Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Она ва бола соғлом бўлса, жамият барқарордир
2016-10-21 | Жамият
Пойтахтимизда «Перинатал аудит перинатал тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш воситаси» мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси билан ҳамкорликда ташкил этган тадбирда мамлакатимиз олимлари ва шифокорлари ҳамда Латвия, Молдова, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа мамлакатлардан етакчи мутахассислар ва экспертлар иштирок этди.
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Худоёров, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Д.Аҳмедова ва бошқалар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ишлаб чиқилиб, изчиллик билан амалга оширилаётган «Соғлом она – соғлом бола» лойиҳаси оналик ва болаликни тиббий-ижтимоий муҳофазалаш, соғлом ва баркамол авлодни камолга етказиш, халқимизнинг генофондини мустаҳкамлашда юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
Оналар ва болаларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишда тиббиётнинг барча соҳалари, айниқса, перинатология хизматининг ривожи муҳим ўрин тутади. Мамлакатимизда аҳолига бу йўналишда замонавий андозалар даражасида тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ўзига хос тизим яратилган. Республика перинатал маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилиб, янги тиббий технологиялар билан жиҳозланди. Перинатологиянинг долзарб масалаларига оид илмий изланишлар олиб борилмоқда ва илм-фан ютуқларидан тиббиёт амалиётида самарали фойдаланилаётир.
Она ва болага перинатал тиббий ёрдамни ташкил этишда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Ушбу бирламчи тиббиёт муассасаларида патронаж хизмати йилдан-йилга такомиллашаётгани замонавий тиббий ёрдамни аҳолига янада яқинлаштириш, тиббий-профилактика ишлари самарадорлигини оширишга хизмат қилаётир.
Бу йўналишда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасида мустақиллик йилларида республикамизда оналар ўлими 3,2 баробар, болалар ўлими 3,4 баробар камайди. Ушбу кўрсаткичлар бўйича мамлакатимиз БМТнинг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришди.
Халқаро анжуманда оналар ва болаларга перинатал тиббий ёрдам кўрсатиш кўламини янада кенгайтириш, бў йўналишда жаҳон тиббиётининг илғор тамойилларини татбиқ этиш хусусида сўз юритилди.
– Бугунги кунда жаҳон тиббиётида перинатология хизматини янада такомиллаштириш билан боғлиқ янги-янги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда, – деди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси вакили Гунта Лаздане. – Перинатал аудит лойиҳаси бунга мисолдир. Туғруққача, туғруқ вақтида ва чақалоқ ҳаётининг дастлабки етти кунида она ва болага замонавий тиббий ёрдамни ташкил этишга йўналтирилган ушбу чора-тадбирлар она ва бола саломатлигини асраш, чақалоқлар ўлимининг олдини олишга хизмат қилаётир. Айтиш жоизки, Ўзбекистонда бу йўналишда илғор тажрибалар тўпланган. Тиббиёт муассасаларингизда жаҳон тиббиётининг замонавий усулларидан самарали фойдаланилаётир. Ушбу халқаро анжуман ана шундай илғор тажрибаларни оммалаштириш, перинатология хизматини ривожлантириш, оналар ва болаларга йўналтирилган тиббий ёрдам сифати ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Халқаро анжуманда аҳолига перинатал тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича Ўзбекистон ва жаҳон тажрибаси, перинатал аудит ўтказиш усуллари, она ва болага тиббий-профилактика ёрдами кўрсатиш, чақалоқларни парваришлаш, репродуктив саломатликни асраш, педиатрия соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, илм-фан янгиликларига оид тақдимотлар намойиш этилди. Перинатал хизматни ривожлантириш, бу йўналишда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илмий-амалий алоқаларни ривожлантириш хусусида фикрлашилди.
Манба: ЎзА