Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистонда оналар ва болалар саломатлигини асраш йўналишида қўлга киритилган ютуқларга барчанинг ҳаваси келади

2016-09-08 | Жамият

Пойтахтимизда мамлакатимизда оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган натижалар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотираси ёдга олинди. 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, БМТ аҳолишунослик жамғармаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида уюштирилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат, жамоат, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, экспертлар, журналистлар иштирок этди. 

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Л.Тўйчиев, БМТ аҳолишунослик жамғармасининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари М.Ябута ва бошқалар Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида ишлаб чиқилиб, амалга оширилаётган «Соғлом она – соғлом бола» миллий модели оналик ва болаликни тиббий-ижтимоий ҳимоялаш, миллат генофондини мустаҳкамлашда юксак самаралар бераётганини алоҳида таъкидлади. 

Истиқлолнинг илк йилларидан бу жабҳадаги ишларни ташкил этишнинг мустаҳкам ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий, ташкилий механизмлари яратилди. Аҳоли, хусусан, оналар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича мукаммал тизим яратилди. 

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 1 августда қабул қилинган «2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида»ги қарори ҳамда «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури асосида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда. 

Оила, оналик ва болалик муҳофазасига оид кенг кўламли лойиҳаларни амалга оширишда давлат ташкилотлари билан бир қаторда нодавлат ташкилотлар ҳам фаол иштирок этаётир. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда ижтимоий шериклик асосида амалга оширилаётган ишлар бунга мисолдир. 

Ушбу лойиҳа доирасида маҳаллаларда саломатлик секторлари ташкил этилиб, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга оид ишлар кучайтирилаётир. Бу жараёнда оиладаги маънавий-маърифий муҳитни мустаҳкамлаш, она ва бола саломатлигига салбий таъсир этаётган омилларни аниқлаш ва бартараф этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ана шундай кенг қамровли чора-тадбирлар натижасида кейинги беш йилда ҳар 100 мингта чақалоққа нисбатан оналар ўлими 23,1 дан 19 тага, 5 ёшгача бўлган болалар ўлими 14,8 тадан 13,9 тага, чақалоқлар ўлими 11 тадан 10,7 тага камайди. Ушбу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон БМТнинг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришди. 

– Оила мустаҳкамлиги, она ва бола саломатлиги инсониятнинг нафақат бугуни, балки эртанги кунини ҳам белгилайдиган муҳим омиллардан биридир, – дейди германиялик эксперт Илона Гросс. – Бироқ дунёнинг кўплаб минтақалари, ҳатто тараққий этган мамлакатларда ҳам бу қадриятларни асрашга етарли эътибор қаратиляпти, деб бўлмайди. Ўзбекистоннинг бу йўналишда қўлга киритган натижаларига барчанинг ҳаваси келади. Мамлакатингизда яратилган замонавий тизим ва имкониятлар келгусида бу ютуқларни янада ривожлантиришга хизмат қилишига ишонамиз. 

– Келажак авлодларнинг саломатлигини таъминлашда оила ва жамиятдаги тиббий маданият муҳим омил ҳисобланади, – дейди «HM Hospitals» клиникасининг бошқарувчи директори Хавьер Каскеро Лара (Испания). – Ўзбекистонда бу борадаги вазифаларни амалга оширишнинг замонавий тизими яратилганига гувоҳ бўлдик. Бу соҳада давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамкорлигида ўзига хос концепциялар амалга оширилмоқда. Инсон омилига асосий эътибор бериш, замонавий тиббий ёрдамни аҳолининг барча қатламига етказиш, оила, она ва бола манфаати устувор этиб белгилангани муваффақиятлар омили бўлмоқда. Мазкур халқаро анжуман ушбу йўналишдаги ютуқ ва тажрибаларни оммалаштириш, тиббиёт ютуқларини кенгайтиришда алоҳида аҳамият касб этади. 

Тадбир иштирокчилари Учтепа туманидаги Журжоний маҳалласи ҳамда 23-оилавий поликлиникада бўлиб, ижтимоий шериклик лойиҳаси доирасида давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан олиб борилаётган ишлар билан танишди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди. 

Манба: ЎзА

Поделиться