Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Миллий парламентимиз асосчиси хотираси ёд олинди
2017-01-28 | Сиёсат
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллуд топган сана муносабати билан тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Унда депутатлар, парламентнинг қуйи палатаси девони ходимлари, жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Йиғилиш чоғида сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, Ўзбекистон халқи миллий мустақиллигимизнинг 25 йили давомида мамлакатимизда эришилган улкан ютуқларни Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов номи билан бевосита боғлайди. Тақдир унга ўзбек давлатчилигининг асосчиси, миллатнинг отаси бўлишдек тарихий ролни бажаришни, ўтиш даврининг мураккаб шароитларида давлатимизни ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва маънавий ривожлантиришнинг асосий муаммоларини ҳал этишни насиб этди.
Мамлакатимизни ислоҳ қилиш ва демократлаштириш жараёнлари муқаррар ва изчил тус олганлиги, амалга оширилган ислоҳотлар натижасида инсоннинг ўзи ўзгарганлиги, унинг сиёсий ва фуқаролик фаоллиги, онги, теварак атрофдаги барча воқеаларга алоқадорлик туйғуси ўсганлиги, ва ниҳоят, унинг мамлакатимиз келажагига бўлган ишончи ошганлиги давлатчилигимизни қарор топтиришнинг мураккаб тарихий даврида И.А.Каримовнинг мамлакатга раҳбарлиги даврида эришилган энг асосий натижалардан бири бўлди. Моҳиятига кўра, айнан ана шу ўзгаришлар, кишилар онгидаги ва бутун жамиятимиздаги ўзгаришлар мамлакатимизнинг тараққиёт ҳамда юксалиш йўлидан илгарилашини таъминлайдиган қудратли ҳаракатлантирувчи кучга айланди.
Ўзбек давлатчилигининг асосчиси мамлакатимиз сиёсий тизимини ривожлантиришга ҳам улкан ҳисса қўшди. У демократия принципларининг амалга оширилишини таъминлаб, кўп партиялиликни, сиёсий ғоялар ва нуқтаи назарлар рақобатини ривожлантиришнинг изчил тарафдори бўлди.
Миллий парламент тизимининг қарор топиши ва ривожланиши ҳам И.А.Каримов номи билан узвий боғлиқдир. Мамлакатимиз Раҳбарининг
2005 йил 27 январда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисида айтган қуйидаги сўзлари ҳам айни ҳақиқатдир: “Парламент – бу жамият ҳаёти ёрқин акс этадиган кўзгудир. Бинобарин, жамиятимиздаги мавжуд интилишлар, фикрлар ва қарашлар парламент баҳси мунозараларида ўз аксини топмоғи лозим. Фақат ана шундагина парламент халқимизнинг барча орзу-истаклари ва хоҳиш-иродасини, унинг барча эзгу мақсадларини ҳаётга татбиқ этади. Фақат ана шундагина одамлар бундай қонунчилик ҳокимиятига ишона бошлайдилар”.
Мамлакатимиз Биринчи Президентининг миллий қонунчилигимиз қарор топиши ва ривожланишига қўшган ҳиссаси беқиёсдир. У демократик талабларга ва халқаро мезонларга тўлиқ жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳақли равишда муаллифи ҳисобланади ва Конституция ҳаётга татбиқ этилишининг ҳақиқий кафолатчиси бўлди.
Биринчи Президентимиз томонидан 2010 йилда таклиф этилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” таркибининг ўзидагина ижтимоий ҳаётни демократлаштириш ҳамда либераллаштиришни таъминловчи 40 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббуси илгари сурилган.
И.А.Каримов ўзининг серқирра сиёсий фаолияти ва олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдирди. У ёрқин, буюк шахс ва давлат арбоби сифатида нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳон ҳамжамиятида ҳам юксак ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлди ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.
Йиғилишда таъкидландики, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг хотирасини абадийлаштириш ишига ўз ҳиссасини тизимли асосда қўшиб боради, Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг муқаддас Ватанимиз тарихида тутган ролини ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказиш борасидаги фаолиятини давом эттиради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси