Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Бизнесни юритиш 2017” халқаро рейтингида Ўзбекистон 87-ўринни эгаллади
2016-10-26 | Иқтисодиёт
Тадбиркорликни ривожлантириш ва уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг устувор йуналишларидан биридир.
Жорий йилнинг 25 октябрида эълон қилинган Жаҳон банкининг “Бизнесни юритиш 2017: бошқарув сифатини ва самарадорлигини баҳолаш” ҳисоботига кўра, Ўзбекистон дунёнинг 190 давлати ичида 87-ўринни эгаллаб, ўтган йилдаги мавқеини сақлаб қолди. Жаҳон банки экспертлари ҳисоботнинг 10 индикаторидан 5 тасида Ўзбекистон позициясини яхшилаган.
Тадбиркорлик субъектларини интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказишнинг соддалаштирилган тартибини амалиётга жорий этиш ва “ягона дарча” тизимини янада такомиллаштириш туфайли корхонани рўйхатдан ўтказиш бўйича сезиларли ўсиш қайд этилди (25-ўрин, 17 поғонага ўсди).
Таъкидлаб ўтиш керакки, сўнгги йилларда бизнесни ташкил этиш тартиб-таомилларини тубдан соддалаштириш бўйича олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида бугун Ўзбекистонда одамлар ўз бизнесини очиш учун Швейцариядагидан – 1,8 марта, Германиядагидан – 1,9 марта, Япония ва Россиядагидан – 2 марта, Исроилдагидан – 2,2 марта, Греция ва Испаниядагидан – 2,3 марта, Ҳиндистондагидан – 4,7 марта, Хитойдагидан – 5,5 марта ва Бразилиядагидан – 14,5 маротаба кам вақт сарфламоқда.
Рейтингдаги яна бир муҳим яхши кўрсаткич электр тармоғига уланиш йўналиши бўйича қайд этилди (83-ўрин, 29 поғона юқори), бу электр энергиясини етказиб бериш барқарорлигининг ўсиши ва электр энергиясига бўлган тарифларни шакллантиришнинг очиқ-ошкоралиги билан боғлиқдир.
Замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш, акциядорлар ҳуқуқлари ва ролини ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар “Миноритар инвесторларни ҳимоялаш” кўрсаткичи бўйича мамлакатимиз рейтингининг сезиларли даражада яхшиланишига ҳисса қўшди (70-ўрин, 18 поғонага ўсиш). Акциядорлик жамиятлари тўғрисидаги ахборотларнинг ошкоралик даражасини ошириш ва акциядорлик капиталига эгалик қилиш тизимини янада такомиллаштириш орқали миноритар инвесторлар ҳуқуқларини кучайтиришга қаратилган янги нормалар ва механизмларнинг жорий этилиши ушбу йўналишдаги рейтингнинг яхшиланишига хизмат қилди.
2016 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари фаолиятини ташкил этиш ва тадбиркорларни жалб этмаган ҳолда ваколатли органлар ўртасида ўзаро электрон ахборот алмашинуви тизимини янада такомиллаштириш эвазига мулкни рўйхатга олиш бўйича мамлакатимиз рейтинги яхшиланди (75-ўрин, 12 поғона юқори).
Таъкидлаш жоизки, жорий йил бошидан мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларида “ягона дарча” марказлари фаолият бошлади. У ерда тадбиркорларни рўйхатга олиш, уларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш, қурилишга рухсат бериш, турар жойни нотурар жойга қайта расмийлаштириш ва бошқа рухсатномаларни расмийлаштириш каби давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Ўтган давр мобайнида “ягона дарча” марказлари томонидан тадбиркорларга 76 мингдан ортиқ хизматлар кўрсатилди.
Давлат хизматлари кўрсатишнинг “ягона дарча” тамойилининг жорий этилиши туфайли давлат органларига тадбиркорлик субъектларидан бошқа давлат ташкилотларида мавжуд бўлган ҳужжатлар ва ахборотни, шу жумладан, солиқ қарздорлиги ёки коммунал тўловлар бўйича қарзларнинг мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномаларни, шунингдек, таъсис ҳужжатларини, лицензиялар ва рухсат берувчи тусдаги ҳужжатлар нусхаларини талаб қилиш ман этилди.
Танлов асосида ер участкаларини ажратишнинг янги механизмининг жорий этилиши ва қурилишга рухсат бериш соҳасидаги қонунчиликни изчил такомиллаштириб борилиши бу йўналишда ҳам мамлакатимиз рейтингини янада яхшилаш имконини берди (147-ўрин, + 4 позиция).
Амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли ер майдонларини ажратиш, қурилишга рухсат бериш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш тартиблари сезиларли даражада соддалаштирилиб, уларнинг ошкоралиги ошди. Натижада Жаҳон банкининг охирги ҳисоботида Ўзбекистон 2015-2016 йилларда ер бошқарув сифатини оширган дунёдаги 17 мамлакат қаторига кирди.
Янги ҳисоботга мувофиқ, тадбиркорлар учун солиқ юки даражаси 38,1 фоизни ташкил этиб, бу АҚШ, Германия, Франция, Италия, Австрия, Чехия, Испания, Греция, Япония, Хитой, Ҳиндистон, Россия ва шу каби қатор мамлакатлар кўрсаткичидан анча пастдир.
Ўзбекистон корхонани рўйхатдан ўтказиш (25-ўрин), шартномалар ижросини таъминлаш (38), кредитлаш тизими (44), миноритар инвесторларни ҳимоялаш (70), мулкни рўйхатдан ўтказиш (75) ва электр тармоқларига уланиш (83) йўналишлари бўйича дунёнинг дастлабки 100 мамлакати қаторидан жой олди.
“Бизнесни юритиш 2017: бошқарувнинг сифати ва самарадорлигини баҳолаш” ҳисоботи Жаҳон банки гуруҳи йиллик нашрининг 14-сони ҳисобланиб, унда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш соҳасидаги тартибга солиш нормалари баҳолаб борилади.
Тадбиркорлик фаолияти учун қулай шароит яратиш бўйича жаҳон рейтингини Янги Зеландия бошқармоқда. Шунингдек, энг кучли бешталикдан Сингапур, Дания, Гонконг (Хитой) ва Корея Республикаси жой олган.
Манба: ЎзА