Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Экология ва жамоатчилик назорати
2016-09-26 | Экология
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари фаолиятини ташкил этиш масалаларига бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Унда қўмита масъул ходимлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.
Семинарда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида атроф-муҳитни муҳофазалаш билан боғлиқ долзарб вазифаларни ҳаётга татбиқ этишнинг мустаҳкам базаси, ташкилий асослари яратилгани жамиятимизнинг барқарор ривожланишида муҳим омил бўлаётгани таъкидланди. Бу борада қабул қилинган қатор қонунлар ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар соҳадаги фаолиятни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Айни пайтда ушбу масалаларни ҳал этишда давлат органлари билан бирга фуқаролик жамияти институтлари ҳамда маҳалла фаоллари аҳоли орасида кенг тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бормоқда. Бу борадаги устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 27 декабрда қабул қилинган "Экологик назорат тўғрисида"ги қонуни муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.
Мазкур қонунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида мутлақо янги йўналиш – фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳузурида экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари институтини жорий этиш белгиланган. Ушбу соҳада фаолият юритувчи мутахассислар экологик ҳолат ва атроф-муҳитнинг жамоатчилик инспекцияси тизимини шакллантиришга кўмаклашиши, бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш ва мустаҳкамлашга доир таклифлар ишлаб чиқишда бевосита иштирок этиши кўзда тутилган.
Мазкур ўқув-семинардан кўзланган мақсад тингловчиларга экологик назоратнинг жамоатчи инспектори ваколатлари, мажбуриятлари, жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишнинг усул ва йўллари, унинг натижаларини расмийлаштириш, давлат органлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари ҳақида батафсил маълумот беришдан иборат.
Семинарда табиатни муҳофаза қилиш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш борасидаги долзарб масалаларга ечим топиш кўп жиҳатдан аҳолининг экологик билим даражаси ва табиатдан фойдаланиш маданиятига боғлиқ эканлигига эътибор қаратилди. Бу борадаги зарур билимларни ўрганиш, уларга қатъий амал қилиш ва салбий ўзгаришларнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида экологик маданиятни янада ривожлантиришда жамоатчи инспекторларининг ўрни катта эканлиги қайд этилди.
Семинарда “Экологик назорат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва унинг асослари”, “Жамоатчилик экологик назоратининг назарий ва амалий жиҳатлари”, “Ер ресурсларини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида жамоатчилик экологик назорати”, “Чиқиндилар бошқаруви соҳасида жамоатчилик экологик назорати” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Ўқув-семинар давомида амалий машғулотлар олиб борилиб, тингловчиларга атмосфера ҳавосини, сув, ер ресурсларини муҳофаза қилиш соҳаларидаги қонунбузарликларнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйиш каби қатор экологик муаммолар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Манба: ЎзА