Ғ.Ортиқов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили О.Маматкаримов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Тадбирда Президентликка номзод Акмал Саидов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Номзоднинг сайловолди дастурида миллий ўзликни англаш, миллий ғурур ва қадр-қиммат туйғусини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, миллати, дини, ижтимоий ҳолати ва келиб чиқишидан қатъи назар, Ўзбекистон халқи, барча фуқароларнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш, маҳалла институтини янада такомиллаштириш, унинг ташкилий ва иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг маҳаллий аҳамиятга эга бўлган масалаларни ҳал этишда ҳамда миллий ва маънавий қадриятлар, урф-одат ва анъаналарни қайта тиклаш ва бойитишдаги бевосита иштирокини таъминлашда маҳалланинг ролини янада кучайтириш кенг ўрин олган.
Учрашувда "Миллий тикланиш" демократик партияси Наманган вилоят кенгаши раиси О.Мамадалиев ва бошқалар номзоднинг дастури ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, ушбу дастурда қайд этилган устувор йўналишларни амалга ошириш мамлакатни ижтимоий ривожлантириш, демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Манба: ЎзА