Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фаоллик ва ташаббускорлик зарур
2015-01-28 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган йўналишлар ҳар томонлама чуқур ўрганилди.
Партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Ҳ.Кетмонов ва бошқалар давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси барча соҳаларда ислоҳотларни изчил ривожлантиришда муҳим босқични бошлаб берганини таъкидлади. Бу миллий сайлов тизимини жаҳон андозаларига мос тарзда такомиллаштириш, сиёсий партиялар учун имконият ва ҳуқуқлар яратиб берилганида ҳам яққол ўз ифодасини топмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг парламент палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида сиёсий партиялар жамият манфаатини ифодаловчи қонун лойиҳалари, ижтимоий-иқтисодий дастурлар яратилишида фаол иштирок этиши зарурлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ўз сайловчилари билан иш олиб боришни кучайтириш, қонунларнинг жойлардаги ижроси, қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ишларига доир ҳуқуқий-норматив ҳужжатларни такомиллаштириш жараёнида фаол бўлишга катта эътибор қаратиши зарурлиги таъкидланди. Бу борада фракция аъзолари ва партия экспертлари ўз профессионал даражасини доимий ошириб боришга эътибор қаратиш муҳимдир.
Тадбирда семинарлар, конференциялар, давра суҳбатларини тегишли экспертлар ҳамда турли соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда ташкил этишга эътибор қаратиш, ишлаб чиқилаётган ва қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан янада самарали фойдаланиш даркорлиги қайд этилди.
Манба: ЎзА