Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон – БМТ: тинчлик ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик
2016-10-21 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг жорий йил сентябрь ойида ўтган 71-сессияси мажлиси олдидан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовни ёд этиш маросими бўлди. Давлат раҳбарлари, сиёсатчилар, дипломатлар ва БМТ вакиллари буюк Йўлбошчимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 193 мамлакатни бирлаштирган энг йирик халқаро тузилма. Бош Ассамблея унинг энг асосий органи. Бош Ассамблея мажлисларида бутун дунё элитаси йиғилади, иштирокчилар ва тадбирлар кўплигидан ҳар бир сония ҳисобли бўлади. Шу боис унинг кун тартибига энг муҳим, халқаро аҳамиятга молик масалалар киритилади.
Биринчи Президентимиз ана шундай ҳурмат-эътиборли, бутун дунё учун қадрли улуғ давлат арбоби эди. Мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, миллатлар ва динлараро тотувликни таъминлабгина қолмай, бошқа давлатларни ҳам шунга ундар эди. Ҳар доим хавф-хатарларни аввалдан сезиб, уларнинг олдини олиш йўлларини кўрсатиб берар, тинчлик ва барқарорлик учун жон куйдирарди. Минтақавий ва халқаро масалаларда БМТ ҳужжатларидаги ҳуқуқий меъёрларга риоя қилиш, турли зиддиятларни фақат тинч, сиёсий йўл билан ҳал этиш зарурлигини таъкидлар эди.
Бу – дунёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида тузилган БМТнинг асосий фаолиятига ўзига хос таянч ва қувват бўлди. Буни юқорида қайд этилган Бош Ассамблея йиғилишида БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ҳам алоҳида таъкидлади. “Ўзбекистон раҳбари раҳнамолигида минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга улкан ҳисса қўшилди. Ислом Каримов ташаббуси билан Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этилгани жаҳон ҳамжамиятининг муҳим ютуқларидан бири бўлди”, деди у.
Афғонистон муаммосини тинч йўл билан ҳал қилишга қаратилган “6+2” мулоқот гуруҳини ташкил этиш, Орол муаммоси оқибатларини бартараф этиш, халқаро терроризм, экстремизм, наркотик моддалар ва қурол-яроғларнинг ноқонуний савдосига қарши курашиш борасидаги таклиф ва саъй-ҳаракатлар бутун минтақа манфаатларига хизмат қилди.
Биринчи Президентимиз Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 1999 йилги Истанбул саммитида БМТ ҳузурида терроризмга қарши курашиш бўйича халқаро марказ ташкил этиш ғоясини илгари сурди. 2001 йил 28 сентябрда БМТ Хавфсизлик кенгаши доирасида терроризмга қарши кураш қўмитасининг ташкил этилиши бу ғоянинг амалдаги натижаси бўлди.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Ўзбекистон БМТга 1992 йил 2 март куни аъзо бўлган. Бугун мамлакатимизда унинг қатор тузилмалари – Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Болалар жамғармаси, Аҳолишунослик жамғармаси, Тараққиёт дастури, Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича бошқармаси, ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури ва бошқа тузилмаларининг ваколатхоналари фаолият кўрсатаётир.
БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ЮНЕСКО билан ҳамкорлик алоҳида эътиборга молик. Мазкур ташкилот юртимиздаги тарихий обидалар, қадимий шаҳарлар, ёзма ва оғзаки халқ ижодиёти, умуман, ўзбек халқининг бой меросига катта эътибор билан қарайди. Ўзаро ҳамкорликда ҳар икки йилда “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ўтказилади. Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Тошкент, Қўқон, Термиз шаҳарларидаги кўплаб обидалар ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. 2014 йил май ойида “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуида халқаро конференция ўтказилган.
БМТ Аҳолишунослик жамғармаси – ЮНФПА 1993 йилдан буён мамлакатимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, юқумли касалликлар профилактикасига кўмаклашиш каби ишларга ҳисса қўшиб келмоқда. БМТ Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни эмлаш, мактабгача таълим муассасалари ва мактабларда тиббий маданиятни ошириш, соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда.
Мамлакатимизда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти – ЮНВТО билан ҳамкорликда қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Самарқандда ЮНВТОнинг Буюк ипак йўлидаги минтақавий маркази фаолият кўрсатмоқда. Ўзаро ҳамкорликда халқаро сайёҳлик ярмаркалари, анжуманлар ва семинарлар ташкил этиб келинмоқда. 2014 йил октябрь ойида Самарқандда ўтказилган БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси туризм индустрияси ривожида муҳим қадам бўлди.
Ўзбекистон БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАОга 2001 йилда аъзо бўлган. 2014 йил 6 июнда Тошкентда мазкур ташкилот ваколатхонаси очилган. Мамлакатимизда ФАО билан ҳамкорликда сувни тежаш ва сув ресурсларини бошқариш бўйича мутахассислар тайёрланиб, замонавий технологиялар жорий этилмоқда. Ерга ишлов бериш, селекция ва уруғчилик, чўлланиш ва ер емирилишига қарши курашишнинг илғор услублари ҳаётга татбиқ қилинмоқда. Бунинг натижасида ғаллачилик, пахтачилик, чорвачилик, боғдорчилик ва бошқа соҳаларда маҳсулот ҳажми ва сифати ошмоқда.
Мамлакатимизда Оролбўйини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган “Орол денгизи қуришининг оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйида экотизимлар ҳалокатининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастури” БМТ Бош Ассамблеяси 68-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида қабул қилинган. 2014 йил октябрь ойида Урганч шаҳрида бўлиб ўтган “Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” мавзуидаги халқаро конференция Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қўллаб-қувватлангани ҳам Ўзбекистон ва БМТнинг интилишлари муштарак, саъй-ҳаракатлари ҳамоҳанг эканидан далолат беради.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2010 йил апрель ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Пан Ги Муннинг мамлакатимизга ташрифи чоғида ШҲТ ва БМТ котибиятлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Қўшма декларация имзоланди. Бу ҳужжат дунёдаги икки йирик халқаро тузилманинг алоқаларига асос бўлиб келмоқда.
2015 йил июнь ойида мамлакатимизга яна бир бор ташриф буюрган БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Ўзбекистон Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, таълим тизимини такомиллаштиришда улкан ютуқларни қўлга киритганини алоҳида қайд этди. Бу муваффақиятларнинг барчаси мамлакатимизда амалга оширилаётган, инсон манфаатларига йўналтирилган барқарор ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарасидир.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ўзбекистон билан муносабатларга алоҳида эътибор қаратиши бежиз эмас. Чунки Ўзбекистон ҳар қандай вазиятда ҳам тинчлик, барча муаммоларни тинч ва сиёсий музокаралар йўли билан ҳал этиш тарафдори, ҳамкорлик ташаббускоридир. Бундай эзгу сиёсат изчил давом эттирилмоқда, умумий тараққиётга хизмат қилмоқда.
Манба: ЎзА