"Infolib – 2016" V Миллий ахборот-кутубхона ҳафталигида илғор тажрибалар ўрганилмоқда
Бувайда Бойматова Ангрен шаҳридаги тиббиёт коллежида ахборот-ресурс марказининг раҳбари бўлиб ишлайди. Кутубхона ишига илғор технологияларни жорий этишда "Infolib – 2016" V Миллий ахборот-кутубхона ҳафталигида олган билимлари унга ғоят асқотмоқда.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида давом этаётган ушбу тадбир Бувайда опа сингари кўплаб кутубхона мутахассисларининг эътибори ва қизиқишини ўзига жалб этмоқда.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 20 мартдаги “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси – ахборот-ресурс маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ кутубхона тузилмаси янгиланди. Унинг бўлимлари ва хизмат кўрсатиш иши такомиллаштирилиб, вазифалар кўлами кенгайтирилди. Бу замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда аҳоли, айниқса, ёшларнинг билим олиши, маънавий-маърифий, маданий эҳтиёжларини ҳар томонлама қондиришига ёрдам бермоқда.
Маърифат масканида фойдаланувчиларга жаҳон андозалари даражасида хизмат кўрсатиш учун кенг имкониятлар яратилган. Жумладан, 800 ўринли 13 ўқув залига замонавий асбоб-ускуналар ва техник воситалар ўрнатилиб, Wi-Fi тизими йўлга қўйилган.
“Ўзбекистон”, “Адолат”, “Истиқбол”, “Жаҳон”, “Тафаккур” ўқув залларида ташкил қилинган очиқ фондлар китобхонлар учун яратилган энг қулай шароитлардандир. Фонднинг очиқ тарзда жойлашуви ўқувчиларга ўзига зарур бўлган китобларни бемалол излаш ва буюртма бериш, шунингдек, кутубхона фондига янги олинган китоблар билан яқиндан танишиш имконини беради.
Фойдаланувчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида бир қатор техник лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, интерактив онлайн хизмати, “Нодир нашр ва қўлёзмалар маълумот базасини яратиш, сақлаш ва аниқ тақдим қилиш жараёнини автоматлаштириш”, “Миллий кутубхонанинг ягона базаси асосида китоб ва журналларнинг статистик ҳисоботини автоматлаштириш”, “Диссертация ва илмий ишларнинг ягона базаси”, “Шахсий кабинет”, “Имиж каталог” дастурлари шулар жумласидандир.
Бугун Миллий кутубхона мамлакатимиздаги барча ахборот-кутубхона муассасалари учун мувофиқлаштирувчи ва услубий марказ вазифасини ўтамоқда. Кутубхона ҳузурида ташкил этилган Республика услубий кенгаши кутубхоналар фаолиятига ахборот-коммуникация технологиялари, алоҳида кутубхоналар учун намунали низомлар, услубий-библиографик қўлланмалар ва бошқа мақсадли ҳужжатларни янада кенг жорий этишга доир тавсияларни ишлаб чиқмоқда.
– Янги технологиялар ахборот-кутубхона масканлари учун улкан имкониятларни очиб бермоқда, – дейди Тошкент шаҳридаги 94-мактабнинг ахборот-ресурс маркази раҳбари Муҳаббат Темирова. – Илғор технологиялар имкониятларидан янада кенг ва унумли фойдаланиш, зиё масканларига ёшларни тобора кенгроқ жалб этиш, улар учун турли қизиқарли маърифий тадбирларни ташкил этишни янада пухта ўзлаштиришда мазкур ҳафталикнинг аҳамияти ғоят катта бўлмоқда.
Ҳафталик доирасида ташкил этилган ўқув-семинарларда ахборот-кутубхона муассасаларининг ривожланиши, китобларни сақлашда ахборот-кутубхона марказларининг роли, турли вазирлик ва идоралар, ўқув даргоҳлари ахборот-кутубхона масканларининг ўзаро ҳамкорлиги каби масалалар атрофлича муҳокама этилди.
Манба: ЎзА