Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш эътиборда
2016-10-03 | Жамият
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунининг Тошкент вилояти ички ишлар идораларидаги ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда депутатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар масъул ходимлари, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимизда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонун бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими қонун асосида ҳозирги замон талабларидан келиб чиқиб янада такомиллаштирилгани бу борадаги ишлар самарасини ошираётир. Тошкент вилояти ички ишлар идоралари тизимида қонун ижроси изчил таъминланмоқда. Ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш борасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига қарийб олти ярим мингга яқин тақдимнома киритилган.
– Вилоятимизда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, – дейди Тошкент вилояти ИИБ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлими бошлиғи Шавкат Файзиев. – Ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, хотин-қизлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, чегара ҳудудларда яшаётган аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳушёрлигини ошириш мақсадида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда учрашувлар ташкил этилаётир.
Тадбирда қонун ижроси доирасида қилиниши зарур бўлган чора-тадбирлар белгиланди.
Манба: ЎзА