Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Президенти сайлови мамлакатимизнинг эртанги тақдирида ҳал қилувчи аҳамиятга эга
2016-12-04 | Сайлов
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш, илмий-техник салоҳиятни ривожлантириш, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кенгайтириш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Бугун бу улуғ ишлар катта ғайрат-шижоат билан изчил давом эттирилаётгани учун ҳам мамлакатимизни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, маҳсулот сифатини ошириш ва унинг экспортбоплигини таъминлашга эришилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида илм-фан соҳаси вакиллари ҳам фаол иштирок этиб ўзлари муносиб билган номзодни сайламоқда. Илм-фаннинг турли соҳаларида ўз мактабини яратган, наинки мамлакатимиз, балки жаҳонда ҳам таниқли, кўзга кўринган олимларимиздан айримлари билан онлайн боғланиб, Президент сайловидаги таассуротлари билан қизиқдик.
– Мамлакатимизда илм-фан тараққиёти учун барча имконият ва замонавий шарт-шароит яратилгани самарасида ўзбек генетика мактаби халқаро илмий майдонда мустаҳкам ўрин эгаллади, бу борада фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларимиз кўлами кенгайди, – дейди Жаҳон фанлар академияси аъзоси, Ўзбекистон Геномика ва биоинформатика маркази директори, профессор Иброҳим Абдураҳмонов. – Мамлакатимиз фермерлари бир неча йилдан буён ген-нокаут усулида яратилган ғўза навларидан мўл ва сифатли пахта ҳосили олмоқда, мазкур янгилик дунё олимларида катта қизиқиш уйғотгани рост. Бугунги Президент сайлови билан давлатимизнинг эртанги тараққиёт стратегияси белгилаб олинар экан, бу ўзбек илм-фани ривожи учун ҳам янги уфқлар очиши шубҳасиз. Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 93-сайлов участкасида аҳоли гавжумлиги ва фаоллиги, одамларнинг юз-кўзидаги қувонч, ёшларнинг катталарга ҳурмат-эътиборини кўриб, бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.
Ўзбекистон Қаҳрамони, навоийшунос олима, профессор Суйима Ғаниева 84 ёшда. Тошкент шаҳри Миробод туманидаги 215-сайлов участкаси вакиллари онахоннинг уйига сайлов қутисини олиб бориб, овоз беришни ташкил этди.
– 1991 йил менга қўшалоқ байрам улашган: Алишер Навоий йилида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов жасорати билан халқимиз мустақил яшаш ҳуқуқини қўлга қиритган, барча навоийшуноснинг орзуси – улуғ бобомизнинг дастхатини топиб келиш менга насиб этган. Бунда эзгу бир ҳикмат кўраман, – дейди С.Ғаниева. – Бугун сайловда мамлакатимизда айнан Алишер Навоий орзу қилган «қуёшлиқ истаб», «касби камол эт»адиган, яъни ҳар ишда баркамолликка интилиб яшайдиган инсонлар янада кўпайишини, ўз ҳаётини «улуснинг навобахши бўлиш»га бахшида этадиган ёшлар сафи кенгайишини ният қилиб овоз бердим.
– Дунёнинг энг ривожланган давлатларидаги сайловларни мунтазам кузатиб бораман. Бу галги Ўзбекистон Президенти сайлови ҳам қонунларимиз ва халқаро демократик тамойилларга мос очиқ, ошкора ўтмоқда, – дейди Ўзбекистон Фанлар академияси Биоорганик кимё институти директори, профессор Аббосхон Тўраев. – Ҳозиргина Юнусобод туманидаги 608-сайлов участкасида ўзим муносиб топган номзод учун овоз бердим, сайловга келган маҳалладошлар билан гурунглашдик. Халқимиз янги давлат раҳбари Биринчи Президентимиз Ислом Каримов асос солган мустақил, барқарор ва қудратли давлатимизни янада юксак тараққиёт сари бошлашини ният қилмоқда. Барча соҳа вакиллари сингари биз олимлар ҳам бунда камарбаста бўламиз.
– Мустақиллик ёшларимиз учун барча соҳада, хусусан, илмий йўналишда ҳам ўз истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариш учун кенг йўл очди, шулар туфайли 27 ёшимда техника фанлари номзоди бўлдим, – дейди ЎзФА «Физика-Қуёш» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси директори ўринбосари Жасур Аҳадов. – Инсониятнинг келгуси ҳаёти қайта тикланувчи энергия манбаларига боғлиқ бўлиб турган ҳозирги пайтда Ўзбекистонда қуёш энергетикасини ривожлантириш борасида кенг қамровли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизнинг эртанги тараққиёти, халқимиз ҳаётининг янада фаровон бўлишида бугунги муҳим воқеа – Ўзбекистон Президентлигига энг муносиб номзодни сайлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Қарийб 600 халқаро кузатувчилар, халқаро ташкилотлар вакиллари, етакчи экспертлар бу сиёсий жараённи бевосита кузатиш учун мамлакатимизга келгани ҳам бугун бутун дунё нигоҳи Ўзбекистонга қаратилганининг исботидир. Бугун эрта тонгда Олмазор туманидаги 246-сайлов участкасида овоз бериш жараёнида бунга яна бир бор амин бўлдим. Халқимиз давлатимиз раҳбарлигига муносиб номзодни танлаб овоз бераркан, бу, аввало, ўзининг, оиласининг эртанги тақдири учун муҳим аҳамият касб этишини теран англамоқда.
Манба: ЎзА