Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Замонавий ахборот технологиялари ривожида Ҳаракатлар стратегиясининг аҳамияти
2017-01-24 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Интернет тармоғидаги Қонун хужжатларининг таъсирини баҳолаш тизими порталида муҳокама учун жойлаштирилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар Стратегиясига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган семинарда ушбу хужжат лойиҳаси мамлакат ахборот маконининг замонавий холати, уни ривожланишининг истиқболли йўналишларини хисобга олиниши, ахборот ва сўз эркинлиги, фаолиятнинг очиқлигини таъминловчи қоидалар унинг таркибига қўшилганлиги холатлари мос равишда ўз аксини топганлиги нуқтаи назаридан кўриб чиқилди. Семинар ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ахборот сохаси амалиётчилари ва олимлар, ОАВ ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этдилар.
Семинар иштирокчилари ҳаракатлар Стратегияси матнини муҳокама этиш давомида, ушбу хужжат мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожланиши учун муҳим аҳамият касб этишини қайд этиб ўтишди. Стратегия таркибига ҳаётимизнинг барча сохаларини либераллаштириш ва мамлакатни модернизациялаш бўйича устивор йўналишларини рўёбга чиқаришга, жамият ва давлатнинг тезкор ва ҳар томонлама ривожланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратишга, мамлакатимизда ўтказилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини тубдан оширишга йўналтирилган тизимли ва комплекс чоралар қўшилган. Шу билан бирга Стратегия лойихаси Ўзбекистон Республикасининг ахборот сохасини, жамоатчилик коммуникация тизимини ривожлантиришга қаратилган бир қатор муҳим тадбирларни ҳам ўз ичига олган.
Жумладан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш борасида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури (кейинги ўринларда - давлат дастури) билан тасдиқланадиган давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устивор йўналишлари қаторида жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний манфаатлари, хуқуқ ва эркинликларига дахлдор бўлган ахборотни тақдим этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш каби мухим вазифалар асосланган холда акс эттирилган.
Семинарда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтиришга, ижтимоий ҳаётни демократлаштириш бўйича фаолиятнинг муҳим йўналиши сифатида журналистларнинг профессионал фаолиятини ҳимоя қилишга, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга ва уларни давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш субъектлари сифатида иштирок этиши учун кенг жалб қилишга қаратилган таклиф ва тавсиялар айтиб ўтилди. Миллий ОАВ фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ва комплекс чора-тадбирларни жадаллаштириш учун меъёрий-хуқуқий асосни шакллантирувчи қоидаларнинг Стратегия матнида акс эттириш лозимлиги бўйича таклифлар берилди.
Семинар иштирокчилари томонидан тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли учун давлат хизматларини кўрсатиш сифатини ва улардан кенг фойдаланиш имкониятини, самарадорлигини ошириш, “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш бўйича вазифаларнинг Стратегияда акс эттирилиши муҳим эканлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу билан бирга, семинар иштирокчилари ушбу Стратегия суд-хуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш ва қонун устиворлигини таъминлашнинг муҳим йўналиши сифатида судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш жарёнларини жадаллаштиришга, шунингдек миллий иқтисодиётимизни либераллаштириш ва ривожлантириш борасида замонавий АКТдан фойдаланишга жамиятни йўналтириши лозим деб таъкидладилар.
Миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва хавфсизликни таъминлаш, шунингдек мамлакатимизнинг мувозанатли, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсатини амалга ошириш сохасидаги устивор йўналишлар сифатида Стратегияга ахборот сохасидаги тахдидларга ўз вақтида ва мос равишда қарши курашишга, ахборотни мухофаза қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қоидаларни киритиш мухимлигини тадбир иштирокчилари қайд этиб ўтдилар.
Стратегияда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича белгиланган вазифаларнинг самарали амалиёти сифатида давлат органларининг “очиқлик индекси” - ахборот очиқлигини баҳолаш ва мониторинг ўтказиш бўйича жамоатчилик институтлари фаолияти алохида кўрсатиб ўтилди.
Жамоатчиликнинг ахборотдан фойдаланиш имкониятини, аҳолининг коммуникация тизимлари ва Интернет тармоғидан кенг фойдаланишини таъминлаш БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган 2030 йилгача барқарор ривожланишнинг муҳим устивор мақсадларидан бири эканлигини инобатга олган ҳолда, ушбу вазифаларни шунингдек, ишлаб чиқилаётган Стратегиянинг ахборот ва коммунал-мухандислик инфратузилмасини, уй-жой қурилишини ривожлантириш қисмида акс эттириш тадбир иштирокчилари томонидан таклиф этилди.
Тайёрланаётган Стратегиянинг матнини такомиллаштириш юзасидан ўтказилган тадбир якунлари бўйича ишлаб чиқилган бир қатор долзарб таклифлар хужжатнинг якуний версиясини тайёрлашда ишлатиш учун белгиланган тартибда юборилишига келишиб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси