Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фарғона вилоятида инвестиция дастури доирасида 105 лойиҳа амалга оширилди
2016-11-05 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг ўтган даврида Фарғона вилоятида ҳудудий инвестиция дастурига мувофиқ 123 миллиард сўмлик 105 истиқболли лойиҳа амалга оширилди.
Мамлакатимизда иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, саноатни жадал ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида маҳаллий ва хорижий сармояларни жалб этган ҳолда ишлаб чиқаришни кенгайтириш, корхоналар экспорт салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Фарғона вилоятида ҳам хориж капитали иштирокида кўплаб ишлаб чиқариш объектлари ишга туширилмоқда.
– Мамлакатимизда қулай инвестиция муҳити яратилгани жойларда хорижлик сармоядорлар иштирокида ишлаб чиқариш субъектлари ташкил этиш, аҳолини иш билан таъминлаш, энг муҳими, халқимиз фаровонлиги муттасил ошиб боришида муҳим омил бўлмоқда, – дейди Фарғона вилояти ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо бошқармаси бошлиғи Р.Сулаймонов. – Жорий йилнинг 9 ойида инвестиция дастури доирасида 11 ишлаб чиқариш лойиҳаси учун 154,2 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилди. 11 қўшма корхона ташкил этилиб, 16 миллион долларлик тўғридан-тўғри инвестиция йўналтирилди.
Инвестицияларнинг асосий қисми енгил саноат, электротехника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва кимё саноатига тўғри келмоқда. Биринчи Президентимизнинг 2015 йил 4 мартдаги “2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари дастури тўғрисида” фармони асосида йирик корхоналарда 296,6 миллион долларга тенг бўлган 18 инвестиция лойиҳаси белгиланган бўлиб, айни пайтда бу борада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Яқинда иш бошлаган Фарғона шаҳридаги “Fergana oseana textile” Ўзбекистон – Таиланд қўшма корхонаси ана шулардан биридир. Корхонада 15 миллиард сўмликдан зиёд қурилиш-реконструкция ишлари бажарилди. Таиланд компанияси билан тузилган ҳамкорлик шартномасига асосан хориждан 6 миллион евролик пахтани қайта ишловчи ва ип-калава ишлаб чиқарувчи замонавий жиҳозлар келтириб, ўрнатилди.
Жамиятда йилига 3 минг 600 тонна пахта хомашёсини қайта ишлаш ва сифатли, рақобатбардош ип-калава ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Маҳсулотлар Европа давлатлари, Россия ва Хитойга экспорт қилинади.
"Индорама Қўқон текстиль" хорижий корхонасида йигирув корхонаси ташкил этиш (IV-босқич)", “Ҳумо тўқимачи”, “Булут текстиль”, “Бешариқ тўқимачи” масъулияти чекланган жамиятларида ҳам янги лойиҳаларнинг амалга оширилиши туфайли ишлаб чиқариш ҳажми ошди, кўплаб янги иш ўринлари яратилди.
Қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳам ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Буларнинг барчаси шаҳар ва қишлоқларимиз ободлиги, халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Манба: ЎзА