Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳаракатлар стратегияси лойиҳаси – фракция муҳокамасида
2017-01-24 | Сиёсат
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ҳамда экспертларининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар Стратегияси” лойиҳаси муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Эътироф этилганидек, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий давлатчилигимиз пойдевори мустаҳкамланди, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини рўёбга чиқариш бўйича улкан ишлар амалга оширилди ҳамда мамлакатимизни модернизация қилиш бўйича энг муҳим устувор йўналишларни рўёбга чиқариш ишлари тубдан янгича қиёфа касб этмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилни Ўзбекистонда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилингани юртимизда инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларининг ҳимоя қилинишини кучайтиришда муҳим омил бўлиши алоҳида таъкидланди. Бунда, айниқса, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони лойиҳасининг ишлаб чиқилганлиги инсон манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги янги қадам бошлаб берилганлигидан далолат беради. Ушбу лойиҳага кўра, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” лойиҳаси тайёрланди ҳамда у умумхалқ муҳокамасига қўйилди.
Шунингдек, 2017 йил – «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилингани муносабати билан 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурига киритилган тадбирлар тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш ва назорат қилиш, ҳаракатлар стратегиясини 2018–2021 йилларда амалга ошириш бўйича тегишли йиллик Давлат дастурлари лойиҳаларини тайёрлаш муҳимлиги йиғилиш иштирокчилари томонидан таъкидлаб ўтилди.
Йиғилишда мазкур лойиҳанинг ишлаб чиқилиши ва такомилига етказилишида Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳамда унинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан илгари сурилган кўплаб таклифлар инобатга олинганлиги партия ҳамда унинг депутатлик корпуси олдига катта масъулият юклаши таъкидланди.
Хусусан, Ҳаракатлар стратегияси лойиҳасида давлат бошқаруви ва давлат хизмати тизимини марказлаштиришдан чиқариш, давлат-хусусий шерикликнинг замонавий механизмларини жорий этиш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, маҳалла институтининг жамият бошқарувидаги ўрни ва фаолияти самарадорлигини ошириш, оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётнинг энергия ва ресурс сарфини қисқартириш, ишлаб чиқаришга энергия тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳолининг, энг аввало, ўрта махсус ва олий ўқув юртлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, олий таълим муассасаларига қабул квоталарини босқичма-босқич кўпайтириш, илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш каби вазифаларнинг ўрин олганлиги унинг амалга оширилишида партиянинг барча даражадаги ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳларини янада фаол ишлашга, ташаббускор ва фидойи бўлишга ундаши қайд этилди.
Шунингдек, фракция аъзолари «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурига киритилган Ўзбекистон Республикаси меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан амалга ошириладиган ишлар ва қонун лойиҳалари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини ва таклифлари билдириб ўтдилар. Жумладан, парламент назорати, сиёсий партиялар ва Омбудсман тўғрисидаги қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, давлат ва хусусий шериклик, давлат хизмати ҳамда давлат бошқаруви асослари тўғрисидаги, жамоатчилик назорати ва маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда фракция аъзолари билан бир қаторда партия экспертлари ҳам фаол иштирок этиши зарурлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, фракция аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада оширишга қаратилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан учрашиш ва мулоқот қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида белгиланган вазифаларни ҳам кўриб чиқдилар. Унда давлат раҳбари томонидан айниқса, ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантириш борасида давлат бошқаруви ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари зиммасига юклатилган вазифалар ижросини назорат қилишда партия депутатлик корпусининг фаол иштирокини таъминлаш юзасидан ўзаро фикр-мулоҳаза алмашилди.
Тадбир якунида Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳамда унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг 2017-2021 йилларга мўлжалланган бешта устувор йўналиш бўйича ривожланиш Ҳаракат Стратегияси” асосида амалга оширилиши лозим бўлган асосий фаолият йўналишлари юзасидан аниқ мақсадли вазифалар белгилаб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси