Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида

2015-02-11 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш, мамлакат иқтисодиёти тармоқлари ва соҳаларида замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини, "электрон ҳукумат" тизими ҳамда ахборот тизимларини жадал татбиқ этиш, телекоммуникация инфратузилмасини ва маълумотларни узатиш тармоқларини модернизация қилиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташкил қилинсин.

Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг барча мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг асосий вазифалари ҳамда фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳасида, "электрон ҳукумат"ни жорий этишда ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, ахборот технологияларини ривожлантиришнинг жаҳон даражасидан келиб чиққан ҳолда миллий ахборот-коммуникация тизимини татбиқ этиш ва ривожлантириш юзасидан комплекс дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш ва модернизация қилиш, шу жумладан, Интернет тармоғига кенг полосали уланишни кенгайтириш, телефон алоқаси, телевидение ва радиоэшиттиришнинг рақамли тизимларига тўлиқ ўтишни таъминлаш, алоқа ва телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятни, шунингдек, радиочастотали спектрдан фойдаланишни давлат йўли билан бошқариш, лицензиялаш ва назорат қилиш борасидаги функцияларни амалга ошириш;

"электрон ҳукумат"ни татбиқ этиш, вазирликлар, идоралар, компаниялар ва уюшмаларнинг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ахборотлаштириш ва интерактив давлат хизматларини такомиллаштириш борасидаги фаолиятини идоралараро мувофиқлаштириш, мониторинг қилиш, баҳолаш ва назорат қилиш бўйича давлат дастурларининг амалга оширилишини таъминлаш, шунингдек, давлат ахборот ресурслари ҳамда маълумот базаларини шакллантириш, сақлаш ва фойдаланишнинг ягона тизимини вужудга келтириш, идоралараро ахборот тизимларини яратиш ва бошқариш;

Интернет тармоғининг миллий сегменти янада шакллантирилишини таъминлаш, мамлакатимизнинг турли йўналишлардаги замонавий веб-ресурсларини, шу жумладан, аҳолининг, хусусан, ёш авлоднинг ахборотга бўлган ва интеллектуал талаб-эҳтиёжларини қондириш мақсадида тармоқ ресурсларини ривожлантириш учун зарур техник ва қулай шарт-шароитларни яратиш;

рақобатдош дастурий маҳсулотларнинг мамлакатимизда ишлаб чиқарилишини ва ички бозорини ҳамда уларга кўрсатиладиган хизматларни ривожлантиришга кўмаклашиш ва унинг мувофиқлаштирилишини таъминлаш, иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларида ва истеъмолчиларда замонавий дастурий маҳсулотлар, ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларини жорий этиш;

ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва коммуникация тармоқлари, дастурий маҳсулотлар, ахборот тизимлари ва ресурсларини ҳимоя қилишнинг замонавий технологияларини татбиқ этиш чора-тадбирларини амалга ошириш, ахборот ресурсларини ҳимоя қилиш бўйича техник инфратузилмани янада ривожлантириш;

замонавий коммуникация воситалари соҳасида илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилиш, дастурий маҳсулотлар, ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва ахборот-коммуникация технологияларининг бошқа соҳаларида шундай ишларни ташкил этиш;

алоқа, ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, устувор лойиҳаларни амалга ошириш, радиочастоталик спектрдан самарали фойдаланиш учун ҳамда вазирлик фаолияти доирасига кирувчи бошқа йўналишлар бўйича хорижий инвестицияларни жалб этиш.

3. Қуйидагилар белгилаб қўйилсин:

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари вазирликлар, идоралар, компаниялар, уюшмалар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади;

вазирликлар, идоралар, компаниялар ва уюшмаларнинг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг раҳбарлари ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича комплекс дастурларнинг ўз вақтида ва тўла-тўкис амалга оширилиши, "электрон ҳукумат" хизматлари ва ахборот тизимлари жорий этилиши учун шахсан жавобгар бўладилар;

иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда интерактив давлат хизматлари татбиқ этилиши даражаси, самарадорлиги ва сифатига баҳо бериш натижалари вазирликлар, идоралар, компаниялар, уюшмалар, йирик корхоналар ва бирлашмалар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг эгаллаб турган лавозимларига муносиб эканликларини кўриб чиқиш учун асос бўлиб ҳисобланади.

4. Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги фаолиятини ташкил қилиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини ўрнатилган тартибда тасдиқлаш учун киритсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида" 2012 йил 16 октябрдаги ПФ-4475-сонли Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин, 4, 5 ва 8-бандлари бундан мустасно.

6. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М.Мирзиёев зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов
Тошкент шаҳри, 2015 йил 4 февраль

Манба: ЎзА

Поделиться