Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Иқтисодий салоҳиятдан самарали фойдаланиш зарур
2016-09-28 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бошланган кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Улкан бунёдкорлик ишлари самарасида шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси тубдан ўзгарди, иқтисодий салоҳият сезиларли даражада юксалди, аҳоли фаровонлиги ортди. Бу ютуқлар мамлакатимизнинг шимолий ҳудудларида ҳам яққол кўзга ташланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакатимиз Бош вазири Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, саноат, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида шу йилнинг 28 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятига ташриф буюрди.
Шавкат Мирзиёев мамлакатимизнинг шимолий ҳудудида жойлашган Тахиатош иссиқлик электр станциясида бўлиб, бу ерда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2015 йил 18 июндаги «Тахиатош ИЭСда 230-280 МВт қувватдаги иккита буғ-газ қурилмалари қуриш» инвестиция лойиҳасини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли инвестиция лойиҳаси билан танишди.
Умумий қуввати 730 МВт бўлган 5 энергия блогидан иборат ушбу иссиқлик электр станцияси Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти истеъмолчиларини электр энергияси билан таъминлашнинг асосий манбаи ҳисобланади. Иссиқлик электр станциясида йилига 3,2 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади ва бунда 1,15 миллиард куб метр табиий газ ёқилади.
Янги инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши нафақат катта ҳажмдаги қимматбаҳо хомашёни тежаш, балки талаб тобора ортиб бораётган электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш имконини ҳам беради. Хусусан, иссиқлик электр станцияси қувватини 230-280 МВтга ошириш ҳисобидан табиий газ истеъмолини 488 миллион куб метрга камайтириш кўзда тутилган.
Бу борадаги ишлар ниҳоясига етказилгач, Тахиатош иссиқлик электр станциясининг умумий қуввати 930 МВтга етади, электр энергия ишлаб чиқариш ҳажми эса 3,3 миллиард кВт/соатдан ошади.
Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрининг бош режаси билан танишди. Суҳбат чоғида замонавий кўп қаватли турар жой бинолари, дам олиш масканлари, сунъий кўллар ва сув ҳавзалари барпо этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Аҳоли учун қулай ва муносиб шароитлар яратиш кўламини янада кенгайтириш лозимлиги таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига сафари давомида пахта далаларида бўлиб, қишлоқ хўжалиги ишларининг бориши билан танишди, Кегейли тумани фермерлари билан суҳбатлашди.
Қорақалпоғистон Республикаси фаоллари билан учрашув бўлиб ўтди. Йиғилиш аввалида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотираси ёдга олиниб, ҳурмат бажо келтирилди. Учрашувда мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг Биринчи Президенти раҳнамолигида ушбу ҳудудда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилгани таъкидланди. Оролбўйи ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани юксак самаралар бермоқда.
Йиғилишда ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ошириш, қисқа муддатда пахта ҳосилини йиғиштириб олиш ва кузги экинларни экиш, ижтимоий объектлар ҳамда уй-жойларнинг куз-қиш мавсумига тайёрлиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ғамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Замонавий, шинам уй-жойлар қуриш, коммунал хизматлар фаолиятини янада такомиллаштириш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш масалалари муҳокама этилди.
Шу куни Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ҳам ташриф буюрди.
Урганч шаҳрида яқин йилларда қурилиши режалаштирилаётган кўп қаватли уйлар лойиҳаси кўриб чиқилди. Қишлоқ жойларда кам таъминланган оилалар учун мўлжалланган муҳандислик-коммуникация, ижтимоий ва бозор инфратузилмаси яратилган якка тартибдаги замонавий, шинам уй-жойлар лойиҳалари ҳам муҳокама этилди.
Шавкат Мирзиёев Қўшкўпир туманида қишлоқ хўжалиги ишларининг бориши билан танишди. Фермерлар билан суҳбатда ер унумдорлигини ошириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинларининг юқори ҳосил берадиган навларини экиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хоразм вилояти фаоллари билан учрашув Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириш билан бошланди. Йиғилишда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳудуднинг экспорт кўрсаткичларини ошириш, истиқболли янги саноат объектларини барпо этиш, ижтимоий инфратузилмани янада яхшилаш борасидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Учрашувда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини ғамлаш, уй-жойлар ва ижтимоий соҳа муассасаларининг куз-қиш мавсумига тайёрлиги, ҳудудда саноат ва иқтисодиётнинг бошқа соҳалари узлуксиз ишлашини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.