Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Наримон Умаровнинг Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашуви
2015-02-19 | Сиёсат
Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров 18 февраль куни Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашди.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 4-Жиззах округ сайлов комиссиясининг раиси А.Сатторов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Р.Тўйчиев йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Номзоднинг дастурида иқтисодиётнинг истиқболдаги талабларидан келиб чиққан ҳолда, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, таълим тизимини янада ривожлантириш, мутахассисларни тайёрлашда меҳнат бозори эҳтиёжидан келиб чиқиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилган. Олий ўқув юртларининг инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг фан, ишлаб чиқариш ва иқтисодиёт билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, мамлакат таълим тизимининг мутахассисларни мақсадли тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, илм-фан ва таълимга сармоялар, шунингдек, янги технологиялар киритиш масаласи муҳим вазифа экани белгиланган.
Учрашувда "Адолат" СДП Зарбдор тумани кенгаши раиси О.Очилов, Мирзачўл тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси бўлим мудири Х.Абдураимов, Абдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика институти қошидаги "Сайилжой" академик лицейи ўқитувчиси Д.Ҳакимова ва бошқалар Президентликка номзоднинг сайловолди дастури ва унда белгиланган устувор вазифалар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, Президент сайлови кўппартиявийлик ҳамда муқобиллик асосида, демократик тамойилларга мос тарзда ўтаётганини таъкидлади.
Манба: ЎзА