Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳаракатлар стратегиясининг ижтимоий масалаларга оид йўналишлари муҳокама марказида бўлди
2017-01-24 | Сиёсат
Шу йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон ХДП партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида “Халқ ичига кириб бориб, одамлар билан мулоқот қилиш – инсон манфаатларини таъминлашнинг муҳим омили” номли маърузасининг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, фракция олдида турган устувор вазифалар депутатларнинг диққат марказида бўлди.
Таъкидландики, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида биринчи ташрифини қорақалпоқ заминидан бошлагани муҳим аҳамиятга эга. Бу албатта давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга, қорақалпоқ халқига бўлган юксак ҳурмат-эътиборидан далолат беради.
Фракция аъзоларининг фикрича, ушбу минтақада яшаётган аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган кенг кўламли ишлар, унинг дардини эшитиш муаммоларини ҳал қилишга қаратилган дастурлар ишлаб чиқиш ва ижросини қатъий назоратга олиш тўғрисидаги сўзлари “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да белгиланган вазифаларнинг яна бир амалий ижроси сифатида намоён бўлади. Сўзга чиққан фракция аъзолари, Президентнинг мазкур ташрифи республиканинг салоҳиятини янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшади деб ишонч билдиришди.
Таъкидландики, Давлатимиз раҳбари ташриф давомида оддий одамлар билан учрашгани, оилаларга кириб, уларнинг турмуш шароитлари билан яқиндан танишгани, ташкилот ва корхоналарда бўлиб, таълим, тиббиёт соҳасидаги хақиқий ахволга эътибор қаратгани ва ижтимоий, иқтисодий, қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар бўйича аниқ тавсиялар бергани Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари учун ёрқин ибратдир. Шу муносабат билан, 1-10 февраль кунлари депутатлар жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганишга чиққанларида партиянинг дастурий ҳужжатларида белгиланган аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, оила ва маҳалла институтларига эътибор қаратиш, аёллар ва ёшларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш каби бир қатор муҳим масалаларга эътибор қаратишлари лозимлиги таъкидланди.
Кун тартибидаги навбатдаги масала 2017-2021 йилларда “Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича “Ҳаракат стратегияси” ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан ишлаб чиқилган Давлат дастури лойиҳалари тўғрисида ҳам фракция аъзолари ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Жумладан, сўзга чиққанлар, “Ҳаракатлар стратегияси”ни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг бирламчи вазифаси ва бош устувор йўналиши ҳисобланишини таъкидладилар.
“Ҳаракатлар стратегияси” беш босқичда, келгуси беш йилда юртимизда йилларга бериладиган номлардан келиб чиққан, ҳар бир йил бўйича давлат дастурлари қабул қилинишини назарда тутган ҳолда, амалга оширилади.
Ушбу муҳим ҳужжатларнинг катта ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эканлигини инобатга олиб, ҳар бир фракция аъзоси уларни чуқур таҳлил қилиб, махсус тузилган ишчи гуруҳга умумлаштириш учун таклифлар тақдим қилиниши тўғрисида келишиб олинди.
Кун тартибига киритилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2016 йилдаги фаолияти тўғрисидаги масала ҳам фракция аъзолари томонидан қизғин муҳокама қилинди. Ҳисобот даврида Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилган 62 та қонун лойиҳасидан 19 таси маъқуллаш учун Олий Мажлис Сенатига юборилди ва қабул қилинди. Шу жумладан 33 та қонун лойиҳасини ўз ичига олган 3 та жамланма қонун, шунингдек халқаро шартномаларни ратификация қилишни назарда тутувчи 2 та қонун ҳам Сенатга юборилди. Ўзбекистон ХДП фракцияси ташаббусига кўра Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Алимовнинг «Аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш ҳамда тиббий тусдаги мажбурий чора-тадбирларни қўллашнинг ҳолати тўғрисида»ги ахбороти эшитилди.
Қонунчилик палатаси фаолиятида эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда айрим камчилик ва нуқсонлар ҳам борлиги айтиб ўтилди. Хусусан, қабул қилинаётган қонунларнинг таъсирчанлигига, самарадорлигига, шунингдек жойларда уларнинг ижроси ҳолатига депутатлар эътиборини кучайтириш, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва назорат тадбирларини ўтказиш чоғида эксперт гуруҳларини фаол жалб этиш, депутатларимиз қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан самарали фойдаланиши лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, фракция аъзолари томонидан Қонунчилик палатасига киритилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тўғрисида ҳамда “Банкротлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳалари биринчи ўқишда кўриб чиқилди ва маъқулланди.
Йиғилиш якунида муҳокама этилган барча масалалар юзасидан фракциянинг қарори қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси