Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Рақамли технологияга асосланган телеканаллар қамрови кенгаймоқда
2016-12-02 | Технологиялар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 17 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида рақамли телевидениега техник ва технологик ўтишга доир Давлат дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, рақамли телевидиниега ўтиш телекўрсатувларни тайёрлаш ва тарқатиш жараёнига замонавий телевизион ускуна ва медиатехнологияларни мунтазам жорий қилиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Айни кунда мамлакатимизда аҳолини рақамли телеузатиш сигналлари билан қамраб олиш даражаси 79,5%ни ташкил этмоқда. 2016 йил охирига қадар юртимиз бўйлаб яна 10 та рақамли телесигнал узаткичлари ўрнатилиб, Республика аҳолисининг 88 фоизига рақамли телеканалларни кўриш имкони яратилади.
Шу кунга қадар Республикамиз ҳудудларида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибига кирувчи 12 та телевизион ҳамда радиоканаллар узатилиб келинган бўлса, 2016 йилнинг 1 декабридан бошлаб юртимиз аҳолисининг рақамли сигналлар билан таъминланган қисми тўлиқ рақамли технология асосида узатилувчи «Миллий ТВ» ҳамда «Узрепорт ТВ» телеканалларини ҳам томоша қилиш имконига эга бўладилар. Ушбу телеканаллар рақамли телевидениенинг сўнгги технологияси бўлган DVB-T2 стандартига кўра олиб узатилади.
Шу мақсадда Ўзбекистоннинг қуйидаги ҳудудларида янги радиотелевизион стансиялар ўрнатилган:
- Қорақалпоғистон Республикасининг Манғит тумани;
- Навоий вилоятининг Навоий, Зарафшон шаҳри, Учқудуқ шаҳарлари;
- Жиззах шаҳри;
- Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон, Нуробод туманлари;
- Тошкент вилоятининг Чорвоқ, Қуёшли ҳудуди;
- Бухоро вилоятининг Олот тумани;
- Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри;
- Наманган вилоятининг Чодак, Чуст, Нуробод ҳудудлари;
- Фарғона шаҳри;
- Тошкент шаҳри.
Шунингдек, Фарғона водийси (Фарғона, Чодак, Чуст, Нуробод)да ўрнатилган рақамли телесигналлар узатиш стансияларида ТВ-дастурларни узатишда анъанавий стандартдан бир неча маротаба сиғимдор бўлган DVB-T2 стандартининг жорий этилиши ҳисобига бу ерда узатилувчи телевизион дастурлар сони ошиб, аҳоли энди қўшимча пуллик теледастурлар пакетини ҳам сотиб олиши мумкин бўлди.
Юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам аҳолига рақамли телеканалларни кўриш имкониятини яратиш бўйича техник ишларни амалга ошириш давом этмоқда. Айтиш жоизки, мамлакатимизда рақамли телевидениега икки босқичда, яъни 2012-2015 ва 2016-2017 йилларда ўтиш кўзда тутилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги