Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хейла Хамад Аль-МЕКЕИМИ: Ўзбекистонда Президент сайлови халқаро андозаларга мос келади
2016-12-01 | Сайлов
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиш учун мамлакатимизга келган Кувайт Ахборот вазирлиги Давлат котибининг ёрдамчиси Хейла Хамад Аль-Мекеими хоним билан учрашув бўлиб ўтди.
Меҳмонга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси И.Абдуллаев мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва сайлов қонунчилигига сайлов жараёнини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш бўйича киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг иш тартиби, партиялар фаоллиги ҳамда оммавий ахборот воситаларини эркинлаштириш борасидаги янгиликлар ҳақида сўзлаб берди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Кувайт ўртасидаги ҳамкорлик янада ривожланиб, ўзаро манфаатли алоқалар мустаҳкамланиши ҳар иккала давлат учун муҳимлиги қайд этилди.
– Президент сайлови мамлакатингиз истиқболи, иқтисодий-маънавий тараққиётининг бардавомлигини белгилаб беришда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Хейла Хамад Аль-Мекеими хоним. – Сайлов жараёнида жаҳоннинг қирқ олти мамлакати ва қатор халқаро ташкилотлардан кузатувчилар қатнашаётгани Ўзбекистонга бўлган улкан қизиқиш ва эътиборнинг амалий ифодасидир. Биз сиёсий жараёндаги барча баҳс-мунозара, мулоқот ва ахборотларни тезкорлик билан аҳолига етказишга хизмат қилаётган пресс-клубда бўлиб, номзодларнинг сайловолди дастурлари билан яқиндан танишдик. У ерда партиялар аъзолари ўртасида ўзаро ҳурмат билан ўтказилаётган баҳс-мунозараларнинг гувоҳи бўлдик. Сайловолди кампаниясининг юқори даражада ташкил этилгани одамларга муносиб номзодни танлашга ёрдам бериши билан бирга, Президент сайлови жараёнининг эркин, очиқ ва ошкора ўтаётганидан дарак беради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси