Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Парламентнинг янгиланган веб-сайтига бағишланган тақдимот ўтказилди
2016-11-25 | Технологиялар
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг янгиланган расмий веб-сайти (www.parliament.gov.uz)нинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Унда янги талқиндаги сайтнинг ўзига хос янгиликлари, сайловчи ва депутат ўртасидаги он-лайн мулоқот шакллари, парламентнинг жамоатчилик билан алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим жиҳатларга асосий эътибор қаратилди.
Тадбирда давлат бошқаруви соҳаси, бизнес ва фуқаролик жамияти институтлари ходимларида жонли қизиқиш ўйғотган ушбу тадбирда ахборот соҳаси мутахассислари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборот хизматлари раҳбарлари, ОАВ вакиллари, интернет-журналистлар, блогерлар ва бошқалар иштирок этишди.
Маърузачилар шуни алоҳида қайд этишдики, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, шунингдек жамоатчилик фикрини инобатга олиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси фаолиятининг асосий тамойилларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли, жамоатчиликни парламент фаолияти билан кенг хабардор қилиш, фуқаролик жамияти институтлари билан ахборот алмашишни таъминлашнинг самарали тизимларини яратиш мақсадида мамлакатимиз парламенти томонидан ўз фаолиятининг очиқлиги даражасини ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш борасида тизимли ва изчил ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон миллий парламенти фаолиятининг очиқлигини таъминлаш билан боғлиқ кенг қамровли ишлар, унинг интернет тармоғидаги расмий веб-сайтининг фаолият кўрсатиши орқали амалга оширилмоқда. Интернет тармоғи миллий сегментининг энг фаол ташриф буюрилувчи ахборот ресурсларидан бири сифатида Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайти фойдаланувчиларни мамлакатимиз олий қонунчилик органи фаолиятининг кўплаб йўналишлари тўғрисида атрофлича хабардор қилиб боради, парламентнинг жамоатчилик билан алоқани йўлга қўйишнинг самарали механизми хисобланади.
Тадбирда маърузачилар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг янгиланган талқинда ишлаб чиқилган веб-сайтининг ўзига хос вазифа ва хусусиятларини таништирар эканлар, эндиликда замонавий технологик платформада яратилган, ўзбек, рус ва инглиз тилидаги шаклларига эга, янги талқиндаги сайт кенг миқёсдаги фойдаланиш имкониятларини тақдим этади.
Янги таҳрирдаги веб-сайтнинг жорий қилиниши Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан амалга ошириладиган ишлаб чиқариш жараёнлари: ахборот-маслаҳат таъминоти; Қонунчилик палатаси депутатлари фаолиятини қўшимча ахборотлар билан таъминлаш хизматларини кўрсатиш; Қонунчилик палатасидаги фракциялар, депутатлик гуруҳлари, қўмиталар, депутатлар ва жамоатчилик, шунингдек экспертлик бирлашмалари ўртасида электрон мулоқотни амалга ошириш учун шароитлар яратиш; Қонунчилик палатаси ва унинг таркибий бўлинмаларининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ва ҳалқаро фаолияти тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш самарадорлигини ошириш имконини беради.
Сайт таркибида муҳим ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга қонун лойиҳаларини эълон қилишга мўлжалланган алоҳида бўлим назарда тутилган. Сайтдан фойдаланувчилар қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари бўйича ўзларининг таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдириш, шунингдек электрон мунозараларда иштирок этиш имкониятига эга бўладилар.
Сайтнинг янгиликлар лентаси Палата, унинг фракциялари ва қўмиталари томонидан ўтказилаётган ўта муҳим тадбирлар тўғрисидаги янгиликлар бўлимини ўзида мужассам этган. Сайтда депутатлар томонидан тайёрланган таҳлилий, шарҳли ва ахборот берувчи мақолалар кенг тақдим этилган. Сайт фойдаланувчилари депутатларнинг мамлакатимизда ва унинг ташқарисида юз бераётган муҳим воқеаларга муносабатлари билан доим танишиб боришлари мумкин. Сайт сайлов округларида депутатлар томонидан амалга ошириладиган турли режалар асосидаги ишлар тўғрисида хабардор қилади, шунингдек депутат учрашувларида иштирок этиш истагини билдирганлар учун ўз вақтида керакли ахборотларни тақдим этади.
Қонунчилик палатасида ўтказилган тадбирлар тўғрисидаги муҳим фото ва видео материалларни тақдим этувчи “фото” ва “видео” галереялар бўлими шубҳасиз фойдаланувчилар учун жуда қизиқарли бўлади.
Янги ишлаб чиқилган веб-сайт смартфонлар орқали фойдаланиш учун қулайликни оширувчи мобил версиясига эга. Кўзи заиф шахсларнинг веб-сайтдан фойдаланишлари учун ўзига хос хусусиятлар хисобга олинган.
– Фойдаланувчиларга янгиланган веб-сайт орқали тақдим этилаётган кенг қамровли янги имкониятлар, шубҳасиз парламентнинг фуқаролик жамияти билан самарали мулоқот ўрнатишга, ҳамда депутатларнинг ўз сайловчилари олдида хисобдорлиги механизмларини ривожлантиришга ва бу ўз навбатида мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг янада ривожланишига имкон яратади” – деб таъкидлади ўз чиқишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Эркин Халбутаев.
Шунингдек, у жамият ва давлат қурилишининг турли соҳаларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш бу замон талаби эканини таъкидлаб, бундай шароитда миллий парламент давлат хокимиятининг вакиллик органларида ахборотлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича фаол сиёсат олиб бораётганини, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, давлат органларининг жамоатчилик институтлари олдида хисобдорлиги тамойиллари намуналарига содиқлигини намойиш қилаётганини, жамият ҳаётига дахлдор муҳим қарорларни қабул қилиш жараёнларига фуқароларни жалб қилишнинг шаффоф механизмларини яратишдан манфаатдор эканини қайд этиб ўтди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси