Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Замонавий технологиялар, рақобатдош маҳсулотлар намойиши

2016-09-08 | Технологиялар

“Ўзэкспомарказ”да “Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2016” ҳамда “Тўқимачилик саноати – Textile Expo Uzbekistan 2016” халқаро кўргазмалари очилди.

Тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти, Савдо-саноат палатаси, “Осиё рамзи” Ўзбекистон модельерлар ва дизайнерлар уюшмаси кўмагида “ITE-Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияси томонидан ташкил этилди. 

Истиқлол йилларида енгил саноат мамлакатимиз макроиқтисодиёт комплексида муносиб ўрин эгаллади. Ўтган даврда соҳага киритилган хорижий инвестициялар ҳажми 2 миллиард 500 миллион долларни ташкил этиб, бу уч юзга яқин йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш имконини берди. “Янгуан Корпорэйшн”, “Текстиль Техноложис Груп” (Жанубий Корея), “Индорама Корпорэйшн”, “Веригров” (Сингапур), “Ритер”, “Свисс Кэпитал” (Швейцария), “Тойота Цусё Корпорэйшн” (Япония) ва бошқа ўнлаб хорижий компаниялар мамлакатимиз енгил саноати тармоғининг фаол иштирокчиларидир. 

Янги корхоналарни ишга тушириш, мавжуд қувватларни техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилиш, янги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар ишлаб чиқариш ҳажмини муттасил ошириб бориш имконини бермоқда. Ҳозирги кунда мамлакатимизда етиштирилаётган пахта хомашёсини қайта ишлаш ҳажми истиқлолнинг дастлабки йилларидагига нисбатан 7 баробар ортгани бунинг яққол далилидир. 

Мустақиллик йилларида экспорт ҳажми 140 баробар ўсиб, географияси кенгайиб бормоқда. Маҳсулотлар МДҲ ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатлари, Лотин Америкаси давлатлари, АҚШ, Жанубий Корея, Хитой, Сингапур, Эрон ва Исроил сингари анъанавий бозорлар билан бир қаторда Покистон, Грузия, Хорватия, Нигерия каби янги бозорларга ҳам етказиб берилмоқда. 

Ўнинчи “Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2016” ва ўн учинчи маротаба ўтказилаётган “Тўқимачилик саноати – Textile Expo Uzbekistan 2016” халқаро кўргазмалари иштирокчилари кенг таркиби мазкур кўргазмаларни МДҲ ва Марказий Осиёдаги энг эътиборли экспозициялардан бирига айланганидан далолат беради. Жорий йилги кўргазмаларда Хитой, Жанубий Корея, АҚШ, Франция, Германия, Япония, Буюк Британия, Беларусь, Бельгия, Ҳиндистон, Италия, Нидерландия, Россия, Руминия, Туркия, Швейцария каби 22 давлатдан икки юз етмишдан зиёд компания замонавий технологиялари ҳамда маҳсулотларини намойиш этмоқда. 

Мамлакатимиз тадбиркорлик субъектларига дунё тўқимачилик саноатига татбиқ этилаётган энг замонавий технологиялар билан танишиш, етакчи хорижий ишлаб чиқарувчилар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш ҳамда тажриба алмашиш борасида қулай майдонга айланган “Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME” экспозициялари иштирокчилар билан гавжум. Кўргазманинг йигирув ускуналари, калавалаш машиналари, тўқимачилик, тикув, бўяш ва пардозлаш ускуналари бўлимларида тўқув ускуналари, босиш машиналари, пайпоқ автоматлари, компрессорлар, тикув игналари, сифатни назорат қилиш тизимлари, тўқувчиликда қўлланиладиган кимёвий моддалар, буёқлар сингари ишлаб чиқариш жараёни учун зарур жиҳоз ва ашёлар намойиш этилмоқда. 

“CAITME 2016” кўргазмасида етмишдан зиёд компания илк бор иштирок этмоқда. “Beck GmbH” (Германия) тўқув калавалаш ускуналари, “Ima Spa” (Италия) бичув цехлари, “Dalgakiran” (Туркия) ва “Atlas Copco” (Қозоғистон) компрессорлари ташриф буюрувчилар эътиборини тортмоқда. 

– Ўзбекистонда тўқимачилик саноати изчил ривожланмоқда, – дейди “Beck GmbH” компанияси бош менежери Оливер Бек (Германия). – Мамлакатингизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар бугун дунё бозоридаги ўрнини тобора мустаҳкамлаб, рақобатбардошлиги ошиб бормоқда. Мақсадимиз, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш орқали сифатли ва харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ўз ҳиссамизни қўшишдир. 

Жанубий Корея тўқимачилик машинасозлиги тадқиқоти институти (KOTMI) томонидан ягона миллий стендга жамланган Жанубий Корея компанияларининг замонавий ускуналари кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Бу ерда “Worldro”, “Bookwang”, “Leewha”, “Samhwa Machinery”, “Ceratrak”, “DND Machinery”, “Wolrd F.L.Y” сингари табиий ва сунъий толаларни қайта ишлаш бўйича ускуна ва бутловчи қисмларни ишлаб чиқарувчи компаниялар стендлари ўрин олган.

Анъанага мувофиқ “Тўқимачилик саноати – Textile Expo Uzbekistan 2016” кўргазмаси стендларида мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларининг экспортга мўлжалланган юқори сифатли тўқимачилик маҳсулотлари кенг намойиш этилмоқда. Экспозицияда ички ва ташқи бозорларда ўзининг доимий мижозларига эга “Uztex Group”, “Osborn Textile”, “Alkim Tekstil”, “Namangan momiq sochiqlari”, “Orange textile”, “Bofanda”, “Kortex Socks” сингари корхоналар билан бир қаторда “Lorin Textile”, “Ideal Textile Group”, “Orzu-tex”, “Di-ixlos” ва бошқа ишлаб чиқарувчилар илк маротаба қатнашмоқда.

– “ThisOne” савдо белгиси билан кенг турдаги болалар, аёллар ва эркаклар либослари ишлаб чиқаришни йўлга қўйганмиз, – дейди “ThisOne” масъулияти чекланган жамияти бўлим бошлиғи Зулфизар Жуманиёзова. – Ишлаб чиқариш жараёнларига малакали мутахассислар жалб этилгани, замонавий технологияларнинг кенг фойдаланилаётгани самарасида маҳсулотларимиз бозорда ўзининг мустаҳкам ўрнига эга. Бугунги кўргазмаларда стендларимизга катта қизиқиш билдирилаётгани режаларимиз муваффақиятли амалга ошишига ишончимизни мустаҳкамламоқда.

“Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2016” ва “Тўқимачилик саноати – Textile Expo Uzbekistan 2016” халқаро кўргазмалари замонавий технологияларни соҳага кенг жалб этиш ҳамда мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларини янги бозорларга чиқишини рағбатлантириб, пировардида, енгил саноат тармоғини янада ривожлантиришга хизмат қилади. 

Манба: ЎзА

Поделиться