Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сайлов жараёнларини ёритиш масалалари муҳокама этилди
2016-09-27 | Сайлов
Тошкентда Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА) ва нодавлат телерадиоузатувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнларини нодавлат оммавий ахборот воситаларида ёритиш масалаларига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда ЎзЭОАВМА бошқаруви аъзолари, Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати, ҳудудий телерадиостанциялар ҳамда лойиҳалар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати раҳбари Н.Нурматов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик сингари демократик тамойилларга мувофиқ ҳолда ўтказилишида оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддаси ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурига мувофиқ оммавий ахборот воситалари сайлов жараёнини кенг ёритади.
Жорий йилнинг 21 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини ёритиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ўртасида битим имзоланди. Унга мувофиқ ЎзЭОАВМА сайлов кампанияси жараёнини ёритиш бўйича ахборотларни тайёрлаш ва эфир вақтининг ажратилишини таъминлаш, сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган ижтимоий ахборот кампанияларини олиб бориш каби қатор вазифаларни амалга оширади.
Йиғилишда ЎзЭОАВМА ва нодавлат телерадиоузатувчиларнинг мазкур битим асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини ёритиш бўйича чора-тадбирлар дастури муҳокама қилинди. Хусусан, нодавлат телерадиоузатувчиларнинг моддий-техник базаси, жумладан, студиялар жиҳозланишини тартибга солиш ва зарур анжомлар билан таъминлаш юзасидан бажарилиши лозим бўлган масалалар кўриб чиқилди.
Манба: ЎзА